Дард ва даво (81) Шаръий жазо, гуноҳ ва каффоратнинг турлари ва сирлари

0

Бўлим

Аллоҳ таоло одатда сақланиш имконсиз бўлган ўғрилик жинояти учун қўлни кесишни жазо этиб белгилади. Зеро, ўғридан сақланиш қийин. Чунки у бу жиноятини махфий тарзда амалга оширади, ҳовлига деворни тешиб ёки девор ошиб киради. У худди мушук ёки илонга ўхшайди. У иккиси ҳам уйингизга сиз кутмаган ердан киради.

Ўғрилик жиноятини олдини олиш ўғрини қатл этишни тақозо қилмаганидек, уни дарралаш бу жиноятни бартараф этиш учун кифоя қилмайди. Бинобарин, бу ҳолатда энг яхши жазо ўғрининг жиноятни содир этишда фойдаланган аъзосини кесиб ташлашдир.

Шариат ароқ ичиб ақлни кетказиш ва бировни зинода айблаб унинг обрўсини тўкиш жиноятига дарра билан савалаш жазосини белгилади.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг шаръий жазолари мазкур уч турдан (қатл, кесиш ва дарралаш) чиқмайди. Шунингдек, жиноятлар учун белгилаган каффоратлар ҳам қуйидаги уч тур: қул озод қилиш (каффоратларнинг энг оғири), мискинлар қорнини тўйдириш ва рўза тутиш атрофида айланади.

Аллоҳ таоло гуноҳларни ҳам уч турга бўлди:

Биринчиси: ҳад – муайян  жазо белгиланган гуноҳлар. Бу турга муайян жазо белгилангани боис каффорат белгиланмади.

Иккинчиси: ҳад – муайян  жазо белгиланмаган гуноҳлар. Шунинг учун бу тур гуноҳлар учун каффорат белгиланди. Бунга рамазон ойи кундузида ёки эҳром кийган ҳолатда аёлига жинсий яқинлик қилиш, зиҳор, бировни хатодан ўлдириб қўйиш, қасамни бузиш ва шунга ўхшаш гуноҳларни мисол қилиш мумкин.

Учинчиси: на ҳад ва на каффорат белгиланган гуноҳлар. Бундай гуноҳлар икки турга бўлинади:

  • Ахлат ейиш, сийдик ёки қон ичиш каби инсон табиатан қўл уришни истамайдиган гуноҳлар

  • Зарари ҳад – шариат муайян жазо белгилаган гуноҳлар зараридан кам бўлган гуноҳлар. Масалан, номаҳрамга қараш, уни ўпиш, ушлаш, у билан гаплашиш, чақа пулни ўғирлаш ва шу каби гуноҳлар.

Шариат уч хил ишларда каффоратлар жорий этди:

а) аслида ҳалол бўлган, лекин айрим ташқи омилларга кўра ҳаром қилинган ишлар. Инсон шундай ишни ҳаром қилинган ҳолатида қилиб қўйса, унга каффорат вожиб бўлади. Масалан, аёлига эҳром кийган ёки рўзадор ҳолатида ёки аёли ҳайз ё нифос кўрган пайтида қўшилиш. Аёлининг орқа авратига яқинлик қилиш бу турга кирмайди. Баъзи фуқаҳоларнинг бу амални аёлига ҳайз ҳолатида яқинлик қилиш қаторига киритиши тўғри эмас. Чунки аёлининг орқа авратига яқинлик қилиши маълум вақтларда ҳалол бўлиб, бошқа бир вақтда ҳаром бўладиган турдан эмас. Балки у бачабозлик ва маст қилувчи ичимлик ичиш қаторига кирадиган ишдир.

б) Аллоҳ учун аталган назр ёки Аллоҳ номига ичилган қасам ёки Аллоҳ дастлаб ҳаром қилиб, сўнг ҳалол қилишни ирода этган амал каффорати. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мазкур ишлар мажбуриятидан чиқиш учун каффоратни жорий этди ва уни ҳалоллаш деб атади. Ушбу каффоратлар баъзи фуқаҳолар ўйлагандек, қасамни бузиш орқали Аллоҳнинг исмига қилинган ҳурматсизликни кетказувчи сифатида жорий қилинмаган. Чунки баъзи ҳолатларда қасамни бузиш вожиб, баъзан мустаҳаб, баъзан эса мубоҳ бўлади. Каффоратлар банда қалбида туккан ниятларни ечиш учун жорий қилинган, холос.

в) қўйилган камчиликлар ўрнини тўлдириш учун белигиланган каффоратлар. Масалан, инсон хатодан бошқа бир инсонни ёки эҳромдаги одам хатодан бирон жонворни ўлдириб қўйса, гуноҳкор бўлмаса-да, лекин каффорат беради. Чунки бу турдаги каффорат камчиликнинг ўрнини тўлдирувчи бўлади. Биринчи турдаги каффорат гуноҳдан тийиш учун бўлса, иккинчи турдагиси қалбда тугилган ният ман қилган ишни ҳалоллаш учундир.

Бир гуноҳга ҳам ҳад, яъни шариат бирон гуноҳ учун олдиндан белгилаган жазо, ҳам таъзир ёхуд аниқ белгиланмаган, балки қозининг ижтиҳодига ҳавола этилган жазо берилмайди. Балки гуноҳ учун ҳад мавжуд бўлса, шу билан чекланилади. Ҳад бўлмаса, кейин таъзирга ўтилади.

Шунингдек, бир гуноҳга ҳам ҳад, ҳам каффорат берилмайди. Қайси гуноҳнинг белгиланган ҳади бўлса, унинг каффорати бўлмайди. Қайси гуноҳга каффорат белгиланган бўлса, у ҳолда унга ҳад белгиланмайди.

Ҳад белгиланмаган гуноҳга ҳам таъзир, ҳам каффорат берилиши мумкинми? Бу хусусда икки хил фикр билдирилган. Масалан, эҳромда ёки рўзадор ҳолатида ёки ҳайз кўрган аёлига жинсий яқинлик қилган кишига каффорат вожиб бўлади. Айримларнинг фикрича, мазкур ҳолатда гуноҳга қўл уриб, Аллоҳ ҳаром қилган амални беҳурмат қилгани учун таъзир берилиши вожибдир. Бошқа бир гуруҳнинг  фикрича, бу ҳолатда каффоратга чекланилади, таъзир берилмайди. Чунки каффорат камчиликни тўлдирувчи, гуноҳни ўчирувчи ҳисобланади.

Изоҳ қолдиринг