Эй иймон келтирганлар (37): Динни масхара қилувчи кимсаларни дўст тутиш ҳаромлиги ҳақида

0

Эй иймон келтирганлар, сизлар аҳли китоб ичидан динингизни мазах қиладиган кимсаларни ва кофирларни дўст тутманг. Мўмин бўлсангиз фақат Аллоҳдан қўрқинг. Сиз қачон намозга азон айтсангиз, улар масхара қилиб, намозга чорловингиз устидан кулишади. Бунинг сабаби уларнинг ақлсиз-жоҳил эканларидир” (Моида, 57-58).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, бу буюк илоҳий нидо мўминларга кофирларни дўст тутишни ҳаром қилди. Кофир деганда яҳуд ва насоролар каби аҳли китоб бўладими ё мажусий ва мушрик каби  китоби йўқ кофир бўладими, фарқи йўқ. Уларни дўст тутиш ҳаром эканига сабаб, улар ҳақ Ислом динини мазах ва ўйин қилиб олганларидир. Ҳолбуки Исломдан бошқа динни Аллоҳ қабул қилмайди: “Ким Исломдан бошқа бир дин истаса, унинг бу дини Аллоҳ ҳузурида асло қабул этилмас ва у қиёмат куни зиёнкорлардан бўлгай” (Оли Имрон, 85).

Бу оятнинг нозил бўлишига сабаб, яҳуд ва насоролардан бўлган айрим аҳли китоблар ва мушриклар Ислом динини масхара қилишлари бўлди. Мунофиқлар ва яҳудийлар ҳар қачон муаззин мусулмонларни намозга чорлаб азон айтганини эшитсалар, масхара қилиб кулишар, бири: “Эшакнинг ҳанграшига ўхшайди”, деса, бошқа бири овозини азон товушидан баланд кўтариб ҳазил-мазах қилар эди. Шунда Аллоҳ таоло имкон топди дегунча дин аҳкомлари устидан куладиган бундай кимсалар билан дўстлашишни мўминларга ман қилиб, ушбу нидони нозил қилди: “Эй иймон келтирганлар” яъни, Аллоҳни Раб ва илоҳ, Исломни дин ва шариат, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар ва элчи деб инонган мўминлар, “аҳли китоб ичидан”, улар яҳудийлар ва насоролардир, “динингизни”, яъни динингиз Исломни, унинг қонун ва аҳкомларини, “мазах”, яъни масхара ва ўйин “қиладиган кимсаларни ва кофирларни” яъни мушрикларни “дўст тутманг”, уларни яхши кўриш, уларга ёрдам бериш билан дўстона муносабатда бўлманг.

Сўнг Аллоҳ таоло мўмин бандаларини тақвога буюрди. Тақво –  Аллоҳга буйруқ ва қайтариқларида итоат этишдир. Тақводор бандалар Аллоҳнинг амрларини астойдил, жидду жаҳд билан бажарадилар, қайтарган ишларидан четланадилар. Шундай қайтарилган ишлардан бири аҳли китоб ва мушриклар билан ва хоссатан Ислом динини масхара қилиб куладиган жоҳил, нодон, аҳмоқ кимсалар билан дўстлашишдир. Чунки қалбида марази бор кимсалар билан дўстлашиш ақлга ҳам, динга ҳам тўғри келмайди. Мўмин киши бундай қилиши дуруст эмас. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятнинг охирида: “Агар мўмин бўлсангиз”, деди. Зотан, “Мен мўминман, мусулмонман”, деб иймонни даъво қилган киши динига душман бўлган, турли услублар билан унга қарши курашадиган, масхара қилиб куладиган ножинсларни қандай қилиб дўст тутиши мумкин?! Бу мутлақо жоиз бўлмаган иш. “Агар мўмин бўлсангиз” сўзи билан келтирилган бу жумла кофирларни дўст тутиш ҳаром эканини қаттиқроқ таъкидлайди, бўлмаса бундан олдин “Оли Имрон” сурасида келган оятда (28-оят) бу ишнинг ҳаром экани келган эди: “Мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутишдан Аллоҳ мўминларни қайтарди”.

“Моида” сурасида ҳам шу маънода оят келган: “Эй иймон келтирганлар, яҳуд ва насороларни дўст тутманг”.

Кейинги оятда Аллоҳ таоло: “Сиз қачон намозга азон айтсангиз, улар масхара қилиб, намозга чорловингиз устидан кулишади. Бунинг сабаби уларнинг ақлсиз-жоҳил эканлигидир” деди. Бу оятда уларнинг динни масхара қилиши ва дин билан ўйнаши баён қилинган. Зеро, азон дин ва шариатдир, балки шариатнинг энг катта аломати ва диннинг энг олий мақомидир. Азонда тавҳид ва нубувват калимаси баралла янграйди. Энг улуғ, Аллоҳга қуллик изҳор қилинадиган энг катта ибодатга, яъни намозга азон билан чақирилади. Азон мусулмонларнинг шундай улуғ шиоридир.

Бунинг сабаби уларнинг ақлсиз-жоҳил эканлигидир” сўзлари эса азонни масхара ва ўйин-кулги қиладиган кимсалар ҳайвон каби ақлсиз деб эътибор қилинишини кўрсатади. Улар ҳайвондан ҳам баттар ақлсиз, ёмон, адашган кимсалардир.

Намозга чорлайдиган ана шундай қадри баланд, нажотга чақирувчи, самовий калималар маъносини англашни истамайдиган, балки уни ёқтирмайдиган кимса ақлсиз ҳайводан баттар бўлади. Бу гапни энг ростгўй зот Аллоҳ айтди. Азонни масхара ва ўйин қилиш, уни айттирмаслик ақлсиз кимсаларнинг ишидир. Аллоҳ рост сўзлагувчидир.

Шу баҳона билан Исломда азоннинг ўрни, унинг ҳукми ҳақида икки оғиз сўз:

Азон шаҳар ё қишлоқ аҳолисига фарзи кифоя, бошқаларни кутаётган жамоат учун суннат, хоҳ сафар, хоҳ муқимликда бўлсин, бошқа бировни кутмаётган кишилар учун мустаҳаб бўлган амалдир. Бироқ сафарда азон айтишнинг ажри каттадир. Бу ҳақда “Муватто”да ҳадис келган: “Муаззиннинг азонини эшитганлар хоҳ жин, хоҳ инсон, хоҳ бошқаси бўлсин, қиёмат куни унга (шу солиҳ амалга ё муаззиннинг фойдасига) гувоҳлик беради”. Бу ҳадисни Имом Бухорий ҳам “Саҳиҳ”да (584) келтирган).

Азоннинг ҳукмини билдик. Иқомат айтишга келсак, ҳар намозга иқомат айтиш суннати муаккададир. Азон айтган киши иқоматни ҳам айтса яхши, азон айтган кишидан бошқа киши иқомат айтишининг ҳам зарари йўқ. Қуйида азон ва иқомат қандай айтилишини келтирамиз:

Азон: Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ, Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ. Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ, Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ. Ҳаййа алассолаҳ, ҳаййа алассолаҳ. Ҳаййа алал фалаҳ, ҳаййа алал фалаҳ. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ла илаҳа иллаллоҳ. Фақат бомдод намозида “ҳаййа алал фалаҳ”дан кейин икки бор “Ассолату хойрун минан навм” деб айтилади.

Иқомат: Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ. Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ. Ҳаййа алассолаҳ. Ҳаййа алал фалаҳ. Қод қоматис солату, қод қоматис солаҳ. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ла илаҳа иллаллоҳ.

Сиз қачон намозга азон айтсангиз” оятининг маъноси: қачон беш вақт намозга азон чақирсангиз, деганидир.

Аллоҳ таоло илм эшикларини сизга ва барча мўминларга очиб қўйсин. Амин.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг