Тарбия ва руҳни поклаш

0

Набавий ахлоқ-одобларга эътибор бериш ва улар билан безанишга энг ҳақли инсонлар аҳли суннат ва жамоат даъватчиларидир. Зеро, гўзал хулқлар иймон дарахтининг муборак самараси, Аллоҳга бандачилик қилиш дея аталмиш “тана”нинг кўркам “шох”идир. Гўзал хулқлар зоҳир билан ботин ўртасидаги уйқашлик, сўз билан амал ўртасидаги уйғунликнинг нафис кўринишидир.

Ахлоқий тарбия ва руҳни поклаш пайғамбарлар вазифаси, ислоҳотчилар ва Аллоҳнинг дўстлари тутган йўлдир. У фитналардан сақловчи қалқон, бузуқликлардан асровчи тўсиқ ва заминда Ислом ҳукмронлиги сари элтувчи йўлдир. Инсоният муаммоларини бартараф этувчи ечим Ислом бўлса, исломий даъват мушкулотларининг ечими тарбиядир.

Умуман олганда, тарбия ва руҳни поклаш улкан ва муҳим асос ҳисобланиб, усиз бирон ўзгариш юз бериши, бирон даъват муваффақият қозониши амри маҳол. Тарбия ва руҳни поклаш ишининг чеки йўқ, унга барча: каттаю-кичик, уламою авомлар муҳтождирлар.

Тарбия услуби Аллоҳ билан банда ўртасида мустаҳкам алоқани рўёбга чиқарадиган раббонийликка асосланади. Раббонийлик эса фарзларни адо этиш, ҳаромдан четланиш, давомли зикр ва шукр қилиш, сабр-матонатли бўлиш, тунда намоз ўқиш билан роҳатланиш, рўза тутиб лаззатланишда ўз аксини топади.

Тарбия ва руҳни поклаш  – шакл ва мазмун жиҳатидан кундалик юриш-туришда шариат кўрсатмаларига мувофиқ келиш, ҳар бир ишга амалий ва ижобий ёндашган ҳолда икки салбий оқим: бирон нарсага ўта ортиқча ёндашиш ёки аксинча, керагича ёндашмай сусткашлик қилиш ўртасидаги “васатийя” йўлидан боришга асосланади.

Аҳли суннат даъватчилари тарбиянинг бўш ва заифлиги, мазмун қолиб фақат шаклга эътибор қаратиш ёки ботиннинг қаровсиз қолиши ҳисобига зоҳирга урғу бериш ёхуд тарбия турлари ўртасида мувозанат йўқолиши, ё бўлмасам унинг айрим жиҳатларини ташлаб қўйишдан эҳтиёт бўлишлари лозим.

Изоҳ қолдиринг