Эй иймон келтирганлар (35): Яҳуд ва насороларни дўст тутиш ҳаромлиги, бунинг сабаби ва уларни дўст тутишнинг оқибати ҳақида

0

Эй иймон келтирганлар, яҳуд ва насороларни дўст тутманг! Яҳудлар бир-бири билан дўст, насоролар ҳам шундай. Сизлардан ким уларни дўст тутса, у ўшалардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳаққа муваффақ қилмайди” (Моида, 51).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳ таоло чин иймон ва комил тақво эгаларини Ўзига дўст тутади. Аллоҳни дўст тутган кишига Унинг душманлари билан дўстлашиш ҳаромдир. Яҳуд ва насоролар Аллоҳнинг душманларидандир. Яҳудлар Аллоҳнинг пайғамбарларини қатл қилганлар ва Унинг амрига бўйсунишдан бош тортганлар. Насоролар эса Аллоҳдан бошқани илоҳ санаб, ўшанга ибодат қилганлар. Шунинг учун Аллоҳ таоло мўмин бандаларига нидо қилиб демоқда: “Эй иймон келтирганлар”, яъни Аллоҳни Раб, Исломни дин ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар деб иймон келтирган мўминлар, сизлар яҳудий ва насронийларни ўзингизга дўст тутманг. Уларни яхши кўрманг, уларга ёрдам берманг. Улар сиз иймон келтирган Парвардигорга душман бўлган кимсалардир. Шундай экан, қандай қилиб улар билан дўстлашасиз?! Сизга душманлик қиладиганларни дўст тутасизми, сизни ёмон кўрадиганларни яхши кўрасизми?!

Бу масаланинг бир томонидир. Иккинчи томондан яҳудий яҳудийга, насроний насронийга дўст. Шундай экан, мўмин қандай қилиб насроний ё яҳудий билан дўстлашсин?! Бундай бўлиши асло мумкин эмас.

Эй мўминлар, сизларга, Раббингизга, динингиз ва пайғамбарингизга душман бўлганлар билан дўстлашишдан ҳазар қилинг! Уларни асло дўст тутманг, яхши кўрманг, уларга ёрдам берманг! Бундай қилиш куфрга олиб борадиган хатарли ишдир, Аллоҳ сақласин. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи бу ҳақиқатни тасдиқлайди: “Сизлардан ким уларни дўст тутса, у ўшалардандир”. Ким улардан бўлса, куфрда ҳам, Аллоҳга, Расулига ва мўминларга душманчиликда ҳам ўшалар қаторида бўлади. Шу сабабли ҳидоятдан маҳрум бўлади. Зеро Аллоҳ золим қавмларни ҳидоятга бошламайди.

Аллоҳ таоло бу нидони мўминларни саодатда йўлловчи сўз билан якунлади: “Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳаққа муваффақ қилмайди”. Ким Аллоҳнинг душманлари билан дўстлашса, Аллоҳга душман бўлибди. Ким Аллоҳга душман бўлса, ўзига зулм қилибди. Чунки зулм деб нарсани ўз жойига қўймасликка айтилади. Золим ва кофир билан дўстлашиб бўладими, эй мўминлар?!

Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқайлик, Аллоҳ дўст тутган кишиларни дўст тутайлик, Аллоҳнинг душманларини душман деб билайлик! Аллоҳ бизга нидо қилган: “Эй иймон келтирганлар, яҳуд ва насороларни дўст тутманг! Яҳудлар бир-бири билан дўстдир, насоролар ҳам худди шундай. Сизлардан ким уларни дўст тутса, у ўшалардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳаққа муваффақ қилмайди”.

Яҳуд ва насороларни дўст тутсак, ўзимиз ҳам яҳудий ё насроний бўлиб қолишдан, иймондан сўнг куфрга, ҳидоятдан сўнг залолатга қайтишдан қандай қўрқмаймиз?! Аллоҳ сақласин.

Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳ бизга ҳаром қилган дўстликдан мурод яҳудий ва насронийларни қалбдан яхши кўриш, тилларимизда уларга бўлган муҳаббатимизни изҳор этиш, мўмин биродарларимизга қарши уларга ёрдам беришдир. Ҳолбуки, бундай дўстлик кофирларга эмас, мўминларга бўлиши керак. Мўмин мўминни яхши кўради, шу муҳаббатдан келиб чиқиб, тили ва амали билан унга яхшилик қилади, ёрдам беради, керак бўлса бирга ўлади. Чунки мўмин унинг диндош биродаридир, иймон, ислом, эҳсон ва Аллоҳга дўстликдаги ака-укасидир. Аммо, кофир кимса хоҳ яҳудий, хоҳ насроний, хоҳ мажусий, хоҳ бутпараст мушрик бўлсин, у бизнинг Раббимизга, пайғамбаримизга ва динимизга кофир бўлган. Бизга ва Раббимизга қарши тиш қайраган, қалбига нафрат ва адоватни жойлаган. Шу қадар катта фарқлар ва монелар бўлатуриб ҳам уларни дўст тутиш мумкин бўладими энди?! Йўқ, албатта.

Сўзим охирида яна бир бор эслатаман, ҳар қандай кўринишда, ҳатто кийинишда, шиор ва чақириқларда ҳам тўлиғича яҳуд, насоро ва куфр аҳлига ўхшашдан, уларга эргашишдан сақланайлик.

Аллоҳ Уни дўст тутганнинг дўсти, Уни душман тутганнинг душманидир. Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқдир. Барча куч-қувват ёлғиз Аллоҳдандир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг