Дард ва даво (79): Шаръий жазо ортидаги ҳикматлар

0

Бўлим

Ўтган мақолаларимизда зикр қилинган гуноҳнинг касофатлари сизни хавотирга солмаса, қалбингизга таъсир этганини сезмасангиз, у ҳолда Аллоҳ таоло ва Расули жиноятларга (гуноҳларга) жорий этган жазоларни кўз олдингизга бир келтиринг. Масалан, уч дирҳам (ёки уч дирҳам миқдоридаги нарсани) ўғирлагани учун ўғрининг қўлини кесишга, жон ва мол дахлсизлигига эга бегуноҳ одамнинг йўлини тўсиб, жони ва молига тажовуз қилган қароқчиларнинг қўл ва оёғини кесишга, иффатли инсонни зинода айблаган ёки бир қултум ароқ ичган инсонни қамчи билан савалашга буюрди. Шаҳватини ҳаром йўл билан қондиргани (яъни зино қилгани) учун энг даҳшатли кўринишда тош билан ўлдиришга амр этди. Ушбу жазони уйланиш неъматига мушарраф бўлмаган инсонга енгиллатиб, уни юз дарра уришга ва бегона юртга бир йил муддатга сургун қилишга буюрди. Ўз маҳрамларидан бирига жинсий яқинлик қилган ёки фарз намозни тарк этган ёки куфр сўзни айтган инсоннинг бошини танасидан жудо қилди. Эркакка жинсий яқинлик қилган ва яқинлик қилдирган ҳар иккала эркакни ҳамда ҳайвонга яқинлик қилган инсонни ва шу ҳайвонни ҳам ўлдиришга буюрди. Жамоат намозига чиқмайдиганларни ўйи билан қўшиб ёқиб юборишни қасд этди!

Булардан бошқа жиноятларга жорий этган жазо-уқубатларни ҳам бир эсланг. Шариатимиз ушбу гуноҳларга чорловчи ва улардан тўсувчи омилларни эътиборга олиб ўз ҳикмати ила ҳар бир гуноҳга муносиб жазо тайин қилди.

Қайси гуноҳнинг тўсувчи омили табиий бўлса, инсон табиатида унга чорловчи омил бўлмаса, шариат уни ҳаром қилиш билан бирга таъзир беришга чекланди. Масалан, ахлат ейиш, қон ичиш, ўлимтикни ейиш.

Қайси гуноҳга инсон табиатида чорловчи омил бўлса, унинг зарари ва инсон табиатидаги чорловчи омилига яраша жазо тайин қилди.

Бинобарин, зинога чорловчи омил инсон табиатидаги энг кучли омиллардан бири бўлгани боис унга бериладиган жазо қатл турининг энг даҳшатлиси ва қўрқинчлиси бўлди. Зинонинг (уйланмаган кишига бериладиган) енгил жазосига эса, дарралашнинг энг қаттиқ тури билан бир қаторда ватанидан қувғин қилиш ҳам тайинланди. Бачабозликда эса ҳар иккиси, яъни унга инсон табиатида ҳам ундовчи, ҳам тўсувчи омил борлиги сабабли ҳар қандай ҳолатда (уйланган ёки уйланмаган бўлсин) ўлим жазоси берилди.

Инсон табиатида ўғирликка ундовчи омил кучли ва унинг зарари ҳам катта бўлгани учун ўғрининг қўли кесилди.

Банда жиноятни қай аъзоси билан бажарган бўлса, шариатимиз жазони шу аъзога қўллашидаги ҳикмати ҳақида фикр юритиб кўринг. Масалан, қароқчилар жиноятларини қўл ва оёқлари ёрдамида амалга оширганлари сабабли уларнинг қўл ва оёқларини кесди. Иффатли инсонни зинода айблаган инсон ушбу жиноятини тили орқали амалга оширишига қарамай унинг бу аъзосини кесишга буюрмади. Чунки уни кесиш ортидан келадиган зарар унинг жинояти ортидан келадиган зарардан каттароқ бўлиб, унинг зарари даражасига етмайди. Шу сабабли уни қамчи билан савалаб, бутун танасига оғриқ етказиш билан кифояланди.

Эътироз:

Шариат банданинг зино қилишда фойдаланган жинсий аъзосини ишдан чиқарса бўлмасмиди?

Жавоб:

Йўқ, бўлмайди. Бунинг бир қанча сабаблари бор.

Биринчидан, жинсий аъзони кесиб ташлашнинг зарари қилинган жиноят зараридан катта бўлиб кетади. Чунки бу билан насл йўқолиши ва уни ҳалокатга дучор қилиш келиб чиқади.

Иккинчидан, жинсий аъзо одамлар кўзидан яширин аъзо. Шу сабабли уни одамлар олдида кесиш имкони бўлмайди. Балки махфий тарзда кесишга тўғри келади. Бу билан жазодан кўзланган мақсад – бошқаларни бу ишдан тийиш ва қўрқитиш амалга ошмайди. Ўғрининг қўлини кесишда эса бу мақсад рўёбга чиқади.

Учинчидан, шариат ўғрининг бир қўлини кесган билан унга иккинчи қўлини қолдиради ва у кесилган қўлнинг ўрнини босади. Жинсий аъзони кесадиган бўлса, унинг ўрнини босадиган бошқа аъзо бўлмайди.

Тўртинчидан, зино лаззати бутун баданни қамраб олгани учун жазо ҳам бутун баданни қамраб оладиган бўлиши муносибдир. Албатта, бу иш жазони биргина аъзога чеклашдан яхшироқдир.

Хуллас, шариатдаги жазолар энг мукаммал, мантиқан энг муносиб, энг фойдали кўринишда белгиланган.

Мақсадга ўтсак, гуноҳга ё шаръий, ё қадарий жазо берилади. Баъзан Аллоҳ азза ва жалла бандага ҳар икки жазони бериши, тавба ва солиҳ амал қилган бандадан ҳар иккисини авф этиши мумкин.

Изоҳ қолдиринг