Қабристонга киришга тааллуқли масалалар (2)

0

91 – Салом бериш учун қабр қаршисида қандай турилади?

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қабр олдида туриб салом бериш суннатдир. Қабр орқасида турадими, олди тарафидами, фарқи йўқ, муҳими қабрга салом беришдир. Қабрнинг олд тарафидан келиб, маййитнинг юзига юзланиб турса ҳам зарари йўқ. Бунинг ҳаммаси жоиз. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қабрларни зиёрат қилинг, улар сизга охиратни эслатади”, деганлар[1]. У зот бирор муайян тарафни белгилаб бермадилар. Муҳими, қабрларни зиёрат этиш, қабрдагиларга салом бериш ва уларнинг ҳақларига дуо қилишдир. Зиёратни баъзи одамларга, масалан отаси ё акаси учун хослаб, фақат уларга салом бериш билан кифояланса ҳам бўлаверади»[2].

92 – Тобут етиб келиб, маййит ерга қўйилишидан аввал одамлар қабр ёнида ўтириши

Жанозага қатнашаётган кишилар маййит дафн этилишидан аввал қабр олдида ўтиришидан Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарганлар[3].

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Тобутни кўрсангиз, ўрнингиздан туринг. Тобут ортидан эргашган киши маййит дафн этилмагунича ўтирмасин»[4].

Бир ривоятда: «Қачон жанозага эргашсангизлар, маййит ерга қўйилмагунича ўтирманглар», деганлар[5].

Омир ибн Рабеъа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Бирортангиз тобутни кўрса, агар у билан кетаётган бўлмаса, то у кўздан ғойиб бўлгунича ёки ўзи ундан ажралмагунича ёки ажралишидан аввал маййит ерга қўйилмагунича тик турсин”»[6].

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Олдимиздан тобут олиб ўтилган эди, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан турдилар, биз ҳам турдик. Кейин: “Эй Расулуллоҳ, бу яҳудийнинг жанозаси-ку?”, дедик. У зот: “Тобутни кўрсангиз, туринглар”, дедилар»[7].

Саид ал-Мақбурий отасидан ривоят қилади: «Жанозада эдик. Абу Ҳурайра Марвоннинг қўлидан тутди ва тобут ерга қўйилишидан аввал ўтирдилар. Шунда Абу Саид келиб, Марвоннинг қўлидан ушлади ва: “Ўрнингдан тур. Аллоҳга қасамки, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни бундан қайтарганини бу (яъни Абу Ҳурайра) билар эди”, деди. Шунда Абу Ҳурайра: “Тўғри айтди”, деди»[8].

Қабристонга тобутдан аввал етиб борган киши ўтирса бўлаверади.

Термизий айтади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи олим саҳобаларидан ва бошқалардан ривоят қилинишича, улар қабристонга эртароқ бориб, тобут етиб келгунича ўтиришар эди»[9].

93 – Қабрлар устида юриш ва ўтириш

Имом Ибн Таймия айтади: «Мусулмоннинг қабри ҳурматга сазовор экани ҳадисларда айтилган. Зеро, у мусулмон маййитнинг уйидир. Унга қандайдир нажосат ташлаш жоиз эмаслигига иттифоқ қилинган. Биз ва жумҳур уламолар фикрига кўра, қабрлар босилмайди, тепкиланмайди ва уларга суянилмайди. Қабрлар олдида маййитларга озор берадиган нобоп сўзлар ва ҳаракатларга изн берилмайди»[10]. Қабрлар устига ўтирилмайди.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсон чўғ устига ўтириб, кийимини терисига қадар куйдириб олиши қабр устида ўтиришидан кўра яхшироқдир”, дедилар»[11].

Амр ибн Ҳазмдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр устида турганимни кўриб: “Қабрдан туш, қабр соҳибига озор берма”, дедилар»[12].

Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Чўғ ё қилич устида юришим ёки пойабзалимни оёғим билан тикишим мусулмоннинг қабри устидан юришимдан кўра суюклироқдир. Қабр ўртасида қазои ҳожат қиламанми, ё бозор ўртасидами, мен учун фарқи йўқ”»[13].

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу: «Чўғни босишим мусулмон кишининг қабрини босишимдан кўра мен учун суюклироқдир», деди[14].

Сулаймон ал-Бужайрамий айтади: «“Ўтириш макруҳдир” деганда ҳурматга лойиқ қабр назарда тутилган. Муртад ёки мусулмонлар билан аҳди бўлмаган кофир каби қабри ҳурматга нолойиқ қабрларга ўтириш макруҳ эмас»[15].

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мусулмон тирик ҳолатида ҳам, ўлик ҳолатида ҳам ҳурматга сазовордир. Унинг қабрини босиш, суякларини синдириш жоиз эмас. Қабри устига ўтирилмайди, ҳожат ушатилмайди, ахлат ташланмайди. Бу ишларнинг бари ман этилади»[16].

«Хулоса қилиб айтганда, маййитни қабрида эъзозлаш уни дунёда, яшаб турган ҳовлисида эъзозлаш билан баробар. Зеро, қабр энди унинг уйига айланди»[17].

[1] Ҳадис тахрижи 35-масалада ўтди.

[2] «Фатово нурун алад-дарб», 14/439. Тартибловчи: Муҳаммад ибн Саъд аш-Шувайъир.

[3] Қаранг: «Ал-мабсут» (Китоб ал-асл), 1/371; Ибн Қудома. «Аш-шарҳ ал-кабир», 6/212 («Ал-муқниъ» ва «Ал-инсоф» китоблари билан бирга чоп этилган).

[4] Бухорий ривояти, 1310.

[5] Муслим ривояти, 959.

[6] Бухорий (1308) ва Муслим (958) ривояти. Ҳадис лафзи Бухорийники.

[7] Бухорий ривояти, 1311.

[8] Бухорий ривояти, 1309.

[9] «Сунан ат-Термизий», 2/525.

[10] «Иқтизо ас-сирот ал-мустақим», 2/176.

Шунингдек, қуйидаги манбаларга қаралсин: Шерозий. «Ал-муҳаззаб фий фиқҳ ал-имом аш-Шофеий», 1/455. Муҳаққиқ: Муҳаммад аз-Зуҳайлий. «Дор ал-қалам» нашриёти, биринчи нашр, 1412 ҳ.й.

«Ал-муҳалло», 3/358, 578-рақам.

Алоуддин ас-Самарқандий ал-Ҳанафий. «Туҳфат ал-фуқаҳо», 1/401-402. Муҳаққиқ: Муҳаммад Абдулбар. «Мактабат дор ат-турос» нашри, учинчи нашр, 1419 ҳ.й.

«Ал-муғний», 3/515-516.

[11] Ҳадис тахрижи 36-масалада берилди.

Шайх Муҳаммад ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу ҳадис мазкур иш қаттиқ ҳаром эканига далолат қилади» («Шарҳ булуғ ал-маром», 5/587).

[12] Абу Нуайм «Маърифат ас-саҳоба»да ривоят қилган (4/1981, 4972-ҳадис), Ибн Ҳажар «Фатҳ ал-Борий»да (3/225), Албоний «Ас-саҳиҳа»да (6/495, 2960-ҳадис) саҳиҳ деган.

Шайх Абдураҳмон ал-Муаллимий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар “маййитга қандай озор беради?” деб сўралса, «Буни Аллоҳ билади», деймиз. Қабрга суяниш қабрда ётган маййитга озор бериши ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ҳадис келган. Шундай экан, эшитдик ва итоат қилдик, деймиз» («Иморат ал-қубур фил-Ислом», 275-бет. Нашрга тайёрловчи: Можид аз-Зиёдий. «Ал-мактаба ал-маккийя» нашри).

[13] Ҳадис тахрижи 36-масалада ўтди.

[14] Ибн Абу Шайба ривояти, 7/352, 11895-ҳадис.

[15] «Ҳошият ал-Бужайрамий ала шарҳ манҳаж ат-туллоб», 1/643. Муҳаққиқ: Абдуллоҳ Умар. «Дор ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1420 ҳ.й.

[16] «Фатово нурун алад-дарб», 1/290-291. Тўпловчи: Муҳаммад ал-Мусо ва Абдуллоҳ ат-Тайёр. «Мадор ал-ватан» нашриёти, биринчи нашр, 1428 ҳ.й.

[17] «Таҳзиб ас-сунан», 3/1541.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг