Дард ва даво (78): Гуноҳнинг касофати (37)

0

Бўлим

  1. Гуноҳлар ҳалокатга етаклайди

Гуноҳлар бандани дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳалок қиладиган ишларни жалб этади.

Гуноҳлар (қалбга етадиган) касалликлардир. Агар бу касалликлар қалбга мустаҳкам ўрнашиб олса, албатта ҳалок қилади. Инсон танаси соғлом бўлиши учун қувватини сақлаб турадиган озуқага, кўпайиб кетса тана бузилишига олиб келадиган ёмон моддалар ва зарарли қоришмаларни чиқариб ташлашга, зарарли нарсаларни истеъмол қилишдан тўсадиган парҳезга муҳтож бўлганидек, қалб ҳам тирик қолиши учун қувватини сақлаб турадиган иймон ва солиҳ амал озуқасига, ёмон моддалар ва зарарли микробларни чиқариб ташлайдиган чинакам тавбага, соғликни сақлайдиган ва соғлиққа путур етказадиган нарсалардан четлатадиган парҳезга муҳтож бўлади.

Парҳез соғлиққа зарар етказадиган нарсаларни тарк қилиш демакдир.

Тақво эса мазкур уч омилни: озуқа, тавба, парҳезни  ўз ичига олади. Қай бири бўлмаса, тақво ҳам шу қадар озаяди.

Юқорида айтилган сўзларни тушунган бўлсангиз, шуни билингки, гуноҳлар мазкур уч омилга зид ишдир. Зеро, гуноҳлар зарарли моддаларни жалб этади, парҳезга зид келадиган қоришма (шубҳали нарса)ларга олиб боради ва чинакам тавба орқали зарарли моддалардан халос бўлишга тўсқинлик қилади.

Микроб ва вируслар тўпланиб қолган хаста танага бир назар солиб кўринг; бундай тана на микробларни чиқариб ташлайди, на парҳез қилади. Қандайсига у соғлом ва тирик қолсин?!

Инсон касалликдан қўрқиб, парҳез қилиш билан танасини ҳимоя қилади. Ҳолбуки, у дўзахдан қўрқиб гуноҳлардан парҳез қилиши муҳимроқ эди!

Ким Аллоҳнинг амрига бўйсуниб қувватини сақласа, парҳез қилиб қайтариқларидан четланса ва чинакам тавба орқали зарарли моддаларни чиқариб ташласа, ҳамма яхшиликни қўлга киритган, ҳамма ёмонликдан сақланган бўлади. Аллоҳ таоло Ўзи ёрдам берсин.

Изоҳ қолдиринг