Қабристонга киришга тааллуқли масалалар (4)

0

96 – Қабристонда ҳожат чиқариш

Мусулмон маййит қабрига катта ё кичик ҳожат чиқариш ҳаром эканига ижмо қилинган[1].

«Чунки мусулмоннинг қабри ҳурматга сазовор экани ҳадисларда айтилган. Зеро, у мусулмон маййитнинг уйидир. Унга бирон нажосат ташлаш жоиз эмаслигига уламолар иттифоқ қилган»[2].

Аввалроқ айтиб ўтилганидек, қабрга суяниш ё ўтириш ҳаром бўлар экан, қабрлар устига, ё ораларига ёзилиш ҳаром бўлиши янада авлороқдир[3].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Лаънат келтирувчи икки ишдан сақланинглар», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг элчиси, лаънат келтирувчи икки иш нима?» деб сўрашди. У зот: «Одамларнинг юрадиган йўл ёки соя-салқинга ёзилишдир», дедилар[4].

Имом Қуртубий айтади: «(Қабрлар устига ёки ораларига) ёзилиш ҳам соя-салқин, йўллар, мевали дарахт ости, ё бошқа шу каби жойларга ёзилиш билан бир хил. Чунки бу иш мусулмон маййитни таҳқирлаш, унинг тирик яқинлари ва дўстларига озор бериш саналади»[5].

Иброҳим Нахаий Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан: «Мўминга ўликлигида озор бериш тириклигида озор бериш кабидир», деганини ривоят қилган[6].

«Ал-фуруъ» китобида айтилади: «Қабрлар орасига ёзилиш макруҳдир. Имом Аҳмад макруҳ деб билган, Ҳарб эса «қаттиқ макруҳ» дея қўшимча қилган. «Ал-фусул»да айтилишича, маййит ўлгани билан ҳурмати боқийдир. Шунинг учун ҳам яқинига нажосат улоқтириш каби тирик одамга нима озор берса, шундай нарсалар маййитдан ҳам узоқ тутилади»[7].

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабр устига ўтириш, унга суяниш, қадам босиш каби ишлардан қайтариқлари тўғрисида ўйлаб кўрса, бу қайтариқдан қабрда ётган маййитларга ҳурмат бажо келтириб, қабрларини оёғости қилмаслик кўзда тутилганини тушуниб етади. Шунинг учун ҳам қабрлар орасига ҳожат чиқариш ман этилади»[8].

97 – Қабристонларга ахлат ташлаш

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят этилган саҳиҳ ҳадислар мусулмон маййитларга эҳтиром кўрсатиш, уларга озор бермаслик вожиблигига далолат қилади. Шак-шубҳа йўқки, автоуловлар, тракторлар ёки чорва ҳайвонлари қабрларни босиб ўтиши, улар устига ахлат ташланиши маййитларни таҳқирлаш, уларни ҳурмат қилмаслик саналади. Бу ишларнинг бари қабиҳ ишлардир, Аллоҳ ва Расули саллаллоҳу алайҳи ва салламга осийликдир, маййитларга зулм ва тажовуз қилишдир. Дарҳақиқат, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам булардан кўра енгилроқ ишлардан ҳам қайтарганлари собит бўлган. Масалан, қабр устига ўтириш, қабрга суяниш каби. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қабрларга юзланиб намоз ўқиманглар, уларнинг устига ўтирманглар” деганлар[9]. Бошқа бир ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирортангиз чўғ устига ўтириб, кийимини терисига қадар куйдириб олиши қабр устида ўтиришидан кўра яхшироқдир”, деганлар. Бу ҳадисни ҳам Имом Муслим ривоят қилган[10].

Амр ибн Ҳазмдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрга суяниб турганимни кўриб: «Қабр соҳибига озор берма» ёки «унга озор берма», дедилар”. Имом Аҳмад ривояти[11].

Барча мусулмонлар маййитларининг қабрларини ҳурмат қилишлари, уларга бирор азият етказмасликлари вожибдир. Қабрлар устига ўтириш, автоуловлар билан босиб ўтиш, ахлат ташлаш каби ишлар мазкур озорлар жумласидандир.

Аллоҳ барча мусулмонларни тирикларга манфаат етказадиган, маййитларидан озорни даф этадиган ишларга муваффақ айласин»[12].

Валлоҳу аълам.

[1] Қаранг: Шиҳобиддин ар-Рамлий («кичик Шофеий» лақаби билан машҳур). «Ниҳоят ал-муҳтож ила шарҳ ал-минҳож», 3/11. «Иҳё ат-турос» нашриёти, биринчи нашр, 1426 ҳ.й.

[2] «Иқтизо ас-сирот ал-мустақим», 2/176.

[3] Қаранг: «Шарҳ мунтаҳо ал-иродот», 2/145; «Кашшоф ал-қиноъ», 1/122.

[4] Муслим ривояти, 269-ҳадис.

[5] «Ал-муфҳим», 3/1617.

[6] Ибн Абу Шайба ривояти, 7/432, 12115-ҳадис.

[7] Шамсуддин ал-Мақдисий. «Ал-фуруъ», 3/418.

[8] «Таҳзиб ас-сунан», 3/1541.

[9] Ҳадис тахрижи 33-масалада берилди.

[10] Ҳадис тахрижи 36-масалада ўтди.

[11] Ҳадис тахрижи 93-масалада ўтди.

[12] «Мажмуъ фатово Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ», 4/336.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг