2) Бидъатлар пайдо бўлишининг сабаблари:
Шубҳасиз, Қуръон ва Суннатни маҳкам ушлашда бидъат ва залолатларга тушишдан омонлик бор. Аллоҳ таоло айтади:
«Шу Менинг тўғри йўлимдир. Сизлар фақат шу йўлга эргашинг! (Бошқа) йўлларга эргашмангки, улар сизларни Унинг йўлидан узоқлаштиради» (Анъом, 153).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир чизиқ чиздилар, сўнг: «Бу Аллоҳнинг тўғри йўли», дедилар. Унинг ўнг ва чап тарафига бир неча чизиқлар тортиб: «Булар шундай йўлларки, ҳар бирининг устида биттадан шайтон унга чорлаб туради», дедилар. Сўнг қуйидаги оятни ўқидилар: «Шу Менинг тўғри йўлимдир. Сизлар фақат шу йўлга эргашинг! (Бошқа) йўлларга эргашмангки, улар сизларни Унинг йўлидан узоқлаштиради»[1].
Ким Қуръон ва ҳадислардан юз ўгирса, адаштирувчи йўллар ва динда пайдо қилинган бидъатлар уни ўз домига тортиб кетади.
Бидъатлар келиб чиқишига асосан қуйидаги ишлар сабаб бўлди:
Дин ҳукмларини билмаслик, хоҳиш-ҳавога эргашиш, фикр ва шахсларга таассуб қилиш, кофирларга ўхшашга уриниш, уларга тақлид қилиш.
Мазкур сабабларни бирма-бир кўриб чиқамиз:
а) Дин ҳукмларини билмаслик:
Даврлар ўтиб, одамлар рисолат осорларидан узоқлашган сари илм озайиб, жаҳолат тарқала борди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек:
«Мендан кейин яшаганларингиз тез орада кўп ихтилофларни кўради»[2].
«Аллоҳ илмни бандалари қалбидан суғуриб олиб қўймайди, балки илмни олимларни олиш билан олиб қўяди. Ҳатто бирон олимни қолдирмагач, одамлар жоҳил кимсаларни ўзларига бош қилиб олишади, улардан фатво сўралганда илмсизлик билан фатво бериб, ўзлари ҳам адашиб, бошқаларни ҳам адаштиришади».[3]
Бидъатларга фақат илм ва уламолар қарши тура олади. Агар илм ва уламолар йўқолса, бидъатлар ёйилишига, бидъатчилар фаоллашувига қулай вазият вужудга келади.
б) Хоҳиш-ҳавога эргашиш:
Ким Китоб ва Суннатдан юз ўгирса, нафс-ҳавосига эргашиб кетади. Аллоҳ таоло айтади:
«Улар сизнинг китоб келтириш ҳақидаги талабингизни бажара олишмаса билингки, улар нафси ҳаволарига эргашмоқдалар, холос. Аллоҳ ҳидоят қилмаган ва ўз нафси ҳавосига эргашган кишидан ҳам кўра адашганроқ ким бор?!» (Қасас, 50).
«Эй Пайғамбар, нафс-ҳавосини илоҳ қилиб олган ва нафси нимани истаса шуни қиладиган, илм етганидан ва узрга ўрин қолдирмайдиган далил-ҳужжат келганидан сўнг Аллоҳ адаштиргани туфайли Унинг эслатмаларини эшитмаётган ва улардан ибрат олмаётган, Аллоҳ қалбини муҳрлаб қўйгани туфайли ҳеч нарсани англамаётган, Аллоҳ кўзларига парда тўсиб қўйгани туфайли Унинг далил-ҳужжатларини кўрмаётган кимсани кўрдингизми? Аллоҳ адаштириб қўйганидан сўнг ким ҳам уни ҳидоятлай олади?!» (Жосия, 23).
Бидъатлар хоҳиш-ҳаволарга эргашиш самарасидан бошқа нарса эмасдир.
в) Фикрларга ва шахсларга таассуб қилиш:
Фикр ва шахсларга таассуб қилиш ҳам кишини далилга эргашиш ва ҳақни танишдан тўсади. Аллоҳ таоло айтади: «Қачон мушрикларга: «Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунинг», дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дейишади» (Бақара, 170).
Ҳозирги даврдаги баъзи сўфий маслаклар ва қабрпарастларга эргашган айрим мутаассиб кимсаларнинг ҳоли айни шунга ўхшайди. Агар уларни Китоб ва Суннатга чақирилса ва бу иккисига хилоф келувчи барча нарсаларни тарк қилишга чорланса, улар ўз маслаклари, машойихлари, ота-боболарини ҳужжат қилишади.
г) Кофирларга тақлид қилиш:
Кофирларга ўхшашга уриниш ҳам кишини бидъатлар комига тортадиган сабаблардан. Абу Воқид ал-Лайсий разияллоҳу анҳу айтади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Ҳунайнга йўлга чиқдик, куфрдан қутулганимизга ҳали кўп бўлмаган эди. Мушрикларнинг “сидра” номли бир дарахти бўлиб, унинг олдига бориб сиғинишар ва ирим қилиб, қуролларини унга боғлашар эди, уни «зоту анвот» деб аталарди. Йўлда ўшандай дарахтлардан бири ёнидан ўтдик. Шунда биз: «Ё Расулуллоҳ, бизга ҳам «зоту анвот» қилиб берсангиз», дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Субҳаналлоҳ! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, худди Бану Исроил Мусога айтгандек сўзларни айтмоқдасизлар. Улар: «Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби худо қилиб (ясаб) бер», дедилар. У айтди: «Шубҳасиз, сизлар билмайдиган жоҳил қавмсизлар» (Аъроф, 138). Сизлар ҳам илгари ўтган умматларнинг йўлларини тутмоқдасиз!» дедилар[4].
Ҳадисдан маълум бўладики, Бану Исроил ўз пайғамбарларидан бундай қабиҳ талабни қилишлари – уларга мушрикларнинг олиҳалари каби олиҳа ясаб беришни сўрашлари сабаби уларнинг кофирларга ўхшашга уринишларидан бошқа нарса эмасди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан баъзилари у зотдан ўзлари учун табаррукланадиган бир дарахт қилиб беришни сўрашлари сабаби ҳам айни шу нарса бўлди. Бугунги воқелик ҳам худди шундай. Зеро, ҳозирда мусулмонлардан кўпи бидъат ва ширк ишларда, чунончи туғилган кунларни нишонлаш, махсус ишлар учун кунлар ва ҳафталиклар уюштириш, хотирлаш муносабатлари билан йиғилиш, ҳайкал ва хотира тошлари ўрнатиш, мотам маросимлари ўтказиш, жанозалардаги бидъатлар, қабрлар устига сағаналар қуриш ва шу кабиларда кофирларга тақлид қилишга ўтиб кетдилар.
[1] Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва бошқалар ривоятлари.
[2] Абу Довуд, Термизий ривоятлари.
[3] Бухорий ривояти.
[4] Термизий ривояти.