Қабристонга киришга тааллуқли масалалар (3)

0

94 – Қабрлар орасида пойабзал билан юриш

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлар орасида пойабзал билан юришдан қайтарганлар. У зотнинг мавлоси Баширдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан юриб борар эканман, мушриклар қабрлари ёнидан ўтиб қолдилар ва: “Анавилар кўп яхшиликлардан қуруқ қолди”, деб уч марта такрорладилар. Сўнг мусулмонлар қабрлари ёнидан ўтдилар ва: “Анавилар кўп яхшиликларга улгуриб қолди”, дедилар. Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзлари қабрлар орасида пойабзал билан юрган кишига тушиб қолди ва: “Эй шиппакли кимса! Шиппакларингни ечиб ташла, ҳолингга вой бўлгур!” дедилар. Шунда киши қаради ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни таниди. Сўнг шиппакларини ечиб, улоқтирди»[1].

«Имом Аҳмад айтади: “Башир ибн Хасосия ҳадисининг санади «жаййид» (ҳасан). Мен шу ҳадисга амал қиламан. Бирон сабаб туфайли шиппак билан юриши бундан мустаснодир”. У киши «сабаб» деганда тикон кириши, жазирама иссиқ куйдириши ёки шунга ўхшаш нарсаларни назарда тутган. Бу ҳолатда озор етишидан қочиб, қабрлар орасида пойабзал билан юришнинг зарари йўқ»[2].

Имом Аҳмаднинг ўғли Абдуллоҳ айтади: «Отам жанозага чиқмоқчи бўлса маҳсисини кийганини кўрганман. Қабристонда эса пойабзалларни ечишга буюрар эдилар»[3].

Абу Довуд: «Аҳмад жанозага эргашса қабристонга яқин қолганда пойабзалини ечганини кўрганман», деди[4].

Исҳоқ ибн Роҳавайҳ айтади: «Қабристонга на пойабзал ва на маҳси билан киради. Қаттиқ совуқ ёки жазирама иссиқ туфайли кийишга мажбур бўлса, бундан мустаснодир»[5].

Шайх Ибн Боз айтади: «Қабристонда пойабзал билан юриш жоиз эмас. Бироқ қабристон тиканзор ёки жазирама иссиқ бўлиб, пойабзал кийишга эҳтиёж туғилса, кийса бўлади. Йўқса, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам шиппак кийган кишини қайтарганларидек, бу ишдан қайтарилади, унга шариат ҳукми тушунтирилади. Қабрлар орасидан юрса пойабзалини ечади, йўқса ечмайди. Масалан, қабристон бошида туриб салом берса, ечиши шарт бўлмайди»[6].

95 – Қабристонга автоуловларнинг кириши

Ибн Аттор Димашқий айтади: «Зиёратчи қабристонга уловда кириши яхши эмас. Чунки қабристон тавозе ва маййитларга ҳурмат кўрсатиш ўрнидир»[7].

Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Эҳтиёж бўлмаса, автоуловларни қабристонга киритмаслик керак. Чунки гоҳида бунинг ортидан одамларга торлик келиб чиқади. Қолаверса, дафн маросими тўй шодиёнасига ўхшаб қолиб, одамларни охиратни эслашдан чалғитиши мумкин»[8]. «Натижада, жанозанинг таъсири йўқолади. Тобут қайси машинада экани билинмай қолади. Бу ҳолат айни дамда тўйга ўхшаб кетади. Шунингдек, машиналар кўп кириб-чиққанидан қабристон ери ўзгаради, чанг-тўзон кўтарилади. Кейин ёмғир ёғса, зиёратчиларга қийинчилик туғдирадиган лойли ерга айланади»[9].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Агар эҳтиёж туғилса, қабристонга автоуловда кириш мумкин. Бироқ шарти, қабрлар устига ҳайдаш ва одамларга озор беришдан эҳтиёт бўлиш зарур»[10].

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Автоуловларни қабрлардан узоқ тутиш, қабрдан холи бўлган бўш жойларга тўхтатиш вожибдир»[11].

[1] Абу Довуд ривояти, 3230-ҳадис.

Нававий «Ал-азкор» китобида (225-бет) «ҳасан» деган.

Ибн Қаййим айтади: «Ҳадисни саҳиҳ эмас дея рад қилган бирор кимсани билмаймиз. Балки Имом Аҳмад: “Санади жаййид (яхши)” деган. Абдураҳмон ибн Маҳдий айтади: “Абдуллоҳ ибн Усмон бу ҳадис тўғрисида: «Санади жаййид, ровийси ишончли», дер эди”» («Таҳзиб ас-сунан», 3/1543).

[2] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 9/124, 10510-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[3] «Масоил ал-Имом Аҳмад» (ўғли Абдуллоҳ ривояти), 127-128-бетлар, 533-масала. Нашрга ҳозирловчи: Абу ал-Ашбал ал-Мисрий. «Дор ал-мавадда» нашриёти, учинчи нашр, 1429 ҳ.й.

[4] «Ал-масоил», 224-бет, 1063-масала.

[5] Исҳоқ ал-Кавсаж. «Масоил ал-Имом Аҳмад ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳ», 9/4738, 3400-масала.

[6] «Мажмуъ ал-фатово», 13/355.

[7] «Фазлу зиёрат ал-қубур», 37-бет.

[8] Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ. «Фатово фи аҳком ал-жаноиз», 457-бет.

[9] Шайх Абдураҳмон ал-Баррок ҳафизаҳуллоҳ фойдаларидан.

[10] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/374, 20844-фатво, иккинчи тўплам.

[11] «Фатово нурун алад-дарб», 1/300.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг