Тўғриланиши лозим бўлган тушунчалар: «Ла илаҳа иллаллоҳ» тушунчаси (20)

0

 

Демак, инсон “ла илаҳа иллаллоҳ” калимасининг талаб ва шартларини бажармаган ҳолида, “ла илаҳа иллаллоҳ” деб тилда айтиб қўйиши билан мўмин бўлиб қолмайди. Бу билан пайғамбарлар юборилишидан, китоблар нозил этилишидан бўлган мақсад рўёбга чиқмайди.

Баъзилар, иймоннинг талаб ва шарти фақат тасдиқ ва иқрордан иборат, инсоннинг қиладиган солиҳ амаллари қўшимча фазилат бўлиб, қиёматда унинг даражасини юксалтиради, солиҳ амаллар қилмаса ҳам иймонига ҳеч қанақа зарари йўқ, чунки иймон тасдиқ ва иқрор билан мукаммал бўлган, дейдилар. Улар нимага суяниб бундай дейишади?!

Шак-шубҳасиз, бу муржиаларнинг ва уларга эргашганларнинг сўзидир. Фирқалар тарихига бир қур назар ташланса, Ислом руҳига бегона бу тушунча қаердан келиб чиққани маълум бўлади. Аввалги муржиалар Ислом тушунчасида хатога йўл қўйган бўлсалар-да, кейингилар каби намозни ва шариат билан ҳукм юритишни бекор қилиб юбормаган эдилар. Маълумки, ўтган ўн уч аср давомида ислом диёрларида уч кун кетма-кет намоз ўқимай юрган инсон топилмаган ва бирон кимса шариатни қўйиб, бошқасидан ҳукм талаб қилишга журъат қилмаган. Акс ҳолда, ундай кимсанинг мусулмон деб номланиши ва жонини асраб қолиши ҳам бировнинг тасаввурига сиғмас эди. Лекин илгариги муржиалар бу тушунчанинг уруғини экиб кетган эканлар, кейингилар уни ундириб ўстирдилар. Қуръон ва ҳадис маъноларига ёт, ҳар қандай вазифа ва мажбуриятлардан холи бўлган янгича исломни туздилар. Балки, исломсиз исломни туздилар, десак ҳам янглиш бўлмайди.

Муржиалар – қадимгилари ҳам, ҳозиргилари ҳам  – киши шаҳодат калимасини тилда айтиб қўйиши билан дунёда унга мўминлик ҳукмини, қалбида тасдиқ ҳам топилса, охиратда ҳам унга мўминлик ҳукмини берадилар. Бу гапларида нимага суянишади?!

Бу борада асосий суянчиқлари, улар “иймон” калимасининг луғавий маъносини далил қилдилар. Улар: “Иймон араб тилида “тасдиқлаш” маъносини англатади. Қуръони каримда солиҳ амаллар иймонга боғланган ҳолда келади. Масалан: الذين آمنوا وعملوا الصالحات (иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган кишилар) жумласидаги “солиҳ амаллар” калимасидан олдин келган “ва” боғловчилик вазифасини ўтайди ва ҳар хил маънодаги сўз ёки жумлаларни бир-бирига боғлашни ифода этади. Демак, бундан иймон бошқа нарса, солиҳ амал бошқа нарсалиги, бири иккинчисининг жинсидан эмаслиги тушунилади. Шунинг учун иймон амалсиз ҳам мукаммал бўлаверади”, деб айтадилар.

Луғавий жиҳатдан келтирган бу далиллари очиқ хатодир. Чунки Қуръонда келган иймон, намоз (салот), закот каби сўзлар шариат белгилаган махсус маъноларда қўлланилади. Шу билан бирга, араб тилидаги луғавий маъносидан ҳам бутунлай чиқариб юборилмайди. Лекин Исломда бу сўзлар махсус маънолар учун ишлатгани сабабли шариат масалаларида луғавий маъносини ҳужжат қилиш ярамайди. Масалан, “намоз” (салот) калимаси луғатда “дуо” маъносини билдиради. Маълумки, шариатда қўлланиладиган “намоз” калимаси дуо, руку, сажда, тик туриш, қироат каби амаллардан иборат бир ибодатни билдиради. Бас, шундай экан, шариатдаги намоз ҳақида сўз юритилганда, унинг луғавий маъносини далил қилиш нотўғридир.

Шунингдек, “иймон” калимаси луғатда “ишониш” маъносини англатади. Лекин шариат истилоҳидаги маъноси эса муайян амалларни ўз ичига олган, муайян кўринишдаги ишонч ва тасдиқдир. Яъни тасдиқловчининг қалбида Аллоҳга бўлган муҳаббат, Ундан қўрқув, Унга бўйсуниш каби амаллар топилиши керак. Ва барча ишларда Аллоҳнинг ҳукми билан иш юритиши, ҳалол, ҳаром, макруҳ, мандуб, мубоҳ ишларга риоя қилиши керак. Анъанавий ибодатларни бажариши, “ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси тақозо қилган одоб-ахлоқларга амал қилиши лозим. Ҳаётда инсонлар билан бўладиган муомалаларида ва барча ишларида шариат кўрсатмалари асосида йўл тутиши керак.

Аллоҳ таоло айтади:

Ҳақиқий мўминлар Аллоҳ зикр қилинганда қалбларига қўрқув тушадиган, Қуръон оятлари тиловат қилинганда иймонлари яна ҳам зиёдалашадиган кишилардир. Улар Аллоҳгагина суянадилар. Улар фарз намозларини доимо ўз вақтида адо этадиган ва Биз уларга ато этган моллардан инфоқ этадиган кишилардир.  Ана шундай кишилар ҳақиқий иймон келтирган мўминлардир. Улар учун Аллоҳ ҳузурида олий мартабалар, гуноҳларининг кечирилиши ва улуғ ризқ бордир” (Анфол, 2-4).

Раббингизга қасамки, то улар ораларида содир бўлган низоларда сизни – эй Пайғамбар, – ўзларига ҳакам қилмагунларича ва қилган ҳукмингиздан дилларида танглик топмай, унга тўла таслим бўлмагунларича ҳақиқий иймонли бўла олмайдилар” (Нисо, 65).

 “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга ва Пайғамбарга итоат этинглар! Ва ўзларингиздан бўлган раҳбарларингизга бўйсунинглар! Ораларингизда бирор ишда келишмовчилик чиқса, агар Аллоҳга ва қиёмат кунига чин иймон келтирган бўлсангиз, унинг ҳукмини Аллоҳга ва Расулига қайтаринглар. Ана шу (ишингиз) яхшироқ ҳамда оқибати гўзалроқдир” (Нисо, 59).

Дарҳақиқат, иймонли кишилар нажот топдилар. Улар намозларида хушу билан турувчи кишилардир. Улар ҳар қандай бефойда сўз ва ишлардан юз ўгирувчилардир. Улар закотни ўтовчи кишилардир. Улар ўз жинсий аъзоларини фаҳш ишлардан сақловчилардир. Фақат ўз хотинлари ёки қўл остиларидаги чўрилари бундан мустасно бўлиб, бунда уларга маломат йўқ. Ким ўзининг хотини ё чўрисидан бошқа билан ҳузурланишни истаса, у ҳаддан ошувчидир. Улар ўзларига қўйилган омонатларни сақловчи ва аҳдларига вафо қилувчилардир. Улар доимо намозларини ўз вақтида адо қилувчилардир. Ана ўшалар жаннатнинг ҳақиқий ворисларидир. Улар Фирдавс жаннатига ворис бўладилар. Улар унда абадий қоладилар” (Мўминун, 1-11).

Мана сизга Қуръонда “иймон” сўзи билан ифода этилган тасдиқнинг шариат белгилаган маъноси. Мазкур амалларнинг барчаси тасдиқ маъносининг остига дохилдир. Бу ўринда тасдиқнинг луғавий маъносини қўлланмайди. Шунингдек, намоз, закот ва булардан бошқа шариат махсус маъно берган калималарнинг луғавий маънолари эътиборга олинмайди. Чунки шариат уларга махсус маънолар бериб, тамоман бошқа маънога айлантириб қўйгандир.

Изоҳ қолдиринг