Дард ва даво (77): Гуноҳнинг касофати (36)

0

Бўлим

  1. Гуноҳ сабабли фаришта узоқлашади, шайтон яқинлашади

Гуноҳ ва маъсиятлар бандадан энг фойдали ва энг насиҳатгўй дўстини, бахт-саодатга етаклайдиган ҳамроҳини узоқлаштиради. У – бандага бириктирилган фаришта. Шунингдек, гуноҳлар банданинг энг фирибгар, энг зарарли душманини унга яқинлаштиради. У – шайтон. Банда гуноҳга қилса, ўша гуноҳ миқдорича фаришта ундан узоқлашади. Ҳатто биргина ёлғон сабабли фаришта бандадан узоқ масофага узоқлашиб кетади.

Ривоятларда айтилишича, агар банда ёлғон сўзлайдиган бўлса, фаришта ёлғоннинг бадбўй ҳиди сабабли ундан бир мил узоқлашади. Биргина ёлғон сўз туфайли фаришта шунча масофага узоқлашадиган бўлса, ундан ҳам каттароқ, ундан ҳам ёмонроқ гуноҳ учун қанча масофага узоқлашади деб ўйлайсиз?!

Салаф-солиҳларимиздан бири бундай деган экан: «Агар эркак эркакка жинсий яқинлик қилса, ер Аллоҳга фарёд қилади, фаришталар Раббилари ҳузурига қочиб кетишади ва кўрган бу мудҳиш ҳолатдан шикоят қилишади».

Баъзи салаф-солиҳларимиз айтади: «Банда тонг оттирса, фаришта билан шайтон шоша-пиша унинг олдига келишади. Агар у Аллоҳни зикр этиб, Унга ҳамд айтса ва Ундан ўзга ҳақ йўқлигини эътироф этса, фаришта шайтонни ҳайдаб юборади ва унга ҳамроҳ бўлади. Борди-ю, бошқа нарса билан кунини бошласа, фаришта кетиб, шайтон унга ҳамроҳлик қилади».

Банда Раббини эслаб зикр этгани сари фаришта бандага яқинлашиб бораверади. Оқибатда ҳукмронлик, устунлик ва итоат шайтоннинг эмас, фариштанинг қўлига ўтади. Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримада айтганидек, банданинг ҳаётида ҳам, ўлим пайтида ҳам, қайта тирилиш кунида ҳам фаришта ҳамроҳи ва ёрдамчисига айланади. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, «Раббимиз Аллоҳдир» деган, сўнг (Аллоҳ ва Расули буюргандек) тўғри турган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар! Бизлар дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз” (Фуссилат, 30-31).

Бандага фариштанинг ҳамроҳ бўлиши мавжудотлар ичида энг насиҳатгўйи, энг фойдалиси, энг ғамхўри ҳамроҳ бўлди демакдир. Фаришта уни ҳақ йўлда собитқадам қилади, унга ҳақни ўргатади, иймонини кучайтиради ва қўллаб-қувватлайди. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), ўшанда Парвардигорингиз фаришталарга: «Албатта, Мен сизлар билан биргаман, шундай экан, сизлар иймон келтирган зотларнинг (ғалаба қозонишларига бўлган ишончларини) маҳкамланглар!” деб ваҳий қилган эди” (Анфол, 12). Фаришта ўлим пайтида унга: “Қўрқма, маҳзун бўлма, сени хурсанд қиладиган хушхабар билан шодланавер”, деб қувонтиради. Дунёда энг муҳтож пайтида, шунингдек, ўлим пайтида, қабрдаги савол-жавобда уни ҳақ сўз билан қўллаб-қувватлайди.

Бандага фариштанинг ҳамроҳлигидан кўра фойдалироқ нарса йўқ. Зеро, фаришта банданинг уйғоқлигида ҳам, ухлаётган пайтида ҳам, тириклик чоғида ҳам, ўлим пайтида ҳам, қабрида ҳам ҳамроҳи ва ёрдамчиси бўлади. Юраги сиқилганда ҳамдарди, ёлғиз қолганда суҳбатдоши ва ишончли сирдоши бўлади. Фаришта банданинг душмани билан курашади, уни душманларидан ҳимоя қилади, унга ёрдам беради, яхшилик ваъда қилиб, хушнуд этади ҳамда ҳақни тасдиқлашга ундайди. Баъзи олимлар Пайғамбаримизга, баъзилар саҳобийга нисбат берган бир ривоятда бундай дейилади: “Одам боласининг қалбида фаришта ва шайтон қутқуси бўлади. Фаришта қутқуси яхшилик ваъда қилиш ва Аллоҳнинг ваъдасини (охиратни) тасдиқлашдан иборат бўлса, шайтон қутқуси ёмонлик ваъда қилиш ва ҳақни ёлғонга чиқаришдан иборат”.

Фаришта бандага жуда яқин бўлса, унинг тилидан сўзлайди ва тилига тўғри сўзни солади. Агар узоқлашадиган бўлса, у ҳолда шайтон унга яқинлашиб, унинг тилидан сўзлайди ва тилига ёлғон, фаҳш сўзларни солади. Ҳатто бир инсон тилида фаришта сўзлаётганини, бошқа бирининг тилида шайтон сўзлаётганини кўрасиз. Ҳадисда: “Умарнинг тилида сакинат (фаришта) гапиради”, дейилади.

Салаф солиҳларимиз бир кишидан яхши сўзни эшитишса: “Буни сени тилингга фаришта солди”, деб, агар бунинг аксини эшитишса: “Буни сени тилингга шайтон солди”, деб айтишар эди. Чунки фаришта қалбга ҳақни солади ва уни тилда жорий эттиради. Шайтон қалбга ботилни солади ва уни тилда жорий эттиради.

Демак, гуноҳнинг касофатларидан бири у бандадан жонкуяр ҳамроҳи бўлмиш фариштани узоқлаштирар экан. Зеро, банданинг бахт-саодати унга яқин ва у билан ёнма-ён бўлишига, уни яхши кўришига боғлиқ. Қолаверса, гуноҳ бандага душманини яқинлаштиради. Банда унга яқин бўлиб, уни дўст тутгудек бўлса, уни бахтсиз ва ҳаётини барбод қилади, ҳалокатга етаклайди. Агар бир эсипаст бандага беодоблик қилиб, уни ҳақоратласа, фариштаси уни ҳимоя қилади. Бунга қуйидаги ҳадис далил бўлади.

Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурида икки киши тортишиб қолди. Шунда улардан бири иккинчисини ҳақоратлай бошлади. Униси эса индамай турарди. Бир пайт рақибига жавобан у ҳам бир сўз қайтарган эди Пайғамбаримиз ўринларидан туриб кетдилар. Ҳалиги саҳобий у зотга деди: «Ё Расулуллоҳ, (у шунча ёмон сўзлар айтишига қарамай жойингизда ўтирдингиз. Аммо) мен у айтган сўзларнинг айримини (яъни биргина ёмон сўз) айтган эдим туриб кетдингиз». Пайғамбаримиз: «(Сен индамай турганингда) фаришта сени ҳимоя қилаётган эди. Сен унга жавоб қайтарган ондан шайтон келди. Мен шайтон бор жойда ўтирмайман», деб жавоб бердилар.

Мусулмон одам биродари ҳаққига ғойибона дуо қилар экан, фаришта унинг дуосига омин деб: «Биродарингга нимани тиласанг сенга ҳам худди шу нарса насиб этсин», дейди. (Намозда) Фотиҳа сурасини ўқиб бўлгандан кейин фаришталар унинг дуосига (яъни Фотиҳа сураси ўз ичига олган дуога) омин деб айтишади.

Аллоҳнинг динига ва Расулуллоҳнинг суннатига эргашган мўмин банда гуноҳга қўл урса, аршни кўтариб турган ва унинг атрофидаги фаришталар уни кечиришини сўраб, Аллоҳга истиғфор айтишади.

Агар банда таҳоратли ҳолда ухласа, фаришта у билан бирга тунайди.

Мўмин банданинг фариштаси уни (душманидан) ҳимоя қилади, у билан курашади, (унинг ёмонликларини) қайтаради, бандага (ҳақни) ўргатади ва унда собитқадам қилади, шижоатлантиради. Шундай экан, унга ёмон қўшничилик қилиши, унга азият бериши, ҳузуридан ҳайдаши ва узоқлаштириши дуруст бўлмайди. Зеро, фаришта унинг меҳмони ва қўшниси. Одам жинсидан бўлган меҳмонни ҳурмат қилиш, одам жинсидан бўлган қўшнига яхшилик қилиш иймондан келиб чиққан мажбурият ва вазифа экан, энг ҳурматли меҳмон, энг яхши ва меҳрибон қўшнига иззат-икром кўрсатиш, яхшилик қилиш матлуб бўлмасинми?!

Банда ёнидаги фариштасига турли гуноҳ-маъсиятлар, зулм ва фаҳш ишлар билан азият берадиган бўлса, унга дуоибад қилиб: «Аллоҳ сени яхшилик билан мукофотламасин», дейди. Аксинча, тоат-ибодат ва яхши амаллар билан уни икром этадиган бўлса, унинг ҳаққига яхши дуолар қилади.

Саҳобалардан бири бундай деган экан: «Сизлар билан бирга сизлардан ҳеч ажрамайдиган зотлар бор. Улардан уялинглар ва уларни ҳурматини жойига қўйинглар». Мартабаси улуғ ҳурматли зотлардан уялмайдиган, уларни ҳурмат-эҳтиром қилмайдиган кишидан пасткашроқ банда бўлмаса керак. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ушбу маънога эътибор қаратиб бундай деган: «Ҳолбуки, шак-шубҳасиз сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб, ёзиб турувчи улуғ (фаришта)лар бордир. 12. Улар сизлар қилаётган ишларни билурлар” (Инфитор, 10-11). Яъни мана шу ёзиб турувчи улуғ фаришталардан уялинглар. Ўзингиз каби одамлар кўришидан уяладиган ишларга қўл уришдан сақланиб, уларни ҳурмат-эҳтиром қилинглар.

Маълумки, фаришталар одам боласи азиятланадиган ишлардан азиятланади. Одам боласи олдида бошқа бир одам фисқ-фужур ва гуноҳ ишларни қилса, гарчи унинг ўзи ҳам шу ишларни қилиб юрган бўлса ҳам, азиятланар экан, ёзиб турувчи улуғ фаришталар қанчалар азиятланади деб ўйлайсиз?!

Аллоҳ таоло бундай ҳолатга тушишдан Ўзи асрасин!

Изоҳ қолдиринг