Дард ва даво (80) Жазонинг турлари

0

Бўлим

Гуноҳга бериладиган жазо икки тур бўлади: шаръий ва қадарий. Шаръий жазо қўлланилса, у қадарий жазони қайтаради ёки енгиллаштиради. Аллоҳ таоло бандага жазонинг ҳар икки турини бериши деярли учрамайди. Бироқ жазо турининг бири гуноҳнинг зарарини қоплашга ва унинг сабабини кетказишга етарли бўлмаса, у ҳолда бандага ҳам қадарий, ҳам шаръий жазо бериши мумкин.

Шаръий жазолар қўлланилмаса, улар қадарий жазоларга айланади. Айрим ҳолатларда улар шаръий жазодан оғирроқ, баъзан енгилроқ бўлиши мумкин. Лекин қадарий жазо бошқаларга ҳам келади, шаръий жазо эса шахснинг ўзига тегишли бўлади. Зеро, Раббимиз таборака ва таоло шаръий жазони фақат жиноятни содир этган ёки унга сабабчи бўлган бандага беради. Аммо қадарий жазони оммавий ва шахсий кўринишда юз бериши мумкин. Гуноҳ махфий кўринишда содир этилса, зиёни фақат эгасига тегади. Аммо ошкора қилинса, зиёни гуноҳни қилган кишига ҳам, атрофидаги қолган инсонларга ҳам тегади. Одамлар мункар-гуноҳ ишни кўриб уни инкор қилмаса ва ундан қайтармаса, Аллоҳ азза ва жалла барчаларига умумий жазо бериш эҳтимоли катта бўлади.

Ўтган мақоламизда айтиб ўтганимиздек, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло шаръий жазоларни гуноҳнинг зарари ва инсон табиатидаги ундовчи омилга қараб белгилади ва уларни уч турга бўлди: қатл, кесиш ва дарра уриш. Куфр ва ундан кейинги ўринда, унга яқин даражадаги гуноҳлар учун қатл жазоси жорий қилинди. Улар зино ва бачабозликдир. Куфр динга путур етказса, зино ва бачабозлик насл-насабни ва инсон зотини барбод этади.

Имом Аҳмад айтади: «Одам ўлдиришдан кейин зинодан каттароқ гуноҳ борлигини билмайман». Имом бунга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган қуйидаги ҳадисни далил қилади. Ибн Масъуд айтади: «Ё Расулуллоҳ, энг катта гуноҳ қайси?» деб сўрадим. У зот: «Аллоҳ сени яратган бўла туриб, бировни Унга шерик қилишинг», дедилар. «Ундан сўнг қайси?» дедим. «Овқатингга шерик бўлишидан қўрқиб, ўз фарзандингни ўлдиришинг», дедилар. «Ундан сўнг қайси?» дедим. «Қўшнингнинг жуфти ҳалоли билан зино қилишинг», деб жавоб бердилар». Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ушбу сўзларни тасдиқлаб қуйидаги оятни нозил қилди:  «Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гунохлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлур» (Фурқон, 68).

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб саволга муносиб бўлиши учун ҳар гуноҳнинг энг ёмон кўринишини зикр қилдилар.

Ибн Масъуд у зотдан энг катта гуноҳ ҳақида сўради. Шу сабабли Пайғамбаримиз жавобларида энг катта гуноҳларни, уларнинг ҳам энг ёмон турини зикр қилдилар.

Зеро, ширкнинг энг ёмон тури Аллоҳга тенг деб даъво қилинган сохта худони банда Аллоҳга шерик қилишидир. Одам ўлдиришнинг энг ёмон тури ўз фарзандини еб-ичишда шерик бўлишидан қўрқиб ўлдиришдир. Зинонинг энг ёмон тури қўшнининг аёли билан зино қилишдир. Чунки зинонинг зарари унинг ортидан қанча ҳақ-ҳуқуқлар поймол этилишига қараб катталашиб бораверади.

Эри бор аёл билан зино қилишнинг гуноҳи ва жазоси эрсиз аёл билан зино қилишдан каттароқ. Чунки бу ҳолатда эрнинг ҳаққи поймол бўлиши, тўшаги бузилиши, ўзидан бўлмаган фарзанд унга нисбат берилиши ва бошқа унга етадиган турли азиятлар бор. Бинобарин, бу турдаги зинонинг гуноҳи ва жинояти эрсиз аёл билан зино қилишдан ёмонроқ ҳисобланди.

Агар аёлнинг эри ўз қўшниси бўлса, юқорида айтилган жиноятлар устига қўшни билан яхши алоқада бўлмаслик ва унга қаттиқ озор бериш жиноятлари қўшилади. Бу иш (қўшнининг аёли билан зино қилиш) қўшнига қилинган энг катта ёмонликларнинг бири саналади. Саҳиҳ ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Қўшниси ёмонликларидан омонда бўлмаган одам жаннатга кирмайди”. Қўшнига унинг аёли билан зино қилишдан кўра каттароқ ёмонлик бўлмаса керак. Аллоҳ ҳузурида қўшнининг аёли билан зино қилиш юзта эрсиз аёл билан зино қилишдан енгилроқ.

Агар қўшни ўз ака, ё укаси, ё қариндоши бўлса, мазкур ёмонликларга қариндошлик ришталарини узиш каби гуноҳ ҳам қўшилиб гуноҳи янада оғирлашади.

Агар қўшни эркак намоз, шаръий илм ўрганиш, жиҳод каби тоат-ибодатларнинг бирини бажариш учун чиқиб кетган бўлса, у ҳолда зинонинг гуноҳи яна ҳам катта бўлади. Аллоҳ йўлида ғазотга чиқиб кетган инсоннинг аёли билан зино қилган киши қиёмат куни турғизиб қўйилади ва эрига: “Унинг савобларидан истаганингча ол”, дейилади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Нима деб ўйлайсизлар?”, яъни истаганича савобидан олишга рухсат бериб турилган бўлса-ю, унинг биронта савобини қолдиради деб ўйлайсизларми?! Ҳолбуки, у кунда одам биргина савобга жуда муҳтож бўлади. Ҳатто ота ўз фарзанди, яқин дўст ўз дўсти устидаги бирон ҳаққини эътиборсиз ташлаб қўймайди.

Агар қўшни аёл унинг қариндоши бўлса, у ҳолда қариндошлик алоқасини узганлик гуноҳи ҳам қўшилади.

Зинокор эркак уйланган бўлса, гуноҳи (уйланмаган йигитникидан) каттароқ бўлади. Борди-ю, ёши катта кекса киши бўлса, янада улкан бўлади. Бундай инсон билан қиёмат куни Аллоҳ таоло сўзлашмайди, уни оқламайди ва унга аламли азоб бўлади.

Борди-ю, улуғ ойлар ёки муқаддас маконлар, намоз вақти ёки дуо ижобат бўладиган вақтлар каби Аллоҳ ҳузурида улуғ саналган вақт ва маконларнинг бирида зинога қўл урилса, унинг гуноҳи бир неча бор катталашади.

Мазкур сўзларни мушоҳада этиб, гуноҳларнинг зарарларини ва уларнинг жазо ва гуноҳи қандай қилиб катталашиб боришини бир ўйлаб кўринг.

Аллоҳ таоло гуноҳлардан тийилишга Ўзи ёрдам берсин.

Изоҳ қолдиринг