Сийрат: Пайғамбаримизга илк ваҳий тушиши (5)

0

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз кўзлари билан кўриб, қулоқлари билан эшитган бу воқеадан қалблари қўрқувга тўлган ҳолда уйга қайтар эканлар, демак, бундан у зот илгари пайғамбарликни орзу қилиб юрмаганликлари, ҳатто уни хаёлларига ҳам келтирмаганлари аён бўлади.

Аллоҳ таоло мазкур маънони таъкидлаб, бундай дейди:

“(Эй Пайғамбар,) сиздан олдинги пайғамбарларга ваҳий қилганимиз каби сизга бу Қуръонни ваҳий қилдик. Сиз ундан олдин илоҳий китоблар нима, иймон нима, билмас эдингиз. Лекин Биз Қуръонни нур қилдик, у билан истаган бандаларимизни тўғри йўлга ҳидоят қиламиз. (Эй Пайғамбар,) шубҳа йўқки, сиз тўғри йўлга – Исломга йўллайсиз. У еру осмонлардаги барча нарсанинг ёлғиз эгаси бўлган Аллоҳнинг йўлидир. Эй одамлар, огоҳ бўлинг, барча ишлар Аллоҳнинг ҳузурига қайтади” (Шўро, 52-53).

Аллоҳ таоло яна айтади:

Уларга оятларимиз тиловат қилинганда қайта тирилишга иймон келтирмайдиган кимсалар: “Сен бундан бошқа бир Қуръон келтир, ёки уни ўзгартир”, дейишади. (Эй Пайғамбар, уларга) айтинг: “Бундай қилиш менга жоиз эмас. Мен Раббим менга буюраётган сўзларгагина эргашаман. Мен Унинг амрига хилоф қилсам, улуғ куннинг азобидан қўрқаман”. (Эй Пайғамбар, уларга айтинг): “Агар Аллоҳ истаса, мен сизларга бу Қуръонни тиловат қилмаган бўлардим ва Аллоҳ уни сизларга билдирмаган бўларди. Раббим менга бу Қуръонни ваҳий қилишидан ва мен сизларга уни ўқиб беришимдан илгари ҳам мен сизларнинг ичингизда узоқ вақт турганимни биласизлар. Ақлларингизни ишлатсангиз бўлмайдими?!” (Юнус, 15-16).

Ваҳий тўғрисида шубҳа қўзғайдиган кимсаларнинг уйдирмалари юқоридаги Ойша онамиз ривоят қилган саҳиҳ ҳадис олдида барбод бўлди. Илк бор нозил бўлган ваҳий кейин ҳам ана шундай тарзда нозил бўлиб келди. Буни Доктор Бутий қуйидагича ёритади:

  • Қуръон билан ҳадис ўртасидаги равшан фарқ: Зеро Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ваҳий нозил бўлгач, уни дарҳол ёзиб олишга буюрар эдилар. Ҳадисни эса ёзишга буюрмас эдилар. Лекин бу дегани ҳадиснинг пайғамбарликка ҳеч қандай алоқаси йўқ, дегани эмас. Балки Қуръон у зотга лафзлари ва ҳарфлари ила Аллоҳ томонидан ваҳий қилиниб, Жаброил алайҳиссалом орқали етказилган бўлса, ҳадиснинг маъноси Аллоҳдан, лафзи ва таркиби эса у зотнинг ўзларидандир. Шунинг учун ҳадис Аллоҳнинг каломига аралашиб кетишидан эҳтиёт бўлиб Қуръонни ёзиб олишга буюрар эдилар.

  • Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга баъзи масалалар ҳақида савол қилинганда гоҳо дарҳол жавоб бермас, гоҳида узоқ вақт сукут қилиб турар эдилар. Сўралган масаланинг ҳукмини баён этувчи оятлар нозил бўлгандан кейин уни одамларга ўқиб берар эдилар. Гоҳида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи ишларда муайян бир кўринишда тасарруф қилар, кейин у ҳақда Қуръон оятлари нозил бўлиб, баъзан у зотни тутган йўлларидан қайтарар эди, баъзан танбеҳ берар эди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқиш ва ёзишдан бехабар киши бўла туриб, Юсуф алайҳиссалом, Мусо алайҳиссалом, Фиръавн каби тарихий шахсларнинг қиссаларидан улкан маълумотга эга бўлишлари ақлга сиғмайдиган нарсадир. Бу эса албатта илоҳий ваҳийга далолат қилади. Аллоҳ айтади: “Сиз ўзингизга Қуръон нозил бўлишидан илгари на ўқишни, на ёзишни билардингиз. Агар сиз ўзингизга ваҳий келишидан олдин ўқиш ва ёзишни билганингизда эди, бузғунчи кимсалар бу ҳақда шубҳа қилган бўлар эдилар” (Анкабут, 48).  Яъни шаккоклар: “Муҳаммад илгариги китоблардан ўрганиб олган ёки ўшалардан кўчириб олган”, деб айтган бўлар эдилар.

  • Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қирқ йил мобайнида қавмлари ичида ростгўй ва омонатдор деб танилишлари шак-шубҳасиз у зотнинг ёлғончиликдан йироқ самимий инсон эканликларига далолат қилади. Шунинг учун дастлаб ваҳий масаласида ўйланиб қолган ва тараддудга тушган бўлишлари ҳам мумкин. Қуйидаги оят гўё ваҳийнинг илк палласида ана шундай фикр-мулоҳазалар қилганликларини исботи ўлароқ нозил бўлганга ўхшайди: “Эй Пайғамбар, агар Биз хабар берган нарсалар ҳақиқати борасида шак-шубҳада бўлсангиз, ўзингиздан илгариги Таврот ва Инжил аҳлидан бўлмиш китоб ўқийдиган кимсалардан сўранг. Сизга Раббингиз томонидан сизнинг Аллоҳнинг элчиси эканингиз борасида аниқ ҳақиқат келди. Сиз асло бунинг ростлиги ва ҳақиқати борасида шак қилувчилардан бўлманг” (Юнус, 94).

Ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом бу оятлар нозил бўлгандан кейин “Шак-шубҳа қилмайман ва савол ҳам қилмайман”, деган эканлар (Табарий ривояти)[1].

[1] Рамазон Бутий, «Фиқҳ ас-сийра ан-набавия», 66-бет.

Изоҳ қолдиринг