Тобутни кўтариш ва ортидан эргашишга тааллуқли масалалар (25)

0

85 – Мункар аралашган тобутга эргашиш

«Ал-муғний» муаллифи айтади: «Агар инсон жанозада бирор мункар (шариатга хилоф ёмон иш)ни кўрса, ё эшитса ва уни даф этишга қодир бўлса, шундай қилади. Агар уни кеткизишдан ожиз бўлса, бу вазиятда икки йўлдан бирини танлайди:

Биринчиси, уни инкор қилади ва тубутга эргашади. Шунда бу инкор сабабли фарз ундан соқит бўлади, бироқ ботил учун ҳақдан (тобутга эргашишдан) воз кечмайди.

Иккинчиси, ортга қайтиб кетади. Чунки бу ҳолатда тобутга эргашиши ножоиз ишдан четланишга қодир бўлатуриб уни кўриши ва эшитишига олиб боради»[1].

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мункар аралаш жанозага келсак, масалан, тобут олдида ё ортида нон ва қўй-эчки кўтариб олиш ёки шу каби бошқа амалий ёки сўздаги бидъатлар қилиш ёки тобут устига қимматбаҳо, нақшинкор матолар ташлаш каби ишлар содир бўлса, ундай жанозага қатнашишдан тийилиш жоизми?

Бу масалада икки хил фикр айтилган, иккаласи ҳам Имом Аҳмаддан нақл қилинган.

Тўғрироқ фикрга кўра, жанозага қатнашаверади. Чунки қатнашиш маййитнинг ҳаққи ҳисобланиб, бошқалар қатнашиши билан соқит бўлмайди. Мункарни эса қодир бўлганича инкор қилади. Агар киши жанозани тарк қилса қолганлар ҳам бу ишдан тийиладиган обрўли шахс бўлса, жанозага қатнашмайди. Аммо тўйнинг ҳукми бундан фарқ қилади. Чунки тўйда мункарни қилаётган шахс ҳақдор саналади ва маъсияти сабабли унинг (тўйга чақирилган кимса устидаги ижобат) ҳаққи соқит бўлади. Бу гуноҳ қилиб турган кишига салом бермасликка ўхшайди, валлоҳу аълам»[2].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Бидъатлар қилинадиган жанозага эргашиш жоиз эмас. Инсон мункарни кеткизиш, ё одамларни ундан қайтаришга қодир бўлсагина бориши жоиздир»[3].

86 – Уловли ва пиёданинг тобутга эргашишдаги ўрни

Жанозага қатнашиш суннатига кўра, уловли шахс тобут ортида[4], пиёда эса тобутнинг ўзи хоҳлаган тарафида – ўнги, чапи, олди ё ортида боради. (Яъни тобут атрофида ёйилган ҳолатда бўладилар[5]).

Шайх Саъдий кемага минган киши ҳам уловга минган киши каби тобут ортидан боришини тўғри деб билган[6].

Муғийра ибн Шуъба разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Уловга минган киши тобут ортидан, пиёда эса тобутнинг хоҳлаган тарафидан юради. Ёш болага ҳам жаноза ўқилади»[7].

Шайх Ибн Боз айтади: «Бундан кўзланган мақсад ибрат ва панд-насиҳат олиш, маййит аҳлига ёрдам ва далда бўлиш, шунингдек, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган ва тарғиб этган суннатни жонлантиришдир»[8].

87 – Тобутга эргашиш асносида уловга миниш

Имом Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитга жаноза намозини ўқиб бўлгач, қабристонга тобутнинг олд тарафида яёв юриб борар эдилар. У зот саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг хулафои рошидинларнинг (разияллоҳу анҳум) суннатлари ҳам шундай бўлган эди»[9].

Қабристондан қайтишда уловга минишнинг зарари йўқ. Бунга Жобир ибн Самурадан ривоят қилинган ушбу ҳадис далил бўлади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга эгарсиз от келтирилди. У зот Ибн Даҳдоҳнинг жанозасидан қайтаётганларида отга миндилар, биз эса ёнларида юриб борар эдик»[10].

Бошқа ривоятда айтилади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Даҳдоҳ жанозасига яёв эргашиб, отда қайтдилар»[11].

Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жанозада эканлар, у киши минишлари учун улов келтирилган эди, минишдан бош тортдилар. Қайтар чоғларида улов келтирилган эди, миндилар. Бу ҳақда сўралганларида у зот: “Фаришталар яёв борар эдилар. Уларни пиёда қўйиб, ўзим мингим келмади. Улар кетишгач, миндим”, дедилар»[12].

Нававий айтади: «Демак, жанозадан қайтишда уловга миниш мубоҳ, маййит олиб кетилаётганда миниш эса макруҳдир»[13].

Ибн Қудома: «Жанозага қатнашаётган киши эҳтиёж бўлмаса уловга миниши макруҳ саналади», деди[14].

Ҳофиз ал-Ироқий айтади: «Жанозага қатнашаётган киши пиёда юриши афзалдир. Билишимча, шу фикр тўғри эканида ихтилоф йўқ»[15].

Али ал-Қорий айтади: «Уламолар: “Жанозадан қайтишда уловга миниш макруҳ эмаслигига иттифоқ қилинган”, деганлар»[16].

Валлоҳу аълам.

[1] Ибн Қудома. «Ал-муғний», 3/402.

[2] «Мухтасар ал-фатово ал-мисрийя», 1/399.

Шайх Абдураҳмон ал-Баррок деди: «Умуман олганда шундай. Гоҳида одамига қараб ўзгариши мумкин. Баъзан унинг мункарни инкор қилганини одамлар пайқамай қолишади».

[3] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/308, 18666-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[4] Шайх Саъдий айтади: «Мусулмоннинг жанозаси бўлса, шундай қилинади. Агар жаноза кофирники бўлса, уловдаги кимса тобутнинг олди (бош) тарафида кетади» («Мажмуъ ал-муаллафот», 10/489).

[5] «Ал-фавоид ал-илмийя мин ад-дурус ал-Бозийя», 5/421.

[6] «Мажмуъ ал-муаллафот», 10/489.

[7] Имом Аҳмад (18162) ва Термизий (1052) ривояти. Термизий: «Бу ҳасан-саҳиҳ ҳадис», деган. Ибн Ҳажар «Фатҳ ал-Борий»да (3/183): «Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ҳадисни саҳиҳ санаган», деган.

[8] «Ал-фавоид ал-илмийя мин ад-дурус ал-Бозийя», 5/421.

[9] «Зод ал-маъод», 1/498.

[10] Муслим ривояти, 965-ҳадис.

[11] Термизий ривоят қилган (1035) ва: «Бу ҳасан-саҳиҳ ҳадис», деган.

[12] Абу Довуд ривояти, 3177. Шавконий: «Санадидаги ровийлар «саҳиҳ»нинг ровийларидир», деди («Найл ал-автор», 4/89).

[13] «Шарҳ саҳиҳи Муслим», 616-617-бетлар.

[14] Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Қудома. «Ал-кофий», 2/59. Муҳаққиқ: Абдуллоҳ ат-Туркий. «Дор ҳажр» нашриёти, биринчи нашр, 1417 ҳ.й.

[15] «Тарҳ ат-тасриб», 3/263.

[16] Али ал-Қорий. «Мирқот ал-мафотиҳ шарҳ мишкот ал-масобиҳ», 4/135. Муҳаққиқ: Жамол Ийтоний. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1422 ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг