Дард ва даво (75): Гуноҳнинг касофати (34)

0

Бўлим 

  1. Гуноҳ банданинг ўзини унутишига сабаб бўлади

Гуноҳ ва маъсиятлар бандага ўзини унуттиради. Банда ўзини унутадиган бўлса, уни беэътибор қолдиради, барбод ва ҳалок қилади.

Қандай қилиб банда ўзини унутиши мумкин? Ўзини унутадиган бўлса, у ҳолда нимани ҳам ёдда сақлай оларди?! Ўзини унутиш дегани нима, дерсиз?!

Жавоб шу: ҳа, инсон ўзини унутганда ҳам бутунлай унутиб қўйиши мумкин. Аллоҳ таоло айтади: “Сизлар Аллоҳни унутиб қўйган, (шундан кейин Аллоҳ) уларга ўзларини ҳам унуттириб қўйган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ўшалар фосиқ-итоатсиз кимсалардир! (Ҳашр, 19).

Улар Раббиларини унутган эди, Аллоҳ ҳам уларни “унутди” ва ўзларини ҳам унуттириб қўйди. Бошқа бир оятда: “Аллоҳни унутган эдилар, Аллоҳ ҳам уларни «унутди»”, (Тавба, 67) деган. Демак, Аллоҳ таолони унутган бандани У зот субҳонаҳу ва таоло иккита жазо билан жазолайди: уни унутади ва ўзини ўзига унуттириб қўяди.

Аллоҳ таолонинг бандани унутиши уни эътиборсиз ташлаб қўйиши, ундан юз ўгириши, қаровсиз қолдириши демак. Бундай инсон ҳалокат арафасида бўлади.

Аллоҳ таоло бандага ўзини унуттириб қўйишидан мурод дунё ва охиратда эришиши мумкин бўлган улкан насибаларини ҳамда бахт-саодатга, нажотга, ўнгланишга ва баркамол бўлишга элтувчи сабабларни, шуларнинг барчасини унга унуттириб қўйиши демакдир. Яъни Аллоҳ таоло бу ишларни банданинг эсига солмайди, хаёлига келтирмайди, уларга интилиши учун ҳиммат бермайди. Хуллас, ушбу ишларга юзланай, уларни бошқа ишлардан устун қўяй деган ўй хаёлидан ўтмайди.

Шунингдек, Аллоҳ таоло бандага айбларини, камчиликларини, офатларини унуттириб қўяди. Оқибатда, уларни бартараф этиш ва ислоҳ қилиш ҳақида ўйламайди.

Яна унга нафси ва қалбининг касалликларини, алам-изтиробларини унуттириб қўяди. Бинобарин, уларни даволаш, охир-оқибат уни бузулиш ва ҳалокатга олиб борадиган касаллик ва дардларини кетказишга саъй-ҳаракат қилиш ўйига келмайди. У оғир касалликка чалинган беморга ўхшайди. Касаллиги уни ўлимга олиб боради. У эса касаллигини сезмайди, уни даволаш хаёлига ҳам келмайди. Мана шу оммага ва айрим одамларга бериладиган жазоларнинг энг каттасидир.

Ўз жонини эътиборсиз ва қаровсиз ташлаб қўйишдан ҳамда ўзига фойдали ишларни, дарди ва давосини, бахт-саодатга, нажотга, ўнгланишга элтувчи сабабларни, роҳат-фароғат ичра яшайдиган абадий ҳаётини унутишдан ҳам каттароқ жазо борми?!

Ушбу масала ҳақида чуқур фикр юритган инсонга равшан бўладики, кўпчилик одамлар чиндан ҳам ўзларини унутиб қўйишган, уни эътиборсиз қолдиришган, Аллоҳдан оладиган улушини зое қилишган, ўз жонларини алданиб арзимас баҳога сотиб зиён кўришган. Бу уларга ўлим пайтида яққол кўринади, барча ишларнинг ҳақиқати ошкор бўладиган қиёмат кунида янада аниқ ва равшан маълум бўлади. У кунда банда бу дунёда жонини сотган савдода ва охирати учун қилган тижоратида алданиб, зиён кўргани ойдин бўлади. Зеро, бу дунёда ҳар бир одам охирати учун тижорат қилади.

«Сизлар ўз ҳузур-ҳаловатларингизни дунё ҳаётингиздаёқ кетказдингиз ва улардан фойдаланиб бўлдингиз».

Ўзларини бу тижоратда даромад ва фойда кўрдик деб ҳисоблайдиган, аслида зиён кўрган инсонлар ҳаёти дунёни, ундаги улушларини ва лаззатларини охиратлари ва ундаги улушлари эвазига сотиб олишгандир. Улар ҳузур-ҳаловатларини дунёдаёқ кетказиб, шуларга рози бўлиб, кўнгли тўлиб, улардан фойдаланиб бўлишган. Бутун саъй-ҳаракатлари шу нарсаларга эришиш йўлида бўлган. Шу мақсадда тижорат қилишган. Улар келажакларини  ҳозирги кунлари эвазига, насияни (охиратни) нақд (дунё) эвазига, (охиратда бериладиган) яширин неъматни тайёр неъмат эвазига сотиб юбориб: “Пухталик ва уддабуронлик шудир”, дейишган. Улардан бири айтади: “Эшитган нарсангни қўй, кўзинг билан кўрганингни ол. Дунё ҳаётида олдимда тайёр ва нақд бўлган, ўзим кўриб турган нарсани ҳозирда йўқ бўлган, бошқа ҳаётда берилиши айтилаётган насия нарса эвазига қандай алмашаман?!” Устига-устак, иймон заифлиги, дунё лаззатларига бўлган хоҳиш-истакнинг кучлилиги, қўлда турган тайёр нарсани яхши кўриш, кўпдан қолмаслик каби омиллар инсоннинг шундай фикрлашига ёрдам беради.

Кўпчилик одамлар мана шундай касод тижоратга кириб қолишган. Аллоҳ таоло улар ҳақида бундай деган: “Ана ўшалар охират ўрнига дунё ҳаётини сотиб олган кимсалардир. Бас, азоблари енгиллатилмайди ва уларга ёрдам ҳам берилмайди” (Бақара, 86). Бошқа оятда: “Бу савдоларида фойда қилмадилар ва тўғри йўлга юрувчилардан бўлмадилар” (Бақара, 16), дейди Аллоҳ таоло. Барча ишларнинг ҳақиқати ошкор бўлиб, ким фойда кўргани-ю, ким зиён кўргани маълум бўладиган кунда улар ушбу тижоратда алданиб, зиён кўрганлари ўзларига маълум бўлади. Шунда уларнинг жонлари ҳасратдан тилка-пора бўлиб кетади.

Ушбу тижоратда чинакам фойда кўрадиган инсонлар фоний ҳаётни боқий ҳаёт эвазига, қийматсиз дунё матоҳини бебаҳо охират мукофоти эвазига, арзимас дунё лаззатини буюк охират ноз-неъмати эвазига сотган инсонлардир. Улар бундай деб айтишади: “Бу дунёдаги – у яратилганидан бошлаб, то йўқ бўлгунича – барча ноз-неъмат, роҳат-фароғатлар қиймати қанча бўлибдики, биз уларни Аллоҳ ҳузуридаги ва охират диёридаги улушимиз эвазига сотсак?!”. Дунёдаги барча нозу неъмат ва роҳат-фароғатларнинг қиймати шунчалик арзимас экан, инсон бир неча сониялик туш каби ўтиб кетадиган, охират диёрига асло солиштириб бўлмайдиган қисқа умри мобайнида эришган насибасини абадий охират диёридаги ноз-неъмат ва роҳат-фароғатга алмаштириши мумкинми?!

Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ уларни (яъни, мушрикларни ҳисоб-китоб учун) тўплайдиган кунда улар бу дунёда гўёки кундуз куни бир соатгина тургандек бир-бирларини танирлар” (Юнус, 45).

“(Эй Муҳаммад, мушриклар) сиздан (қиёмат) соати қачон рўй бериши ҳақида сўрарлар. Сиз қаердасиз-у, қиёмат қачон бўлишини эслаш қаерда? Уни билиш ёлғиз Парвардигорингизга бориб тўхтар. Сиз фақат қиёматдан қўрқадиган кишиларни огоҳлантирувчисиз, холос. Улар қиёматни кўрадиган кун­да бу дунёда гўё биргина пешиндан сўнг ёки чошгоҳ пайтида тургандек (яъни бир кун ҳам яшамагандек) бўлиб қолурлар!” (Нозиот, 42-46).

Улар ўзларига ваъда қилинаётган азобни кўрадиган кунда гўё бу дунёда фақат кундуздан бир соатгина тургандек бўлиб қолурлар!” (Аҳқоф, 35).

Аллоҳ: «Ерда қанча йил турдинглар?», деди. Улар айтдилар: «Бир кун ё ярим кун. Санаб турувчи фаришталардан сўрагин». Аллоҳ деди: «Агар сизлар биладиган бўлсангизлар дунёда жуда оз турдингизлар” (Мўъминун, 112-114).

У сур чалинадиган кундир. У кунда Биз жиноятчи-кофир кимсаларни кўзлари кўк (яъни нурсиз, юзлари қаро) бўлган ҳолларида йиғурмиз. Улар ўзаро шивирлашиб: «Дунёда ўн кунгина турдинглар», дейдилар. Биз уларнинг айтадиган сўзларини жуда яхши билурмиз. Ўшанда уларнинг энг тўғри йўл тутган донолари: «Бир кунгина турдинглар», дейдилар” (Тоҳа, 102-104).

Қиёмат куни бу дунёнинг ҳақиқати шундан иборат. Ақлли инсонлар бу дунёда оз муддат яшашларини, уларни бу дунёдан бошқа бир ҳаёт – ҳақиқий ва мангу ҳаёт – кутиб турганини билишгач, мангу диёрни фоний диёр эвазига сотиб юбориш энг катта зиён эканини англаб етишди. Натижада, уддабуронлар тижоратига қўл уришди, эсипаст одамлар тижорати (яъни охиратни дунё эвазига сотиш) билан алданиб қолишмади. Одамлар дунёдаги тижоратларида қанчалик алданганлари равшан бўладиган кунда (қиёматда) улар ўз тижоратларининг самарасини, фойдасини, сотиб олган товарларининг қийматини кўришади. Бу дунёда ҳар бир одам ё сотувчи, ё олувчи, ё тижорат қилувчидир. Ҳадисда айтилганидек, ҳар бир инсон тонг саҳардан амал қилиш учун чиқиб кетади. Кимдир ўз жонини шайтонга сотиб, уни ҳалок этади, кимдир ўз жонини Аллоҳга сотиб, уни дўзахдан озод этади.

Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди. Улар Аллоҳ йўлида жанг қилишиб кофирларни ўлдирадилар ва (ўзлари ҳам Аллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар. (Бундай мўминларга жаннат берилишига) Аллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда ўзининг ҳақ ваъдасини бергандир. Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Бас, (эй мўминлар), қилган бу савдоларингиздан шод бўлингиз. Мана шу ҳақиқий буюк бахтдир” (Тавба, 111).

Оятда айтилган ишлар Аллоҳ билан бўладиган тижоратнинг илк самарасидир. Эй касодга учраганлар, ушбу тижоратга шошилинглар! Эй ушбу сармояга кучи етмайдиганлар, (Аллоҳ ваъда қилган жаннатнинг) бундан бошқа баҳоси ҳам бор. Агар чиндан ҳам шу тижоратга кирмоқчи бўлсангиз ҳеч бўлмаганда шу баҳони беринг.

Аллоҳ таоло айтади: “Улар тавба қилувчилар, Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилувчилар, шукр қилувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ-сажда қилувчилар, яхшиликка буюрувчилар, ёмонликдан тўхтатувчилар ва Аллоҳ белгилаб қўйган қонун-қоидаларга доимий риоя қилувчи мўминлардир. (Эй Муҳаммад), бу мўминларга жаннат хушхабарини етказинг!” (Тавба, 112).

Эй мўминлар, сизларга аламли азобдан нажот берадиган бир «тижорат»ни кўрсатайми? (Ўша «тижорат» мана будир) — Аллоҳ ва унинг пайғамбарига иймон келтирурсизлар ва Аллоҳ йўлида мол ва жонларингиз билан жиҳод қилурсизлар. Мана шу агар билсангизлар ўзларингиз учун энг яхши ишдир” (Саф, 10-11).

Мақсадга ўтсак, демак, гуноҳлар бандага мана шу фойдали тижоратдаги улушини унуттиради, зарарли тижорат билан банд этади. Шунинг ўзи гуноҳга бериладиган етарли жазодир. Аллоҳ бизларни бундай кўйга тушиб қолишдан сақласин.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг