Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (24)

0

84 – Жанозани тасвирга олиш

Олдинроқ айтиб ўтганимиздек, Аллоҳ таоло ва Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам охиратни эслаш, ўлимдан ибрат олиш, маййитлар ҳаққига дуо қилиш учун тобутга эргашиш ва қабрларни зиёрат қилишни жорий қилган. Бугун қалблари қотиб кетган, шайтон уларга қилмишларини зийнатлаб қўйган шундай одамлар пайдо бўлдики, жанозага қатнашар эканлар, қўлларидаги ҳар хил суратга олиш жиҳозлари, телефон камералари билан маййитни суратга оладилар. Маййитга жаноза ўқилаётган, қабрига тупроқ тортилаётган пайтда жанозага қатнашаётган кишиларни ибрат ва эсдалик учун тасвирга олишади.

Шайх Ибн Боз айтади: «Саҳиҳ ҳадис тўпламларида, муснад ва сунанларда Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган талай ҳадислар жони бор бўлган ҳар қандай нарсани, хоҳ одам бўлсин, хоҳ бошқа нарса бўлсин, тасвирлаш ҳаромлиги, сурат чизилган пардалар олиб ташланиши, мусаввирлар лаънатланган кимсалар экани, улар қиёматда энг қаттиқ азобланадиган кишилар бўлишига далолат қилади. Бухорий ва Муслим «саҳиҳ»ларида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда[1] Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло дейди: “Мени яратишимга ўхшатиб яратишга уринган кишидан кўра золимроқ ким бор?! (Қани, агар қўлларидан келса), битта дон, битта зарра ёки битта арпа донасини яратсинлар-чи?!”» Ҳадис лафзи Муслимники.

Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни энг қаттиқ азобланадиган кишилар мусаввирлардир», деганлар[2].

Яна «саҳиҳайн»да Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Мана бу суратларни чизаётганлар қиёмат куни азобланадилар. Уларга: “Чизган нарсаларингни тирилтиринглар-чи?!” дейилади»[3]. Ҳадис лафзи Бухорийга оид.

Бухорий «Саҳиҳ»да Абу Жуҳайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қон ва ит сотишдан келган пулдан ҳамда фоҳишалик билан топилган даромаддан қайтардилар. Шунингдек, вашм (татуировка) қилувчи ёки вашм қилдирувчи аёл (ва эркак)ни, рибо олувчи ёки рибо берувчини ва мусаввирларни лаънатладилар»[4].

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: “Ким дунёда бирон сурат яратса, (қиёмат кунида) унга руҳ пуркашга буюрилади. Бироқ руҳ пуркашга қодир бўлмайди”»[5].

Муслим Саид ибн Абул-Ҳасандан нақл қилади: «Бир киши Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ҳузурига келиб: “Мен мана бу суратларни чизган кишиман, булар тўғрисида менга йўл кўрсатинг”, деди. Шунда Ибн Аббос унга: “Менга яқинроқ кел”, деди. Киши яқинлашди. Сўнг унга яна: “Менга яқинроқ кел”, деди. Киши янада яқин келди, ҳатто Ибн Аббос қўлини унинг бошига қўйиб бундай деди: “Мен сенга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганимни хабар бераман. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганларини эшитганман: «Барча мусаввирлар дўзахдадирлар. Улар яратган ҳар бир сурат учун биттадан жон яратилади ва улар бу жонлар билан жаҳаннамда азобланадилар»”. Кейин Ибн Аббос: “Агар бу ишдан тийила олмасанг, дарахт ва шу каби жонсиз нарсалар суратини чизгин”, деди»[6].

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимга кирдилар. Мен токчамга нафис парда тўсиб қўйган эдим. Унда суратлар бор эди. У зот уни кўришлари билан юлиб олдилар ва ранглари ўзгариб: “Эй Ойша! Аллоҳнинг ҳузурида қиёмат куни энг ашаддий азобга учрайдиганлар Аллоҳнинг яратганига ўхшатишга уринганлардир”, дедилар». Ойша онамиз айтади: «Шунда биз уни бўлиб, битта ёки иккита ёстиқ қилиб олдик»[7].

Қосим ибн Муҳаммад яна бир ҳадисни Ойша разияллоҳу анҳодан қуйидагича ривоят қилади: «Мен суратлари бор ёстиқча сотиб олган эдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўргач, эшик олдида туриб қолдилар, ичкарига кирмадилар. Юзларида норозилик пайқадим. “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга ва Расули саллаллоҳу алайҳи ва салламга тавба қиламан! Нима гуноҳ қилдим?” дедим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу ёстиқча қаердан келди?” дедилар. “Уни сиз учун, унда ўтиришингиз ва уни ёстиқ қилиб тутишингиз учун сотиб олдим”, дедим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, ушбу суратлар эгалари қиёмат куни азобланадилар. Уларга: «Яратган нарсаларингизни тирилтиринг!» дейилади”, дедилар ва: “Суратлар бор уйга фаришталар кирмайди”, деб айтдилар»[8].

Муслим Абул-Ҳайёж ал-Асадийдан келтирган ҳадисда у айтади: «Али разияллоҳу анҳу менга бундай деди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мени юборган иш учун сени юбормоқчиман: бирор суратни қолдирмай ўчирасан, бирор кўтарилган қабрни қўймай текислайсан…”»[9].

Бу бобда биз зикр қилмаган бошқа ҳадислар кўп. Юқорида келтирилган ҳамда шу маънодаги бошқа ҳадислар очиқ-ойдин далолат қиладики, жонли нарсаларни тасвирлаш ҳаром ва унга дўзах ваъда қилинган гуноҳи кабиралардан саналади. Бу ҳукм тасвирнинг барча тури учун бирдек тааллуқли, сурат сояли (ҳайкал шаклида) бўладими, соясизми, фарқи йўқ. Тасвир деворда бўладими, парда, кўйлак, ойна, қоғоз ё бошқа нарсада бўладими, ҳукми бир. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам сояли билан соясиз ўртасини ёки пардада бўлган сурат билан бошқа нарсада бўлган сурат орасини ажратмадилар. Балки мусаввирни лаънатладилар, қиёмат куни энг қаттиқ азоб мусаввирларга бўлиши ва барча мусаввирлар дўзахда экани хабарини бердилар. Буни мутлақ айтдилар, ниманидир истисно қилмадилар»[10].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Мусаввирлар лаънатлангани, уларга охиратда азоб ваъда қилингани ҳақида далиллар келган бўлса-да, сурати олинишига рози бўлган кимса ҳам ана шу ҳукм остига киради. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй мўминлар, Раббингиз) китобида сизларга нозил қилдики, агар сизлар Аллоҳнинг оятларига кофир бўлинаётганини ва уларни масхара қилинаётганини эшитсангиз, ўша (кофирлар ва масхараловчи)лар билан то улар (куфр ва истеҳзо сўзидан) бошқа сўзга ўтмагунларича бирга ўтирмангиз. Агар (ана шу ҳолатларида улар билан бирга ўтирсангиз,) сизлар ҳам улар кабидирсиз. Албатта, Аллоҳ таоло мунофиқ ва кофирларнинг ҳаммасини жаҳаннам ўтига жамлагай” (Нисо, 140).

Аллоҳ таоло Самуд қавми қиссасида айтади: “Самуд (қабиласи) итоатсизликнинг чўққисига чиқиш билан (ўз Пайғамбарини) ёлғончига чиқарди. Улар ичидаги (қабиланинг) энг бадбахт кимсаси (туяни сўйиш учун) қўзғалди. Шунда Аллоҳнинг пайғамбари (Солиҳ алайҳиссалом) уларга: «Туяга (бирон ёмонлик етказишдан), суғорилишига (тўсқинлик қилиб, тажовуз қилишдан) ҳазир бўлинглар», деб айтди. Улар пайғамбарни ёлғончига чиқардилар ва туяни сўйиб юбордилар. Шундан сўнг Раббилари уларнинг устига жиноятлари сабабли (азоб-уқубатни) ёпиб, тўнкариб қўйди ва (азобни уларнинг барчасига) баробар қилди. Аллоҳ (таоло уларга туширган шиддатли азоб-уқубатининг) жавобгарлигидан қўрқмайди” (Шамс, 11–15). Абдулвоҳид ибн Зайд айтади: “Ҳасан Басрийдан: «Эй Абу Саид, Абул-Муҳаллаб фитнасига аралашмаган, бироқ қалби билан унга рози бўлган одам ҳақида нима дейсиз?» деб сўрадим. У киши: «Эй жиян, (Солиҳ алайҳиссалом) туясини неча киши сўйган эди?» деб сўради. «Бир киши», деб жавоб бердим. Шунда Ҳасан: «Мана шу розиликлари ва мойилликлари сабабидан бутун қавм ҳалок бўлиб кетмадими?!» деди”. Имом Аҳмад «аз-Зуҳд» китобида ривоят қилган[11].

Бир ишга рози бўлган одам ўша ишни қилган одам билан баробар эканига мазкур икки оят далил бўлади»[12].

Илова: Фотоаппарат ёки видео камера воситасида суратга тушиш ҳадисда лаънатланган мусаввирлик остига кириш ёки кирмаслиги ижтиҳодий масала бўлиб, бу борада замондош уламоларимизнинг ихтилофи бор. Ибн Боз ва Албоний каби баъзи машойихларимиз (Аллоҳ барчаларини Ўз раҳматига олсин) юқорида зикр қилинган ҳадисларга таянган ҳолда бу ишни ҳаром дейишган. Бироқ тўғрироқ фикрга кўра, фотоаппарат ёки видео камера воситасида суратга тушиш мусаввирлик остига кирмайди. Чунки бу жиҳозлар объектни суратга олиши билан жонли нарсани қўл билан чизиш ўртасида катта фарқ бор. Юқоридаги ҳадисларда қўли билан чизадиган рассом ва мусаввирлар ҳамда ҳайкалтарошлар назарда тутилган. Шунга биноан, фотоаппарат, видео камера ёки қўл телефонлари воситасида суратга олиш ва тушиш жоиз. Бугун телевидения орқали дарс бераётган барча замондош уламолар бу ишни жоиз дейишган. Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ ҳам шу фикрни тўғри деб билган. Жанозада суратга олиш эса кишининг қалби қотганини кўсатадиган очиқ белгилардандир, валлоҳу аълам. (Тарж.)

[1] Бухорий (7559) ва Муслим (2111) ривояти.

[2] Бухорий (5950) ва Муслим (2109) ривояти.

[3] Бухорий (5951) ва Муслим (2108) ривояти.

[4] Бухорий ривояти, 5962.

[5] Бухорий (5963) ва Муслим (2110) ривояти.

[6] Муслим ривояти, 2110.

[7] Муслим ривояти, 2107.

[8] Бухорий (2105) ва Муслим (2107) ривояти.

[9] Муслим ривояти, 969.

[10] Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ. «Мажмуъ ал-фатово», 4/210-222.

[11] 234-бет, 1671-ҳадис.

[12] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 1/678-679, 222-фатвонинг 3-саволи, биринчи тўплам.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг