Охирзамон қирғинлари (13): Аҳли суннат уламолари охирзамон фитна ва қирғинлари ҳақидаги хабарларга муносабат билдиришда тутган йўли (3)

0

Олтинчиси: муташобеҳ далилларни муҳкам далилларга қиёсан тушуниш ва тушунарсиз бўлган далилларни билимдонидан сўраш

Шариатимиз ўрнатган қоидаларнинг бири шуки, муташобеҳ[1] далиллар муҳкам[2] далилларга монанд тушунилади. Ақлимиз етмаган ва тушунмаган далилларни, агар одам боласи билиши мумкин бўлган турдан бўлса, билимдонидан сўралади ёки Аллоҳ таолога ҳавола қилинади. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла барча нарсани билувчи зот[3].

Ушбу қоиданинг далили қуйидаги саҳиҳ ҳадис: “Бир гуруҳ улуғ саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эшиги олдига келиб ўтиришди ва Қуръондаги айрим оятларни зикр қилишиб, улар ҳақида тортишиб қолишди. Ҳатто товушлари кўтарилиб кетди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзлари қизариб ғазабланган ҳолда чиқиб келдилар ва улар устига тупроқ сочиб дедилар: “Ҳой инсонлар, ўзларингизни босинглар! Сиздан олдинги умматлар мана шу туфайли – Пайғамбарларига хилоф иш тутганлари ва ўзларига нозил қилинган китобдаги айрим сўзларни бир-бирига уруштиргани (яъни бир-бирига зид деб билгани) сабабли ҳалок бўлди. Дарҳақиқат, Қуръоннинг бир ояти иккинчи оятини ёлғонга чиқарадиган қилиб туширилмаган. Балки бири иккинчисини тасдиқлайдиган қилиб индирилган. Ундан билганларингизга амал қилинглар, билмаганларингизни билимдонига ҳавола этинглар[4].

Мазкур қоидани татбиқ қилиш самараси Маҳдийнинг шахсини аниқлашда кўринади. Чунки, Маҳдийда бошқа инсонларда ҳам учрайдиган сифатлар бўлиши айтилган. (Масалан, исми Муҳаммад, отасининг исми Абдуллоҳ, Пайғамбаримиз зурриётларидан бўлиши ва ҳоказо бир қанча инсонларда учраши мумкин бўлган сифатлари бор.) Ким энди бир инсонни Маҳдий ёки у эмаслигини мазкур сифатлари (аломатлари) орқали аниқлай олмаётган бўлса, унга нисбатан бу сифатлар муташобеҳ қабилидан бўлади ва бу ҳолатда у Маҳдий ҳақида айтилган муҳкам сифатларга мурожаат қилиши керак. Маҳдийни аниқлаштиришдаги муҳкам сифатлардан бири Маҳдий сабабли бир қўшинни ер ютиши бўлади[5].

Еттинчиси: бир воқеа ҳақида хабар берган далил билан бир шаръий ҳукмни жорий қилиш учун айтилган далиллар ўртасини ажратиш

Аҳли суннат ва жамоат уламолари бир воқеа ҳақида хабар бериш ниятида айтилган далил билан шаръий ҳукмни жорий қилиш мақсадида айтилган далиллар ўртасини ажратишади. Бирон ишни қиёмат аломатларидан деб хабар беришнинг ўзи унинг ҳалол ё ҳаром эканини ҳам, шариатимиз унга кўнгани ва рози бўлганини ҳам, унга хайрихоҳлигини ёки қўллашини ҳам билдирмайди. Бу каби ҳукмлар шаръий ҳукмни жорий қилиш мақсадида айтилган далиллардан олинади. Аммо бир воқеа ҳақида хабар бериб айтилган далил муайян бир шаръий ҳукмни жорий қилиш маъносини ҳам ўз ичига олса, унга амал қилиш вожиб саналади ва бу юқорида айтилган ҳолатдан мустасно бўлади[6].

Доктор Муҳаммад Бозмул айтади: “Охирзамон фитналарига тегишли ҳадислар ғайбий ишлар ҳақида хабар беради. Улар кавний-коинот қонун-қоидалари ҳақида хабар бериш жумласидан саналади. Агар охирзамон фитналарига доир ҳадислар шаръий ҳукмларни баён қилиш мақсадида айтилган далилларга зид келса, уларни шаръий ҳукмларга далил қилиш дуруст эмас[7].

[1] Муташобеҳ араб тилида зоҳирида бир-бирига ўхшаш, лекин маъноси бошқа-бошқа бўлган сўзлар деган маънони билдиради. Муташобеҳ далил эса ўзда бир қанча маънолар эҳтимолини мужассам этган далил. Бундан бошқа фикрлар ҳам айтилган. Қаранг: Ибн Қутайба, “Таъвийлу мушкилил-Қуръон”, (132-бет), Ибн Форис, “Мақойисул-луға”, (3\243), Абул Қосим, “Ал-муфрадоту фи ғарибил-Қуръон”, (254-бет), “Ал-мусаввада”, (144-бет) ва “Мабоҳису фи улумил-Қуръон”, (221-бет).
[2] “Муҳкам” сўзи араб тилида икки хил маънони билдиради. Биринчиси, ман қилиш, иккинчиси, бир ишни пухта бажариш. Муҳкам далил эса сўзида ҳам, маъносида ҳам бирон шубҳа ва ноаниқлик (тушунарсизлик) бўлмаган очиқ далил. Қаранг: Ал-муфрадоту фи ғарибил-Қуръон”, (128-бет), Ибн Манзур, “Лисонул-араб”, (2\540), “Ал-мусаввада”, (144-бет), Ийсорул-ҳақ ъалал-халқ фи раддил-хилофот”, (259, 260), Саъдий, “Тайсирул-Каримир-Раҳмон”, (1\208, 209).
[3] Қаранг: Таҳовий, “Шарҳу мушкилил-осор”, (6\334-340), Ибн Таймия, “Мажмуул-фатово”, (3\41, 6\150), “Шарҳу ақидатит-таҳовия”, (2\584) ва Холид Сабт, “Қавоидут-тафсир”, 2\662-664).
[4] Аҳмад “Муснад”да 6702 рақам остида Амр ибн Шуайбдан ривоят қилган. Албоний “Силсилатул-аҳодисус-саҳиҳа” китобида, 1522 ҳадис изоҳида саҳиҳ деган.
[5] Қаранг: “Аломатус-соа диросатун таҳлилия”, (184, 185). Келгусида бу ҳақда сўз юритилади.
[6] Қаранг: “Маолиму ва манороту фи танзили аҳодисил-фитан”, (177-бет) ва озмул, “Маққифул-муслими минал-фитан”, (45-48-бетлар).
[7] Бозмул, “Маққифул-муслими минал-фитан”, (45-бет).

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг