Дард ва даво (74): Гуноҳнинг касофати (33) Ғазаб ва шаҳват

0

(Давоми)

(Шайтон ўз ёрдамчиларига бундай дейди:)

Билиб қўйинглар, ғазаб одам боласи қалбидаги чўғ, шаҳват эса унинг қалбидан отилиб чиқувчи ўтдир. Уни сув, намоз, Аллоҳни эслаш ва Уни улуғлаш ўчиради. Одам боласининг ғазаби ва шаҳвати қўзиган пайтда таҳорат ва намозга яқинлаштира кўрманглар. Чунки бу ишлар унинг ғазаби ва шаҳватини сўндиради. Пайғамбарлари уларни мазкур ишларга буюриб бундай деган: «Ғазаб одам боласи қалбидаги чўғ. Ғазабланган одамнинг кўзи қизариб, бўйин томирлари бўртиб чиқишини кўрмаганмисизлар?! Ким шуни (ғазабни ёки шундай ҳолатни) ҳис қилса, таҳорат олсин»[1]. Яна уларга: «Оловни сув ўчиради»[2], деган.

Аллоҳ таоло уларни сизларга қарши курашда сабр ва намоздан мадад олишга буюрди. Бас, уларни бу ишлардан тўсинглар ва уларни унуттиринглар. Ғазаб ва шаҳват ёрдамида уларга қарши курашинглар. Сизларнинг одам боласига қарши ишлатадиган энг кучли ва энг қақшатгич қуролингиз ғафлат ва ҳавои нафсга эргашишдир. Уларнинг сизларга қарши ишлатадиган энг кучли қуроли ва энг мустаҳкам ҳимояси Аллоҳни эслаш ва ҳавои нафсга қарши чиқиш. Агар ҳавои нафсига қарши чиққан кишини кўрсанглар, унинг соясига ҳам яқинлашманглар, кўришинглар билан қочинглар.

(Муаллиф айтади:) Айтмоқчиманки, гуноҳ ва маъсиятлар банда ўзига қарши душмани қўлига топширадиган қуролдир. Шу билан ўз жонига қарши душманига ёрдам беради. Натижада, душмани у берган қурол билан унга қарши жанг қилади. Банда душмани томонга ўтиб олиб, ўз жонига қарши ҳаракат қилади. Бу ўта кетган жаҳолат, эсипастликдир. Жоҳил одамга душман керак эмас, у ўзига душманидан кўра кўпроқ зарар келтиради.

Ҳайрон қоласан киши, банда ўзини хорлаш учун елиб-югиради-ю, лекин ўзини кўкларга кўтаряпман деб даъво қилади. Ўзини энг буюк ва энг шарафли насибалардан маҳрум қилиш учун тиришади-ю, лекин шу насибаларга эришиш йўлида саъй-ҳаракат қиляпман деб даъво қилади. Бор кучини ўзини таҳқирлаш, хорлаш, оёғости қилиш учун сарфлайди-ю, лекин қадримни кўтаряпман, шаънимни олий қиляпман, улуғлаяпман деб даъво қилади.

Салаф солиҳларимиздан бири бундай деган экан: «Ўзини топтаётган қанча одамлар борки, ўзини кўкларга кўтаряпман деб ўйлайди. Ўзини хўрлаётган қанча одамлар борки, ўзини азиз қиляпман деб ўйлайди. Ўз қадрини ерга ураётган қанча одамлар борки, ўзини улуғлаяпман деб ўйлайди. Ўзини зое қилаётган қанча одамлар борки, ўз ҳаққини тўлиқ адо қиляпман деб ўйлайди. Киши ўзига қарши душмани томонда бўлиши унинг жоҳил эканига етарли далил. Бундайлар ўзига душмани етказолмаган зиённи етказади». Бу ҳолатга тушишдан Аллоҳнинг Ўзи асрасин.

 

[1] Термизий (2191), Ибн Можа (4000), Аҳмад (3\19, 11143), Ҳоким (4\551, 8543) ва бошқалар ривояти.
[2] Абу Довуд (4784), Аҳмад (4\226) Бухорий («Тарих», 7\8) ва бошқалар ривояти.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг