Охирзамон қирғинлари (15): Аҳли суннатнинг охирзамон фитналари ва қирғинларига оид ҳадисларни воқеликка татбиқ қилишда тутган йўли

1

Муқаддима

Оят ва ҳадисларга амал қилиш уларни билиш самарасидир. Дарҳақиқат, саҳобалар – Аллоҳ улардан рози бўлсин – охирзамон фитналари ва қирғинлари ҳақидаги хабарларни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан таълим олишар, мақсадлари уларга иймон келтириш, улардаги йўл-йўриқларга амал қилиш, улардан бугун ва келажаклари учун фойда олиш эди. Бу ишлардан баъзиларини ҳадисларни воқейликка туширмасдан, қўлламасдан амалга ошириб бўлмайди[1].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Масиҳи Дажжолнинг чиқиши ҳақида хабар бериб, саҳобаларини ундан огоҳлантирган чоғда Мадинада Ибн Сайёд деган бир яҳудий бола бўларди. Унинг хулқ-атвори ва хилқатидаги айрим сифатлар Дажжолнинг сифатларига ўхшаб кетарди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир гуруҳ саҳобалари билан унинг Дажжол ёки Дажжолмаслигини аниқлаш қилиш учун вақти-вақти билан уни кузатдилар[2].

Баъзи саҳобалар ҳадисларда тилга олинган Дажжолдан Ибн Сайёд назарда тутилган деб билар эдилар. Улардан айримлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бунга қасам ҳам ичган эди[3]. Бу эса, фитналар ҳақидаги ҳадисларни воқеликка туширишнинг асли бор эканига далолат қилади. Ҳадисларни воқеликка тушириш Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Сайёдни текширганларига ўхшаш ҳадислар билан воқелик ўртасидаги мувофиқликни текшириш тарзида бўлиши ёки баъзи саҳобалар Ибн Сайёд Дажжолдир, деб қатъий айтганлари каби ҳадислар билан воқелик ўртасида мувофиқлик бор деб аниқ ҳукм чиқариш тарзида бўлиши мумкин.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Сайёд билан Дажжол орасида бир қатор ўхшашликлар бўлишига қарамай уни Дажжол деб қатъий айтмадилар. Маълум бўладики, аломатнинг бир қисми ёки унинг дебочаси зоҳир бўлиши аломат аниқ рўёбга чиқди ёки рўёбга чиқиш арафасида деб ҳукм чиқаришга етарли эмас экан. Негаки, воқеликдаги ҳолат ҳадисларда айтилган қиёмат аломатининг айнан ўзи бўлмасдан унга ўхшаш бўлиши мумкин[4].

Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ибн Сайёд масаласига эҳтиёткорлик ва босиқлик қилган ёндошганлари ғоят ўринли ва тўғри ишдир. Чунки кейинчалик у зотга Ибн Сайёднинг Дажжол эмаслиги аниқ маълум бўлди.

Абу Саид Худрий[5] разияллоҳу анҳу ривоят қилиб деди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр[6] ва Умар Мадина кўчаларидан бирида Ибн Сайёдни учратдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Менинг Аллоҳнинг расули эканимга гувоҳлик берасанми?” дедилар. Ибн Сайёд: “Сен менинг Аллоҳнинг расули эканимга гувоҳлик берасанми?” деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен Аллоҳга, малоикалари ва китобларига иймон келтирдим. (Тушингда ёки хаёлингда) Нимани кўрасан?” дедилар. У: “Сув устидаги тахтни кўраман” деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Денгиздаги иблиснинг тахтини кўрасанми? Яна нима кўрасан?” дедилар. У: “Икки рост сўзловчи ва бир ёлғон сўзловчини ёки икки ёлғон сўзловчи ва бир рост сўзловчини кўраман” деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу иш (у даъво қилаётган ғайбдан хабар бериш иши) унга аралаш-қуралаш бўлиб кетибди, уни ўз ҳолига қўйинглар”, дедилар[7].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Сайёднинг бир коҳин эканини билдилар. Сўнг Тамим ад-Дорий[8] разияллоҳу анҳу денгиздаги ороллардан бирида Дажжолни кўргани ҳақида хабар олиб келди. Оролдаги Дажжол катта киши бўлса, Ибн Сайёд ўша дамда ҳали вояга етмаган бола эди. Шунинг учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Сайёднинг Дажжол эмаслигига ишончлари комил бўлди ва қайтиб унга эътибор бермадилар[9].

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади:

“Абдуллоҳ ибн Сайёд Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонида яшаган бўлиб, айрим саҳобалар уни Дажжол деб ўйлашган. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам то унинг Дажжол эмаслиги маълум бўлгунича у ҳақида иккиланганлар. У Дажжол бўлмаса ҳам коҳинлардан эди”[10].

Шу ўринда муҳим бир мулоҳаза бор: Ибн Сайёд Дажжолдир, деб қатъий фикр билдирган саҳобалар шундан нарига ўтмадилар, биронталари қодир бўлса ҳам уни ўлдиришга ҳаракат қилмади. Бу эса саҳобаларнинг охирзамон фитналари ҳақидаги оят-ҳадисларга тааллуқли талаб этилган нарса ҳеч нарсани қўшмасдан ёки камайтирмасдан уларга иймон келтириш ва улардаги кўрсатмаларга амал қилиш эканини яхши тушунганларига далолат қилади.

Саҳобалар разияллоҳу анҳум фитналар ва қиёмат аломатлари ҳақидаги шаръий далилларни воқеликка туширганларини кўрсатадиган далиллардан бири Ҳузайфа разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисдир. Ҳузайфа разияллоҳу анҳу қиёмат аломатларидан бирини унутар, сўнг ўша аломатни воқеликда гавдаланганини кўрса, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг у ҳақида айтган гапларини хотирлар эди. Бу Ҳузайфа разияллоҳу анҳунинг эсига тушган аломатни воқеликка туширганини ифода этади. У бу ҳақда шундай дейди: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хутба қилдилар ва унда қиёматга қадар содир бўладиган нарсаларнинг бирортасини ҳам қолдирмай сўзлаб бердилар. Уни билган билди, билмаган билмади. Мен бу нарсалардан бирини унутиб, сўнг воқеликда кўриб қолсам, худди инсон илгари таниган одамини анча вақтдан кейин яна кўриб, танигани каби шу заҳоти ёдимга тушади”[11].

Олимлар охирзамон фитналари ва қирғинлари ҳақидаги оят-ҳадислардан фойдаланишлари ва умматни фойдалантиришлари лозим. Бунинг учун фойдали деб кўрилган пайтда мазкур ҳадисларда келган ишларни воқеликка тўғри татбиқ қилиш лозим. Акс ҳолда, бу ҳадислар беҳуда қолиб кетади, уларга амал қилинмай қолади. Негаки, қиёмат аломатлари қиёмат қоим бўлишининг даракчиларидир. Агар бу аломатлар барча одамлар биладиган даражада воқеликда юз бермаса, Аллоҳнинг уларни одамларга қиёматни ва унга тайёргарлик кўришни эслатадиган аломат қилиб қўйишдан кўзлаган мақсади амалга ошмай қолади.

[1] Қаранг: “Мавсуат аҳодис ал-фитан ва ашрот ас-соаҳ”, 9.
[2] Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир гуруҳ саҳобалари ичида Ибн Сайёд томон йўл олди. Уни ёш болалар билан Бани Мағола қўрғони олдида ўйнаб юрганда учратдилар. Ўша кунларда Ибн Сайёд балоғат ёшига етай деб қолган эди. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан орқасига урмагунларича пайқамади. Сўнгра ул зот Ибн Сайёдга: «Менинг Аллоҳнинг расули эканимга шоҳидлик берасанми?» дедилар. Ибн Сайёд ул зотга назар солди ва: «Сенинг саводсиз араблар расули эканингга гувоҳлик бераман», деди. Кейин Ибн Сайёд: «Ўзинг менинг Аллоҳнинг расули эканимга шоҳидлик берасанми?» деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан бош тортдилар ва «Аллоҳга ва Унинг расулларига иймон келтирганман», дедилар. Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «(Тушингда ёки хаёлингда) нималарни кўрасан?» дедилар. «(Тушимда) менга рост ва ёлғон (хабарлар) келади», деди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унда сенга бу иш аралаш-қуралаш бўлиб кетибди», дедилар ва сўзларида давом этиб: «Мен сенга бир нарсани беркитдим», дедилар. Ибн Сайёд: «У дух», деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жим бўл! Бундан нарига ҳаргиз ўта олмайсан», дедилар. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, рухсат беринг, бошини танасидан жудо қилай!» деди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу ўша (Дажжол) бўлса, унга устун кела олмайсиз. Агар ўша бўлмаса, сиз учун буни ўлдиришда бирон яхшилик йўқ», дедилар».
«Солим ибн Абдуллоҳ айтади: «Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан қуйидагини эшитдим:  «Ўшандан кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Убай ибн Каъб Ибн Сайёд турган хурмозорга бордилар. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Сайёд уларни кўрмасидан олдин ундан бир нарса эшитиш учун хурмо шохлари орасига яшириндилар. Ибн Сайёд эса тўшак устига яктак кийиб олиб ёнбошлаб олган ва тушуниб бўлмайдиган товуш чиқарарди. Ибн Сайёднинг онаси Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хурмо шохлари орқасида беркиниб турганларини кўриб Ибн Сайёдга:  «Эй Соф! (бу унинг исми) Ана Муҳаммад!» деди. Ибн Сайёд сапчиб турди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар онаси уни жим турганида кимлиги равшан бўлар эди»,  дедилар» (“Саҳиҳи Бухорий”: “Жанозалар китоби”, “Балоғатга етмаган бола мусулмон бўлиб ўлса, унга жаноза ўқиладими, деган боб”, 1355-ҳадис. “Саҳиҳи Муслим”: “Фитналар ва қиёмат аломатлари китоби”, “Ибн Сайёд ҳақидаги боб”, 2930, 2931-ҳадислар. Ҳадис лафзи Бухорийга оид.
[3] Шундай ҳолатлардан бири Муҳаммад ибн Мункадир раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган қуйидаги ҳадисда келади: “Жобир ибн Абдуллоҳни Ибн Сайёд Дажжолдир, деб Аллоҳ номига қасам ичганини кўрдим. Шунда: “Аллоҳга қасам ичаяпсизми?” дедим. У: “Мен Умарни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бунга қасам ичганини эшитганман. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни инкор этмаганлар” (“Саҳиҳи Муслим”: “Фитналар ва қиёмат аломатлари китоби”, “Ибн Сайёд ҳақидаги боб”, 2929-ҳадис).
[4] Қаранг: “Аломотус-соаҳ: дирасатун таҳлилийя”, 184-185; “Маолиму ва маноротун фи танзийли аҳодис ал-фитан”, 99-106.
[5] У Мужоҳид имом Саид ибн Молик ибн Синон Ансорий Хазражий бўлиб, доимо Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнида бўлишга ҳаракат қилар эди. У кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалардан бўлиб, 1170 та ҳадис ривоят қилган ва 12 ғазотда иштирок этган. Ҳижрий 74 йил Мадинада вафот этган (Қаранг: “Истийъоб”, 4/235; “Сияру аълом ан-нубало”, 3/168-172; “Ал-исоба фи тамйиз ас-саҳоба”, 3/65-67).
[6] У Абу Бакр Сиддиқ Абдуллоҳ ибн Усмон Таймий Қураший бўлиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари, яхши кўрганлари, вазирлари, ўзларидан кейинги халифалари, хулафои рошидинларнинг биринчиси, эркаклардан биринчи мусулмон бўлган кишидир. 142 та ҳадис ривоят қилган, ҳижрий 13 йил вафот этган (Қаранг: “Табақот ал-кубро, 3/125-160; “Ал-истийъоб”, 3/91-102; “Ал-Исоба”, 4/169-175).
[7] “Саҳиҳи Муслим”: “Фитналар ва қиёмат аломатлари китоби”, “Ибн Сайёд ҳақидаги боб”, 2925-ҳадис.
[8] У Абу Руқайя Тамим ибн Авс ибн Хорижа Дорий бўлиб, ҳижрий 7-йилда Исломни қабул қилган ва Мадинада яшаган. Кейинчалик Шомга кўчиб ўтган ва Байтул Мақдисда ўрнашган. У биринчи бўлиб масжидда чироқ ёқишни йўлга қўйган кишидир. Замонасининг энг зоҳид кишиси бўлган. Ҳижрий 40 йилда вафот этган (Қаранг: “Ат-тарих ал-кабир”, 2/150-151; “Ал-истийъоб”, 4/235; “Усд ал-ғоба”, 1/95; “Сияру аълом ан-нубало”, 2/442-448).
[9] Қаранг: “Саҳиҳи Муслим”: “Фитналар китоби”, “Жассоса қиссаси ҳақидаги боб”, 2942-ҳадис. Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ Тамим Дорийнинг ҳадисини шу мавзуга оид “ҳал қилувчи” ҳадис деб васфлаган (Қаранг: “Ан-ниҳоя фил-фитан вал-малоҳим”, 55, 60).
[10] Қаранг: “Мажмуъ фатово Ибн Таймия”, 11/283.
[11] “Саҳиҳи Бухорий”: “Тақдир китоби”, “Аллоҳнинг амри ўлчовли тақдир экани тўғрисидаги боб”, 6604-ҳадис; “Саҳиҳи Муслим”: “Фитналар ва қиёмат аломатлари китоби”, “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қиёмат қоим бўлгунича юз берадиган ишларнинг хабарини бериши ҳақидаги боб”, 2891-ҳадис.

Discussion1 комментарий

  1. Assalomu alaykum ustoz Alloh taolo tavfiq bersin va bu ishingizni Alloh bardavom li qilsin

Изоҳ қолдиринг