Дард ва даво (76): Гуноҳнинг касофати (35)

0

Бўлим

  1. Гуноҳ неъматларни кеткизади

Гуноҳлар бор неъматларни кеткизиб, келгусида келадиган неъматлар йўлини тўсади. Яъни қўлдаги неъматни йўқ қилади ва ҳануз келмаганининг йўлига тўғоноқ бўлади. Аллоҳ таоло ато этган неъматларни сақлаб қолиш, шунингдек, йўқ неъматларни жалб этишнинг Унга тоат-ибодат қилишдан кўра афзал йўли йўқ. Зеро, Аллоҳ ҳузуридаги неъматларга фақат Унга тоат-ибодат қилиш ила эришилади.

Дарҳақиқат, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳар бир нарсанинг сабаби ва офатини яратган. Сабаб ўша нарсани жалб этса, офат уни йўққа чиқаради. Масалан, тоат-ибодатни бандаларга ато этажак неъматларини жалб қилувчи, гуноҳ-маъсиятни эса уларни ман қилувчи сабаб қилди. Агар Аллоҳ таоло бандадаги неъматни бардавом қилишни хоҳласа ушбу неъматларга яраша тоат-ибодат қилишга уни илҳомлантиради. Агар берган неъматини кеткизмоқчи бўлса, бандани эътиборсиз ташлаб қўяди. Оқибатда, у ўша неъмат ёрдамида гуноҳга қўл уради.

Инсон шу ҳақиқатни ўзи ва бошқаларда татбиқ этилаётганини кўра-била туриб, гуноҳлари туфайли қўлидаги неъматларидан айрилиб қолган одамлар ҳақида эшита туриб яна гуноҳда бардавом бўлиши ҳайратланарли ҳолатдир. Гўё у бу қонундан мустаснодек, бу қонун унга тегишлимасдек, унинг бошига эмас, бошқаларнинг бошига тушадигандек, унга эмас, бошқаларга жорий қилинадигандек!

Бундан ҳам ортиқ жаҳолат борми?! Инсон ўзига ўзи бундан ҳам каттароқ зулм қилиши мумкинми?!

Албатта, ҳукм – олий ва улуғ зот Аллоҳнинг қўлидадир.

Изоҳ қолдиринг