Тўғриланиши лозим бўлган тушунчалар: «Ла илаҳа иллаллоҳ» тушунчаси (19)

0

Мусулмон жамиятда гуноҳнинг чегараси қандай бўлади? Бу чегара жамиятнинг барча аъзосини қамраб оладими ва ислом амалларидан ҳар бир амалга бирдек тааллуқлими?

Гуноҳ ишларни қилатуриб ҳам жамият исломийлигича қоладими? Тасдиқ ва иқрор бўлса, кифоями?

Агар биз тасдиқлаш ва иқрор бўлишни мутлақ иймон деб билсак ва шу иккиси иймоннинг рукнидир, гарчи инсон ислом амалларидан биронтасига амал қилмаса ҳам, уни мўмин деб атаймиз, чунки амал иймоннинг атамасига кирмайди, дейдиган бўлсак, шу фикрга кўра шундай сифатдаги кишига бемалол мусулмонлик исмини бера оламиз ва жаннатга киришига кафолат ҳам берамиз. Ва буни бир шахсга хослаб, бошқасидан ман этолмаймиз ҳам. Шунингдек, буни бир жамиятга рухсат бериб, бошқа бир жамиятдан ман қилолмаймиз.

Энди олдимизда барча аъзолари мана шундай мўмин-мусулмон кўринишидаги жамият мавжуд дейлик, бу жамиятнинг ҳоли қандай бўлади?

Яъни жамият мазкур икки сифатга эга бўлгани сабабли мақсад ҳосил бўлди, деймизми? Аллоҳ уларга пайғамбарлар юборишидан ва китоблар нозил қилишидан истаган мақсад рўёбга чиққан бўладими?

Шу ўринда Аллоҳ таоло пайғамбарларни юбориши ва китобларни нозил қилишидан бўлган ғоя-мақсадни баён қилган оятни эсга олайлик:

Биз пайғамбарларимизни очиқ далиллар билан юбордик. Улар билан бирга китобларни туширдик. Одамлар адолат ўрнатишлари учун мезон-тарозини туширдик” (Ҳадид, 25).

Ҳақиқатда ҳам одамлар адолатни шу йўсинда ўрнатяптиларми? Келинглар, умматнинг чиқарилишдан бўлган мақсадни ёритган оятларни ҳам яна бир эслаб ўтайлик:

Эй Муҳаммад уммати, сизлар энг яхши уммат ва инсонларга энг кўп манфаат етказувчи одамларсиз. Зеро, маъруфга (шариат ҳам, ақл ҳам яхши иш деб билган нарсага) буюрасизлар, мункардан (шариат ҳам, ақл ҳам ёмон иш деб билган нарсадан) қайтарасизлар, Аллоҳга иймон келтирасизлар” (Оли Имрон, 110).

Шунингдек, охиратда бошқа умматлар устидан (пайғамбарлари уларга Рабларининг рисолатини етказганлари хусусида) гувоҳ бўлишингиз ва шунингдек, Пайғамбар охиратда сизларнинг устингиздан (Раббининг рисолатини етказгани хусусида) гувоҳ бўлиши учун, сизларни энг яхши ва адолатли уммат қилдик” (Бақара, 143).

Ва Аллоҳ йўлида ҳақиқий жиҳод қилинг. У сизларни бу диннинг юкини кўтаришга танлади. Бу шариатнинг вазифалари ва ҳукмларида – ўтган баъзи умматларнинг шариатида бўлганидек – торлик ва оғирлик йўқдир. Бу енгил дин отангиз Иброҳимнинг миллати – динидир. Аллоҳ бундан олдин нозил қилинган китобларда ҳам, бу Қуръонда ҳам сизларни мусулмонлар деб номлади. Пайғамбар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббининг рисолатини сизларга етказгани ҳақида устингизда гувоҳ бўлиши учун ва сизлар ҳам бошқа умматлар устида уларнинг пайғамбарлари Аллоҳ сизларга Ўз китобида хабар берган нарсаларни етказганликларига гувоҳ бўлишингиз учун сизларни мана шу танловга хослади. Сизлар бу неъматнинг қадрини билиб, унга шукур қилинглар. Намозни шартлари ва рукнлари билан адо қилинглар ва фарз закотни чиқаринглар. Аллоҳга боғланинглар ва Унга таваккул қилинглар. У сизларнинг дўстингиздир. Аллоҳ нақадар яхши дўст, нақадар яхши ёрдамчи!” (Ҳаж, 78).

Мазкур оятларда зикр этилган мақсадлардан биронтаси айтилганидек ҳаётга татбиқ этиляптими?!

Аслида Аллоҳ таоло бизни мана шундай ўйлашдан ва шундай нотўғри йўл тутишдан огоҳлантирмаганмиди?! Бу айни Бани Исроил тушиб қолган ҳолат эмасми?! Уларнинг ҳолига тушиб қолмаслигимиз учун Аллоҳ таоло бизни қуйидаги ояти билан огоҳ этган эди:

Сўнг Китобни (Тавротни) аждодларидан мерос қилиб олган, уни ўқиб, ўрганган ва ҳукмларига хилоф иш қилган ёмон авлодлар келди. Улар очкўз ва ҳарис бўлишгани учун бу дунё матоларидан нима тўғри келса, ҳалолми, ҳаромми, фарқламасдан оладилар. Шу ҳолда ҳам яна Аллоҳга нисбатан пуч орзу қилиб, Аллоҳ бизни кечириб юборади, дейишади. Ўша яҳудийларга дунёнинг фоний матоларидан ҳар турли ҳаром нарсалар келса, гуноҳларида ва ҳаром ейишларида маҳкам турган ҳолларида уларни ҳалол санаб қабул қилишади. Ахир улардан Тавротни татбиқ қилиш ва унга амал қилиш, Аллоҳга нисбатан фақат рост сўзлаш ва Унинг номидан ёлғон сўзламаслик аҳдлари олинмаганмиди?! Аллоҳдан тақво қиладиган ва Унинг буйруқларини қилиб, қайтариқларидан тийиладиган тақводорлар учун охират ҳовлиси яхшироқдир. Ҳаром-ҳаришдан пул-мол топаётган у кимсалар тақводорлар учун Аллоҳ ҳузуридаги нарсалар яхшироқ ва боқийроқ эканлигини англаб етишса бўлмайдими?!”. (Аъроф-169).

Ёки бу фақатгина Бани Исроил зиммасига юкланган масъулият бўлиб, ундан бизнинг мусулмон уммат афв этилганми?

Бундай гумонни даф этиб, Ҳузайфа разияллоҳу анҳу бундай дейди: “Бани Исроил сизларга жудаям яхши биродарлар бўлди-да! Ҳамма ширин нарса сизларга-ю, аччиғи уларга экан-да!” (Табарий тафсири, 6/253).

Агар мусулмон жамиятда иймон ва “ла илаҳа иллаллоҳ” тушунчаси ҳақида шундай бўлмағур фикрлар тарқалар экан, у жамият Пайғамбар алайҳиссалом огоҳ этган “хас-хашак” каби пуч ва заиф бўлиб қолиши табиийдир. Зеро у зот дедилар: “Миллатлар (кофирлар) сизларнинг устингизга худди ошхўрлар товоқлари устига ёпирилиб келганларидек ёпирилиб келишларига оз вақт  қолди”. Саҳобалар: “Ўша вақт биз оз бўлганлигимиз учунми, ё Расулуллоҳ?” дедилар”. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар ўша вақт кўп бўласизлар. Аммо селда оқадиган хас-хашаклар каби пуч бўласизлар”, дедилар.

Бугунги кунда ҳақиқатан ҳам кофир миллатлар ўша “хас-хашаклар” устига ёпирилиб келдилар. У бўлса ҳамон тасдиқ ва иқрорга қаноат ҳосил қилиб, шу билан мукаммал иймонни қўлга киритдим, деб ўйлаяпти.

Аллоҳнинг шариатига мувофиқ ҳукм юритадиган жамиятда ҳам гуноҳ содир бўлиши табиий ҳол. Биз гуноҳ содир бўлмайди, демоқчи эмасмиз. Лекин жамиятда иккита асос амалда қолиши шарт. Ўзини мусулмон ҳисоблаган ҳар бир шахс уни тан олиши ва унга амал қилиши лозим. Шу билан дунёдаги жазодан қутилади. Охиратдаги ҳукми эса Аллоҳга ҳавола. Агар иймони борлигидан амал қилган бўлса, Аллоҳ уни жаннатга киргизади. Агар мунофиқона амал қилган бўлса, дўзахга киргизади. Давом этиши керак бўлган икки асос нима? Биринчиси намоз, иккинчиси шариат билан ҳукм юритишдир. Бу иккисига бўлган амал ўн уч асрдан бери исломий жамиятларда давом этиб келган эди. Гарчи ички тарафдан қаралганда, мунофиқлик урчиган жамият бўлса ҳам, жамиятда қанчадан-қанча мункар ишлар ривож топган бўлса ҳам, Ислом мажбуриятларидан қутулиш йўллари кўпайган бўлса ҳам, инсонлар бу икки амални очиқчасига тарк этмаган эдилар. Булар фақат шу асрда, бизнинг давримизда тарк этилди.

Изоҳ қолдиринг