Эй иймон келтирганлар (36): Муртад бўлишдан огоҳ этиш ва чин мўминлар сифатлари ҳақида

0

Эй иймон келтирганлар, сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ уларни яхши кўрадиган, улар ҳам Аллоҳни яхши кўрадиган, мўминларга раҳмли ва кофирларга қаттиққўл бўлган бир қавмни келтиргай. Улар Аллоҳнинг душманларига қарши жиҳод қиладилар ва Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмайдилар. Бу Аллоҳнинг фазли марҳаматидир, уни истаган бандасига беради. Аллоҳ фазли карами кенг ва билувчи зотдир” (Моида, 54).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳ таоло мўмин бандаларига нидо қилиш билан уларнинг ҳидоятини зиёда қилишни ва икки дунёда саодатга эриштиришни истайди. Навбатдаги бу нидода ҳам меҳрибон Парвардигор мўминларни муртад бўлиб, Исломдан ширкка қайтиб кетишдан огоҳлантирди. Диндан қайтиб мушрик бўлиб кетиш жуда нодир ҳол, бироқ Ислом динини яҳудийлик ё насронийликка ўзгартириш ҳоллари – Аллоҳ сақласин – бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам бундан олдинги нидода Аллоҳ таоло мўминларни яҳуд ва насороларни дўст тутишдан қайтарди: “яҳуд ва насороларни дўст тутманг” (Моида, 51). Уларни дўст тутиш яҳудийлашиш ва насронийлашишга йўл очади. Ким уларни дўст тутса, у ўшалардан бўлади ва бу билан Исломдан муртад бўлиб, яҳудийлик ё насронийликка кириб кетади, ҳидоятдан сўнг залолатга кетган бўлади, Аллоҳ сақласин. Бу нидода Аллоҳ мўминларга нидо қилиб: “Эй иймон келтирганлар, сизлардан ким динидан қайтса”, деди, диндан мурод Ислом динидир.

Биласизми, киши нима билан диндан чиқади? Яҳудийча ёки насронийча эътиқодни қабул қилиш, уларни яхши кўриш, дўст тутиш, ибодатхоналарига ва ибодатларига ҳозир бўлиш, нимани ибодат ва диний амал деган ниятда қилсалар ўшани қилиш ва нимани ташласалар ўшани тарк қилиш, уларга хос кийимларни кийиш кишини диндан чиқаради. Буни доим ёдда тутинг, асло унутманг. Барча мусулмонлар Аллоҳнинг ғазаби ва азобига гирифтор қилувчи бундай муртадликдан огоҳ бўлсинлар.

Энди содиқ мўминлар сифатларини баён қилиб, Аллоҳ таоло бундай деди: “Аллоҳ уларни яхши кўрадиган, улар ҳам Аллоҳни яхши кўрадиган, мўминларга раҳмли ва кофирларга  қаттиққўл бўлган бир қавмни келтиргай. Улар Аллоҳнинг душманларига қарши жиҳод қиладилар ва Аллоҳ йўлида ҳеч бир маломатчининг маломатидан қўрқмайдилар”.

Содиқ мўминлар сифатининг биринчиси Раҳмон таоло уларни яхши кўришидир. Бу қандай ҳам яхши сифат.

Иккинчиси: Уларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари. Нақадар улуғ сифат.

Учинчиси: Мўминларга хокисорлик билан юмшоқ муомалада бўлиш.

Тўртинчиси: Кофирларга қаттиққўллик билан аёвсиз муомала қилиш.

Мазкур учинчи ва тўртинчи сифат Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар сифатланган оятда келган. Аллоҳ таоло деди: “Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир. У билан бирга бўлган мўминлар кофирларга қаттиққўл ва бир-бирларига раҳмлидирлар” (Фатҳ, 29).

Бешинчиси: Аллоҳ йўлида жиҳод қиладилар. Қачон жарчи жиҳодга чорласа, қўлга қурол олиб, жангга чиқадилар. Мақсадлари Аллоҳнинг розилигини топиш, динига нусрат бериш ва мўмин биродарларига ёрдам бериш бўлиб, ундан бошқа мақсадлари йўқдир.

Олтинчиси: Мукаммал илм, соғлом иймон ва аниқ ишончга эга эканлари туфайли ҳақ динга эътиқод қилиш, ҳақни айтиш, уни ошкор этиш, унга амал қилиш ва унга даъват қилишда маломатчиларнинг маломатидан, душманларнинг адовати-ю урушишларидан қўрқмайдилар.

Аллоҳ таоло бу нидони: “Бу Аллоҳнинг фазли марҳаматидир, уни Ўзи истаган бандасига беради. Аллоҳ фазли карами кенг ва билувчи зотдир”, деган сўзи билан ниҳоялади.

Бу олти сифатни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким беришга қодир эмас ва бу сифатларга Аллоҳнинг дўстларидан бошқа ҳеч ким лойиқ бўла олмайди. Бу Аллоҳнинг фазли-марҳамати, ҳар кимга ҳам берилавермайди. Бунга эришиш учун уни чин дидан исташ, унга интилиш, унга элтувчи йўлда юриш лозим.

Бу фазл-марҳаматни Аллоҳга иймон келтириш ва тоғутга кофир бўлиш билан талаб қилинади. Аллоҳ таоло деди: “Динга мажбурлаб киритиш йўқ, далил-ҳужжатлар ҳақ ботилдан, ҳидоят залолатдан ажралиб турадиган даражада аниқ-равшандир. Ким Аллоҳдан ўзга сиғиниладиган нарсаларнинг барчасини инкор қилса ва Аллоҳга иймон келтирса, диннинг ҳеч узилмас мустаҳкам тутқичини тутибди. Аллоҳ эшитувчи, билувчи зотдир. Аллоҳ мўминларни дўст тутади. Уларни куфр зулматларидан иймон нурига чиқаради. Кофир бўлган кимсаларнинг дўстлари тоғутлардир, тоғутлар уларни иймон нуридан куфр зулматларига чиқаради. Ана ўшалар дўзах эгаларидир, улар унда мангу қоладилар” (Бақара, 256-257).

Аллоҳга иймон келтириш ва тоғутларни инкор қилиш “Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ ва Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчисидир” деган шаҳодат калимасини рўёбга чиқариш билан бўлади. Бунинг учун инсон ёлғиз Аллоҳ Раб ва илоҳ,  Ундан ўзга Раб ва илоҳ йўқ, деб иймон келтириши лозим бўлади, бу иймонини “Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ” (Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир) деб ошкор айтиб эълон қилади, сўнг Аллоҳ буюрганидек ва Расулуллоҳ баён қилиб берганидек кўринишда Аллоҳга ибодат қилади. Қандай бўлмасин Аллоҳдан бошқага ибодат қилмайди, балки Аллоҳдан бошқага ибодат қилинса ғазаб қилади, ширкка асло рози бўлмайди.

Аллоҳнинг бу нидосини ва ундаги ҳидоят ёғдуларини яхши англаб етдингиз деб умид қиламан. Шу муносабат билан сизга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Зар Ғифорий номли саҳобага қилган насиҳатларини ҳавола қиламан. Саодат топишингиз учун сиз ҳам бу насиҳатни яхши тушуниб олинг ва унга амал қилишга ҳаракат қилинг. Абу Зар разияллоҳу анҳу айтади: “Халилим саллаллоҳу алайҳи ва саллам мени етти нарсага буюрдилар: мискин кишиларни яхши кўриш ва уларга яқин бўлиш, мол-дунёда ўзимдан юқори бўлганларга қарамаслмк ва ўзимдан паст бўлганларга қараш, мен билан алоқани узган бўлса ҳам қариндошларга силаи раҳм қилиш, одамлардан бирон нарса сўрамаслик, қанчалик аччиқ бўлса ҳам фақат ҳақни гапириш, Аллоҳ йўлида ҳеч қандай маломатдан қўрқмаслик ва Аршнинг остидаги хазина бўлган “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” (Бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиш ҳам, қувват ҳам ёлғиз Аллоҳдандир) зикрини кўп айтишга амр этдилар” (Имом Аҳмад “Муснад”да келтирган).

Шуни билингки, эй ҳурматли ўқувчи, агар бу нидода жамланган олти сифатни ва Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зар разияллоҳу анҳуга буюрган етти сифатни ҳаётингизга татбиқ қила олсангиз, комиллик чўққисига кўтарилган, энг афзал хислатларни топган ва Аллоҳнинг тавфиқи, инъоми ва фазл-марҳамати билангина эришиладиган неъматга эришган бўласиз.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг