Сийрат: Пайғамбаримизга илк ваҳий тушиши (6)

0

Бешинчи: Ваҳийнинг турлари:

Уламолар ваҳийнинг турлари ҳақида қуйидагиларни зикр қиладилар:

  • Ўнгидан келадиган (солиҳ) тушлар:

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга илк бор ваҳий нозил бўлиши ўнгидан келадиган тушлар билан бошланган эди. Кўрган тушлари аниқ-тиниқ ўнгидан келар эди. Бир ҳадисда айтилганидек: “пайғамбарларнинг тушлари ваҳийдир”. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом ҳақида айтади: “(Иброҳим) деди: Эй ўғлим, тушимда сени бўғизлаётганимни кўрмоқдаман. Бунга нима дейсан?” (Соффат, 102).

  • Илҳом:

Фаришта пайғамбарга кўринмаган ҳолда унинг қалбига пуфлаши “илҳом” деб аталади. Пайғамбар саллалоҳу алайҳи ва саллам: “Руҳул Қудус менинг қалбимга пуфлади” деганлар. Яъни Жаброил: “Ҳар бир жон ўзининг ризқини адо этмагунича ҳаргиз ўлмайди” деган сўзларни қалбимга жойлади. Шундай экан, Аллоҳдан қўрқинглар ва ризқ талабида мўътадил бўлинглар, деганлар[1].

  • Қўнғироқ овозидек келиши:

 Яъни ваҳий худди қўнғироқнинг овозидай жаранглаб келар эди. Бу ваҳийнинг энг оғир кўринишидир. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ҳорис разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Сизга ваҳий қандай келади?” деб сўради. У зот: “Гоҳида қўнғироқ овозидай қаттиқ келади. У менга ваҳийнинг энг оғиридир. (Фариштанинг) айтган гапларини ёдлаб оламан, сўнг бу ҳолат мендан енгиллашади. Гоҳида фаришта одам суратида келиб, менга гапиради ва мен унинг айтган гапларини ёдлаб қоламан”, дедилар”[2].

  • Аллоҳ таоло у зотга бевосита ваҳий қилиши. Бу эса Аллоҳ таоло Мусо бин Имрон алайҳиссаломга гапирганидек бевосита гапиришидир. Мусо алайҳиссалом бу мартабага сазовор бўлганига Қуръонда қатъий далиллар бор. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга бу мартаба берилгани эса исро ва меърож ҳодисаси ҳақидаги ҳадисда келган.

  • Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам фариштани ўз суратида кўришлари. Фаришта ўзининг ҳақиқий суратида келиб, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳнинг ваҳийсини етказарди.

  • Фаришта одам қиёфасида келар ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга бевосита гапирарди ва у зот унинг айтган гапларини ёдлаб олардилар. Бу ваҳий турини саҳобалар ҳам очиқдан-очиқ кўрар эдилар.

Ваҳийнинг мазкур турларини Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳдан нақл қилдик[3].

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий нозил бўлиши инсоният ҳаётида янги босқичнинг бошланиши бўлган эди. Бунгача башарият узоқ даврлардан бери ваҳийдан маҳрум бўлиб, зулматда йўл йўқотиб юрган эди.

Юқоридаги далиллардан маълум бўлишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий нозил бўлиши оғир кечар эди. Йигирма уч йил мобайнидаги воқеа-ҳодисалардан билинишича, у зот шижоатли ва кучли қалб соҳиби бўлишларига қарамай, ваҳийни қабул қилишда кўп қийналар эдилар. Чунки ваҳий бир инсоннинг иккинчи инсонга гапирган гапи эмас эди, балки буюк фаришта Жаброил Аллоҳнинг каломини етказиши эди. Энди у зот зиммаларида уни халқларга етказиш бурчи турар эди. Шубҳасиз, бу ўта оғир вазият ва улкан масъулият эди.

Бу вазиятнинг даҳшатини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари шундай тасвирлаганлар: “жонимга хавф етишидан қўрқдим”. Ва шу ҳадиснинг бошида Ойша разияллоҳу анҳо айтадилар: “Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ваҳийдан қалблари қўрқувга тўла уйга қайтдилар. Хадича бинти Хувайлиднинг ҳузурига кириб: “Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар”, дедилар. У зотни ўраб қўйганларидан сўнг қўрқув кетди”.

Ваҳий тушиши нақадар оғир кечишини баён қилган далиллардан бири Имом Бухорий ва Муслим раҳимаҳумаллоҳ Ойша онамиздан ривоят қилган мана бу ҳадисдир. Унда Ойша разияллоҳу анҳо айтадилар: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни қаттиқ совуқ кунда ваҳий нозил бўлиб турганда кўрганман. Терга ботиб, пешоналаридан тер сувдек оқар эди”[4]. Убода бин Сомит разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса: “Агар пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий нозил бўлса, у зот қайғуга тушиб, юзларида хомушлик кўринар эди”, дейилади[5].

[1] “Зод ал-маод”, 1/78. Ҳадис уни қувватловчи шоҳидлари сабабли саҳиҳлик даражасига кўтарилган.
[2] Бухорий. “Китоб бадъ-ал-ваҳий”, 2.
[3] Қаранг, “Зод ал-маод”, 1/33.
[4] Бухорий (2) ва Муслим (2333) ривоятлари.
[5] Муслим (2334) ривояти.

Изоҳ қолдиринг