Эй иймон келтирганлар (34): Аллоҳдан қўрқиш, Унга яқин бўлиш йўлларини излаш

0

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинг, Унга яқин бўлиш йўлларини изланг ва Аллоҳ йўлида жиҳод қилинг, шояд нажот топсангиз” (Моида, 35).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳ таоло мўминларга иймон сифатлари билан нидо қилиши сири ёдингиздами? Мўмин иймони билан тирик, буйруқни эшитади, ақл юргизади ва бир ишни бажариш ё тарк этишга қодир бўлади. Кофир эса ўлик ҳукмида, на Аллоҳнинг нидосини эшитади, на унга ижобат этади, на ақл юргизади, на ўйлаб кўради.

Аллоҳ таоло мўминларга уларни бирон ишга буюриш ё қайтариш, хушхабар бериш ё огоҳ этиш учун нидо қилади. Зеро, буйруқлар мўминнинг қалбини софласа, қайтариқлар қалб булғанишидан узоқлаштиради. Башоратлар яхши амалларга тезласа, огоҳлантиришлар нафсни бузувчи гуноҳдан узоқ қилади.

Бу нидода Аллоҳ таоло мўминларни тақво қилишга буюриб: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинг”, деди. Яъни сизлар Аллоҳдан шундай қўрқингки, бу қўрқув сизларни Унга итоат этишга чорласин. Икки дунёда ҳам Аллоҳнинг ғазаби ва азобидан сақланиш тоат билан бўлади. Аллоҳ мўминларни Унинг азобидан нажот топишлари учун тақвога буюрганидек, дунёю охиратда мартабаларини юксалтирадиган, манзил-мақомларини олий қиладиган ишга ҳам буюрди. Бу эса нафл ибодатлар билан Аллоҳга яқинлашишдир. Яъни фарзлардан ташқари нафл намоз, рўза, садақа, ҳаж, умра, зикр, дуо ва шу каби ибодатлар билан Унга яқинлашиш йўлини исташдир. Аллоҳ деди: “Аллоҳга яқин бўлиш йўлларини изланг”. Яъни солиҳ амаллар қилиш билан Аллоҳга яқинлашинг. Амалларингизни васила (восита) қилинг. Солиҳ амал Аллоҳнинг муҳаббатини қозониш, розилигига эришиш ва Унга яқин бўлишга васила бўлади. Шу ўринда огоҳ этиб кетиш лозимки, мусулмонлар ичида васила қилиш номи остида ширкнинг турли хил кўринишлари тарқалган. Бу нарса Ислом умматида илмсизлик нақадар урчиганига ва жоҳиллик ёйилганига далолат қилади. Ислом душманлари умматни илм ва маърифат манбаи бўлмиш Қуръон ва суннатдан узоқ қилишга эриша олди. Қуръондан шаръий ҳукмлар, исломий одоб-ахлоқлар олинмай, фақатгина ўликка тиловат қилинадиган, ҳадислар эса барака учун ўқиладиган бўлиб қолди.

Жоҳил кишилар васила қилиш деган ном остида тушиб қолган ширк ишларни санаб ўтамиз:

  • Ўликлардан сўраш, улардан ёрдам исташ. Мисол учун: “Эй фалончи пирим, мен сиздан ва Аллоҳдан тилайман. Мен учун Аллоҳга дуо қилинг. Ҳожатимни ўташни Аллоҳдан сўраб беринг”, дейиш.

  • Ўлиб кетган авлиёларга атаб сўйиш. Яъни бир жонлиқни қабр, зиёратгоҳ ва шу каби қадамжоларга олиб келиб: “Бу фалончи пирим руҳи учун”, деб сўйиш.

  • Авлиёларга назр қилиш. Мисол учун: “Эй фалончи пирим, агар Аллоҳ ҳожатимга кушойиш берса, сиз учун қўй сўяман ё мақбарангизга шам ёқаман ёки қабрингиз устига ипак ёпқич тўшайман”, дейиш каби.

  • Авлиёлар билан қасам ичиш: “Фалончи пирим ҳаққи онт ичаман” ёки “Фалон пирим бошига қасам” каби.

  • Баракотларидан шифо топсин деб беморларни авлиёлар мақбарасига олиб бориб, қабрлари ҳокини баданларига суриш, улардан сўраш, шифо талаб қилиш.

Буларнинг бари ширк ишлар бўлиб, улар буни Аллоҳга солиҳ бандаларини восита қилиш (тавассул) деб номлаб олишган. Сиз бундан ҳазир бўлинг, тавассул нима эканини яхши билиб олинг. Аллоҳ азза ва жаллага яхшиликлар қилиш ва тоат-ибодатни кўпайтириш билан тавассул қилинади, яъни Унга яқин бўлиш йўллари изланади. Тоат-ибодат билан банданинг мартабаси ошади, Аллоҳнинг ризоси ва абадий жаннат роҳатига эришади.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Раҳмон таолонинг аршига энг яқин “васила” деб номланган жаннатдаги даража ҳақида хабар бериб, ким у зот учун шу даражани сўраб дуо қилса шафоатларига ноил бўлишини айтганлар: “Муаззин азон айтса, сизлар унинг айтган сўзларини қайтаринг. Сўнг менга салавот айтинг ва: “Ушбу комил чақириқнинг ва ҳозир бўлган намознинг Парвардигори бўлган эй Аллоҳ, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга василани, яъни жаннатдаги олий даража ва мартабани ато эт, уни Ўзинг ваъда қилган мақтовли мақомга чиқар”, деса, унга шафоатим вожиб бўлади” (Муслим ривояти, 577).

Оят сўнгидаги Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ йўлида жиҳод қилинг, шояд нажот топсангиз”, деган сўзлари бу нидодаги учинчи буйруқ бўлди. Бу буйруқ кофирларга қарши жиҳод қилишга бўлган буйруқдир, токи улар ҳам Исломга кириш бахтига мушарраф бўлсинлар, абадий азобга, дўзахга тушмай нажотга эришсинлар.

Шу ўринда юқоридаги буйруқ остига кирадиган яна бир жиҳод ҳақида гапириб ўтсак. Бу фосиқларга, лаънати шайтонга ва нафсга қарши жиҳоддир.

Фосиқларга қарши жиҳод уларни яхшиликка буюриш ва ёмонликлардан қайтариш билан бўлади.

Шайтонга қарши жиҳод унга лаънат айтиш билан, қабиҳ ва мункар ишларни чиройли қилиб кўрсатса эргашиб кетмаслик, васвасаларига учмаслик ва унинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ тилаш билан бўлади.

Жиҳодлар ичида энг қийини нафсга қарши жиҳоддир. Банда Парвардигори яхши кўрадиган ишларни ўрганиб, ўзини шу ишларни қилишга мажбурлаши ҳамда Парвардигори ёмон кўрадиган ишларни билиб, улардан четланиши ва мўмин биродарларига ҳам ўргатиши нафс жиҳодидир. Аллоҳ таолонинг ушбу ваъдасини нафс жиҳодига берилажак мукофот деб қабул қиламиз: “шунда шояд нажот топсангиз”. Дўзахдан қутулиб, жаннатга кирган киши нажот топган бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни жаннат аҳлидан қилсин. Амин.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг