Охирзамон қирғинлари (14): Аҳли суннатнинг охирзамон фитна ва қирғинлари ҳақида келган хабарлар мазмунига муносабат борасида тутган йўли

0

Иккинчи мавзу: аҳли суннатнинг охирзамон фитна ва қирғинлари ҳақида келган хабарлар мазмунига муносабат борасида тутган йўли

Охирзамон фитна ва қирғинлари ҳақида келган хабарлар бир қанча кўринишда бўлади.

Биринчиси: Аллоҳ таолонинг хоҳишига мувофиқ содир бўладиган қадарий кавний ҳодисалар ҳақида хабар берадиган оят ва ҳадислар. Мазкур ҳодисаларни амалга ошириш ёки тўхтатиб қолишда мусулмон кишининг дахли бўлмайди.

Охирзамонда қирғинлар рўй бериши, Дажжол чиқиши, Исо алайҳиссалом ерга тушиши ва шунга ўхшаш ҳодисалар ҳақида хабар берган ҳадисларни бу турга мисол қилиш мумкин.

Бундай хабарларга нисбатан мусулмон кишидан талаб этилган вазифа аввало хабарни текшириб, ишончли эканини аниқлагач, унда келтирилган  маълумотларга иймон келтириш, мазмунини тўлиқ англаб етишга ҳаракат қилиш, ундаги бевосита кўрсатмаларга амал қилишдир.

Мусулмон киши мазкур хабарлар мазмунини англашга интилар экан, Қуръон ва Суннат кўрсатмаларига қатъий риоя этиши, иккисини салафи солиҳлар тушунчаси билан тушуниши, келажакда рўй берадиган хабарларни ўрганиш билан бандлигини рўкач қилиб, ўрганиши лозим бўлган фарзи айн амалларни ўрганишда қосирлик қилмаслиги ёки айни дамда унга фарз бўлган амалларни эътиборсиз қолдирмаслиги керак[1].

Бу кўринишдаги хабарлар мусулмон кишининг онг-идрокини ўстиради, дунёқарашини кенгайтиради. Натижада, ўзи яшаб турган давр алам ва орзуларини бир четга суриб, яқин ёки узоқ келажакка назар солишга одатланади. Қолаверса, бундай хабарлар инсон табиатидаги яқин ва узоқ келажакда содир бўладиган ишларни билишга бўлган иштиёқини қондиришга кўмаклашади[2].

Иккинчиси: дин заифлашиб кетганига далолат қиладиган ҳодиса ва ёмон сифатлар содир бўлиши ҳақида хабар берган ҳадислар.

Қиёмат яқинлашганда Аллоҳга ширк келтириш кўпайиши, гуноҳ-маъсиятлар ёйилиши, илм йўқолиши ва шунга ўхшаш ҳодисалар ҳақида хабар берган ҳадисларни бунга мисол қилиш мумкин.

Мусулмон киши яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш вожиблиги ҳақида келган оят ва ҳадисларга таяниб мазкур ҳодисалар олдини олиш, юзага келишини кечиктириш учун ҳаракат қилиши фарздир.

Бу кўринишдаги хабарларни билиш фойдаларидан айримларини айтиб ўтсак. Мўмин қалбида унда айтилган зулматли замонларга етишдан қўрқиш туйғусини пайдо қилади, жигарларни тилка-пора қилиб юборадиган гуноҳларга гувоҳ бўлишдан сақлагани учун Аллоҳнинг унга кўрсатган марҳаматини ҳис эттиради. Мободо шундай ҳодисалардан бирига дуч келадиган бўлса ҳам, эсанкираб қолмайди. Балки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган хабарлар қанчалар рост эканига ишончи ортади. Зеро, мазкур ҳодисалар Пайғамбар алайҳиссалом айтганларидек воқеликда рўй бериши у зотнинг чинакам пайғамбар эканини кўрсатувчи давомий далиллардан ҳисобланади.

Учинчиси: ижтимоий, иқтисодий, маданий ва ҳоказо жиҳатларда ўзгаришлар содир бўлиши ҳақида хабар берадиган ҳадислар. Бундай ўзгаришлар динимизда ёмон иш саналмаса-да, лекин қиёмат яқинлашганидан дарак беради.

Масалан, охирзамонда Байтул Мақдис обод бўлиши[3], тижорат кенг ёйилиб, ҳатто хотин эрига тижоратда ёрдам бериши ҳақида[4] ҳадислар келган.

Бундай ҳодисаларга қиёмат яқинлашганини билдирадиган аломатлар деб қаралади. Мусулмон кишидан уларни бартараф этиш ёки инкор қилиш талаб этилмайди. Валлоҳу аълам.

 

[1] Қаранг: Машҳур Оли Салмон. “Ал-ироқ фи аҳодис ва осор ал-фитан”, 2\724; Зайнулобидин Ғомидий. “Фиқҳ ашрот ас-соа”, 27, 187, 188, 189, 202, 203-бетлар.  Бозмул. “Фиқҳ ат-таомули маъал-фитан”, 305-307, 314, 316-319-бетлар. “Мавқиф ал-муслим минал-фитан”, 48-бет.
[2] Қаранг: Доктор Сафар ал-Ҳаволий. “Ал-муслимун ва диросот ал-мустақбал” (маъруза).
[3] Қаранг: Ибн Абу Шайба (“Ал-мусаннаф”, 38364), Аҳмад (“Муснад”, 22023, 22121), Абу Довуд (“Сунан”, 4294), Табароний (“Ал-мўъжам ал-кабир”, 214). Шайх Албоний “Саҳиҳ ал-жомеъ”да (4096-ҳадис) саҳиҳ деган.
[4] Қаранг: Аҳмад (“Муснад”, 3982), Ҳоким (“Мустадрак”, 4\446), Албоний (“Силсилат ал-аҳодис ас-саҳиҳа”, 647-ҳадис).

Изоҳ қолдиринг