Қабристонга киришга тааллуқли масалалар (1)

0

БЎЛИМ

Қабристонга киришга тааллуқли масалалар

88 – Қабристонга қандай кирилади?

«Қабристонга ўнг оёқ билан кириш, чап оёқ билан чиқиш борасида Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон суннат келмаган. Демак, инсон қандай тўғри келса шундай кираверади. Ўнг оёғи тўғри келса ўнг оёқ, чап оёғи тўғри келса чап оёқ билан босиб киради. Токи суннатдан бирор далил маълум бўлмагунича, ҳукм шундайлигича қолади»[1].

Зотан, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида қабристонлар девор билан ўралган, дарвозали бўлмаган.

89 – Қабр зиёрати асносида нима дейилади?

Қабристон зиёрати асносида қабрда ётган мўмин-мусулмонларга салом бериш, уларнинг ҳақларига дуо қилиш суннат эканига уламолар иттифоқ қилишган[2]. Улар бу борада Имом Муслим ривоят қилган[3] қуйидаги ҳадисга таянишган: «Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга қабристонга чиқсалар бундай дейишни ўргатар эдилар:

Абу Бакр ривоятида: “Ассалому ала аҳлид-диёр” (Қабристон аҳлига салом бўлсин).

السَّلَامُ عَلَى أَهْلِ الدِّيَار

Зуҳайр ривоятида: “Ассалааму алайкум аҳлад-дияари минал-муъминийна вал-муслимийн, ва иннаа иншааллоҳу бикум ла-лааҳиқун, ас’алуллоҳа ланаа ва лакумул-офия” (Мўмин-мусулмон қабристон аҳли, сизларга салом бўлсин. Бизлар ҳам иншооллоҳ сизларга етишувчимиз. Аллоҳдан сизу бизга офият сўрайман).

السَّلَامُ عَلَيْكُمْ أَهْلَ الدِّيَارِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللهُ لَلَاحِقُونَ أَسْأَلُ اللهَ لَنَا وَلَكُمُ الْعَافِيَةَ

Ойша разияллоҳу анҳо ривоятида: “Ассалааму ала аҳлиддияари миналмуъминийна валмуслимин, ва ярҳамуллоҳулмустақдимийна минна валмустахирийн, ва иннаа иншааллоҳу бикум лалааҳиқун”»[4] (Мўмин-мусулмон қабристон аҳлига салом бўлсин. Аллоҳ дунёдан ўтганларимизни ҳам, қолган тирикларимизни ҳам раҳм айласин. Бизлар ҳам иншооллоҳ сизларга етишувчимиз).

السَّلَامُ عَلَى أَهْلِ الدِّيَارِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ يَرْحَمُ اللهُ الْمُسْتَقْدِمِينَ مِنَّا وَالْمُسْتَأْخِرِينَ وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللهُ بِكُمْ لَلَاحِقُونَ

Яна бир ривоятда: «Ассалааму алайкум даара қавмин муъминийн, ва атаакум ма тувъадуна ғодан муажжалун, ва инна иншааллоҳу бикум лааҳиқун, Аллоҳумма иғфир ли-аҳли бақиъ ал-ғарқад»[5] (Қабристон мўмин жамоати, сизларга салом бўлсин. Сизларга ваъда қилинган ўлим келди, эртага бизнинг ҳам ажалимиз етади. Бизлар ҳам иншооллоҳ сизларга етишувчимиз. Эй Аллоҳ, «бақеъ ғарқад» аҳлини мағфират қилгин).

السَّلَامُ عَلَيْكُمْ دَارَ قَوْمٍ مُؤْمِنِينَ وَأَتَاكُمْ مَا تُوعَدُونَ غَدًا مُؤَجَّلُونَ وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللهُ بِكُمْ لَاحِقُونَ اللهُمَّ اغْفِرْ لِأَهْلِ بَقِيعِ الْغَرْقَدِ

Овоз чиқариб салом бериладими?

Шайх Абдураҳмон ал-Баррок ҳафизаҳуллоҳ: «Ҳадис зоҳирига қараганда овоз чиқариб салом беради», деди.

90 – Маййитларга қабристон бошида бир марта салом берса кифоями?

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шу кифоя қилади ва зиёрат ҳосил бўлади. Агар қабрлар бир-биридан узоқ жойлашган бўлса, қабристонни ҳар тарафдан айланиб зиёрат қилса ҳам зарари йўқ»[6].

Шайх Абдураҳмон ал-Баррок айтади: «Ўзимга яқин бўлган қабрларга салом бераман. Маълумки, қабристон бир неча тўплам ва томонлардан ташкил топади. Мен ўзимни гўёки ҳар бир тўплам қабрлар олдига бориб салом бериб чиқишим керакдек ҳис қиламан. Агар ҳадисларга эътибор берсак, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабристоннинг ҳар тарафига бормаганлар. Чунки Бақеъ қабристони бир бутун бўлган, бўлакларга бўлинмаган. Зиёратчи панд-насиҳат олиши учун қабристоннинг бир тарафига келиши етади. Маййитларга дуою салом билан манфаат етказиш масаласи эса, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтганидек, ҳар бир тўплам ва тарафни айланиб чиқиш билан ҳосил бўлади».

[1] Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ. «Фатово фи аҳком ал-жаноиз», 167-бет.

[2] Қаранг: Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний. «Ал-осор», 1/276. Муҳаққиқ: Холид ал-Аввод. «Дор ан-наводир» нашриёти, биринчи нашр, 1429 ҳ.й.

Ибн Ҳазм. «Ал-муҳалло», 3/389, 601-рақам.

Байҳақий. «Маърифат ас-сунан вал-осор», 5/350, 7796-рақам.

Ҳаттоб ал-Моликий. «Мавоҳиб ал-жалил ли-шарҳи мухтасари Халил», 3/50.

[3] 2/671, 104 ва 975-ҳадислар.

[4] Муслим ривояти, 103 ва 974-ҳадислар.

[5] Муслим ривояти, 102, 974-ҳадислар.

[6] «Мажмуъ ал-фатово», 13/335.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг