Умар розияллоҳу анҳу: жоҳилиятдаги ҳаёти (2)

0

Умар розияллоҳу анҳу тижорат қилиб, Макка бойларидан бирига айланди. Ёзда Шомга, қишда Яманга сафар қилар, тижорат мақсадида борган юртларидан турли хил илм-маърифатлар билан қайтарди. Маккадаги жоҳилий жамиятда баланд обрў-эътиборга эга, юз берган воқеаларда унинг роли катта эди. Бунга боболарининг улуғ тарихи ҳам ўз ҳиссасини қўшди. Бобоси Нуфайл ибн Абдулъуззо Қурайшдаги келишмовчиликларни ечиб берарди. Катта бобоси Каъб ибн Луай эса бутун араблар орасида катта обрў-эътиборга эга, ҳаттоки Фил йилига қадар у вафот этган йилни тақвимнинг бошланиш санаси сифатида белгилаган эдилар. Умар розияллоҳу анҳу бу мартабани ота-боболаридан мерос олиб, уларнинг тарихидан бой тажриба ва сабоқлар олди. Қолаверса, унинг ўзи ҳам жуда ақл-фаросатли ва зийрак эди. Ибн Саъд шундай дейди: “Умар розияллоҳу анҳу исломга киришидан олдин ҳам араблар ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал қилиб берарди”.

Умар розияллоҳу анҳу жуда ҳам доно, гапга чечан, мулоҳазали, кучли, ҳалим, олижаноб, ўткир ҳамда нотиқ эди. Шу боис, Умар розияллоҳу анҳу қабилалараро алоқалардаги Қурайшнинг элчиси бўлган эди.

Умар розияллоҳу анҳу Қурайшнинг барча урф-одат ва қонун-қоидаларига риоя қилар, соф табиатли бўлгани учун ҳам ўзи ишониб, иймон келтирган ақидасини ҳимоя қилиш йўлида керак бўлса жонини ҳам фидо қиларди. Унинг бу табиати ўзининг иймонини ҳимоя қилишга ундагани каби даъватнинг бошланишида исломга қарши курашишига ҳам сабаб бўлди. Маккада мустаҳкам низом ўрнатилган бўлиб, бу араблар ўртасида Макканинг обрўсини кўтариб турар эди. Чунки Маккада одамлар ҳаж қиладиган уй – Каъба бор эди. Бу низом араблар олдида Қурайшнинг обрўсини кўтарар, Макканинг моддий ва маънавий мавқеининг ривожланиши ҳамда хазинасининг бойишига катта ҳисса қўшар эди. Умар розияллоҳу анҳу бу янги дин Макканинг мана шу низомига путур етказишидан қўрқди. Макка зодагонларининг бу динга қарши чиқиб, уни қабул қилган заифларга озор беришининг сабаби ҳам шу эди. Бу зодагонлар қатори Умар розияллоҳу анҳу ҳам исломга киришидан олдин Макканинг бечораларга қаттиқ азоб берар эди.

Умар розияллоҳу анҳу жоҳилиятда яшаб, унинг паст-баландини кўрди. У жоҳилиятнинг асл моҳиятини англаб, урф-одат ва анъаналарини ўрганиб, қўлидан келганича уни ҳимоя қилди. Шунинг учун ҳам исломга кирганидан кейин исломнинг қанчалар гўзал экани ва унинг асл моҳиятини англаб етди. У ҳидоят ва залолат, иймон ва куфр, ҳақ ва ботил ўртасида катта фарқ борлигига ишонч ҳосил қилди. Шунинг учун ҳам қуйидаги машҳур гапни айтган: “Агар одамлар исломда улғайиб, жоҳилият нима эканини билмасалар ислом ҳалқалари (асос ва таълимотлари) бирма-бир бузилаверади”.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг