Вабодан сақланиш учун ўн маслаҳат

0

Дуо қилувчи музтарнинг дуосини қабул қиладиган, қўрқув исканжасида қолган ночорга ёрдам берадиган, балоларни кўтарадиган ва ғам-ташвишни кеткизадиган Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсин! Қалблар фақат Унинг зикри билан тирикдир. Унинг изнисиз бирор иш рўй бермас. Ҳар қандай ёмонликдан фақат Унинг раҳмати ила халос бўлинади. Ҳар нарса Унинг марҳаматийла сақланиб туради, орзуларга У енгил қилиб берсагина етилади, саодатга фақат Унга тоат-ибодат қилиш билан эришилади.

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз. Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса ҳидоят қилувчи йўқдир. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

Одамлар шу кунларда Корона номли вабо вирусидан даҳшатга тушаётганлари муносабати билан қуйидаги ўн маслаҳатни тақдим қилмоқчиман.

Аллоҳ азза ва жалла биздан ва дунёдаги жамики мусулмонлардан ҳар қандай бало ва вабони кўтарсин, бошимизга тушган бутун мусибат ва машаққатларни даф қилсин, ҳаммамизни солиҳ бандаларини сақлаган нарса билан сақласин. Шубҳасиз, У бу ишларнинг эгаси ва уларга қодир Зот.

1. Бало тушганда нима дейилади?

Усмон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: «Ким уч марта «Унинг исми зикр қилинганда на ердаги ва на осмондан тушган бирон нарса зарар бера олмайдиган Аллоҳ исми билан паноҳланаман. У эшитувчи, билувчи Зотдир», деса, то тонг оттиргунича унга кутилмаган бало етмайди. Ким бу сўзларни эрталаб айтса, то кеч киргунча унга кутилмаган бало етмайди» (Абу Довуд ривояти).

بِسْمِ اللَّهِ الذي لا يَـضُرُّ مع اسْمِهِ شَيءٌ في الأرضِ ولا في السَّماءِ وهُوَ السَّميعُ العَليم

Демак, ҳозирда дунёнинг кўп жойларида тарқалаётган коронавирус етиб келмаган одам бу дуони қилса, ундан саломат қолиш эҳтимоли бор.

2. «Ла илаҳа илла анта субҳанака инний кунту миназзолимийн» дуосини кўп айтиш

لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ

Маъноси: «Эй Раббим, Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Сени жамики айб-нуқсонлардан поклайман. Шубҳасиз, мен ўз жонига зулм қилувчилардан бўлдим».

Аллоҳ таоло айтади: «Балиқ соҳиби – Юнус ибн Матта воқеасини эсланг. У қавмига аччиқ қилиб, уларнинг ораларидан чиқиб кетди. Буйруғига хилоф иш қилгани учун Аллоҳ уни жазоламайди, деб ўйлаган эди. Шунда Аллоҳ таоло уни қаттиқ танглик билан имтиҳон қилди. Денгизда уни кит ютиб юборди. У қоронғиликлар – тун, денгиз ва кит қорни қоронғилиги ичра Аллоҳга тавба қилди, қавмига сабр қила олмасдан ўзига зулм қилганини эътироф этди ва Раббига нидо қилиб: «Эй Раббим, Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Сени жамики айб-нуқсонлардан поклайман. Шубҳасиз, мен ўз жонига зулм қилувчилардан бўлдим», деб дуо қилди. Биз унинг дуосини ижобат қилдик ва уни бу оғир ғам-ғуссадан халос этдик. Биз иймон келтирган ва шариатимизга амал қилган кишиларга ҳам ана шундай нажот берамиз».

Ҳофиз Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ «Биз иймон келтирган ва шариатимизга амал қилган кишиларга ҳам ана шундай нажот берамиз» оятини тафсир қилар экан шундай дейди: «Агар улар қийин аҳволда бўлсалар ва Бизга тавба қилиб, дуо қилсалар, хусусан бало тушган пайтда шу дуо билан дуо қилсалар, уларга нажот берамиз».

Кейин Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини келтиради: «Кимда ким Зуннуннинг кит қорнида айтган дуоси – «Ла илаҳа илла анта субҳанака инний кунту миназзолимий» дуосини ҳар қандай эҳтиёжи учун айтмасин, албатта Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилади» (Имом Аҳмад ва Термизий ривоят қилган).

Аллома Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ «Фавоид» номли китобида айтади: «Дунё машаққатларини тавҳид калимаси қайтарганчалик бирор нарса қайтара олмайди. Шунинг учун ҳам мусибат етганда айтиладиган дуо ва Зуннуннинг дуоси тавҳид калимаси бўлди. Мусибатланган ҳар қандай кимса бу дуони қилса, шубҳасиз Аллоҳ тавҳид калимаси билан унинг мусибатини аритади. Ширк улкан балою мусибатларга солади, улардан эса фақат тавҳид калимаси қутқаради. У бутун махлуқотнинг ёрдамчиси ва бошпанасидир. Аллоҳ тавфиқ берсин».

3. Бало машаққатидан паноҳ сўраш

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бало машаққатидан, бахтсизлик етишидан, ёмон қазои қадардан ва душманларга кулги бўлишдан паноҳ сўрардилар».

Яна Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таолодан бало машаққатидан, бахтсизлик етишидан, ёмон қазои қадардан ва душманларга кулги бўлишдан паноҳ сўранглар» (Бухорий ривоят қилган).

4. Уйдан чиқиш дуосини айтиш ва унга бепарво бўлмаслик

بِسْمِ اللَّهِ تَوَكَّلْتُ عَلَى اللَّهِ لَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللَّهِ

Маъноси: «Аллоҳнинг номи билан чиқаман. Аллоҳга таваккал қилдим. Аллоҳнинг хоҳиши ва мададисиз бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтиб ҳам ва шу ҳолатда давом этиб ҳам бўлмайди».

Имом Абу Довуд ва Имом Термизий Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Киши уйидан чиққан пайтида: «Бисмиллаҳи таваккалту алаллоҳ ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» деса, унга: «Ҳидоятландинг, кифояландинг ва ҳимояландинг», дейилади. Натижада шайтонлар ундан четланади, бир шайтон бошқа шайтонга қараб: «Ҳидоятланган, кифояланган ва ҳимояланган одамга қандай кучинг етсин?» дейди» (Абу Довуд ривояти).

5. Тонг отганда ва кеч кирганда Аллоҳдан офият сўраш

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ الْعَفْوَ والْعَافِيَةَ فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ الْعَفْوَ وَالْعَافِيَةَ فِي دِينِي وَدُنْيَايَ وَأَهْلِي وَمَالِي اللَّهُمَّ اسْتُرْ عَوْرَاتِي وَآمِنْ رَوْعَاتِي اللَّهُمَّ احْفَظْنِي مِنْ بَيْنِ يَدَيَّ وَمِنْ خَلْفِي وَعَنْ يَمِينِي وَعَنْ شِمَالِي وَمِنْ فَوْقِي وَأَعُوذُ بِعَظَمَتِكَ أَنْ أُغْتَالَ مِنْ تَحْتِي

Маъноси: «Эй Аллоҳ, мен Сендан дунё ва охиратда афв ва офият сўрайман. Эй аллоҳ, мен Сендан динимда, дунёйимда, оилам ва молимда афв ва офият тилайман. Эй Аллоҳ, менинг айбларимни беркит, қўрқувимни кетказ. Эй Аллоҳ, мени олдимдан ҳам, ортимдан ҳам, ўнгимдан ҳам, чапимдан ҳам, тепамдан ҳам Ўзинг сақла! Улуғворлигинг ила оёғим остидан қўққисдан ҳалокатга учрашдан (ер ютишидан) паноҳ бер«.

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тонгда ва кечқурун қуйидаги сўзларни айтиб дуо қилишни канда қилмас эдилар: «Аллоҳумма инний асъалука ал-афва вал-аафия фид-дунйа вал-аахироҳ. Аллоҳумма инний асъалука ал-афва вал-аафия фий дийни ва дунйая ва аҳлий ва маалий. Аллоҳумма устур авротий ва аамин ровъаатий. Аллоҳумма иҳфазний мин байни ядаййа ва мин холфий ва ан яминий ва ан шимаалий ва мин фавқий. Ва аъузу би азоматика ан уғтаала мин таҳтий» (Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти).

6. Кўп дуо қилиш

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бирингиз учун дуо эшиги очилган бўлса, унга раҳмат эшиклари очилибди. Аллоҳ учун «Эй Аллоҳ, менга офият бер» деб қилинган дуодан кўра севиклироқ дуо йўқ».

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дуо тушган мусибатда ҳам, ҳануз тушмаган мусибатда ҳам фойда беради. Эй Аллоҳнинг бандалари, дуо қилинглар» (Термизий ва бошқалар ривояти).

اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ زَوَالِ نِعْمَتِكَ، وَتَحَوُّلِ عَافِيَتِكَ، وَفُجَاءَةِ نِقْمَتِكَ، وَجَمِيعِ سَخَطِكَ 

Маъноси: «Эй Аллоҳ, неъматингнинг йўқ бўлишидан, офиятинг кетиб ўрнига бало келишидан, тўсатдан балойинг келиб қолишидан ва ғазабингга сабаб бўладиган барча ишлардан ўзингдан паноҳ сўрайман» (Имом Муслим ривояти).

  اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْبَرَصِ، وَالْجُنُونِ، وَالْجُذَامِ، وَمِنْ سَيِّئِ الأَسْقَام

Маъноси: «Эй Аллоҳ, песликдан, жинниликдан, моховликдан ва бутун ёмон касалликлардан ўзинг паноҳ бер» (Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривояти).

7. Вирус юқиши ёки кенг тарқалишининг олдини олувчи чора-тадбирлар кўриш

Абдуллоҳ ибн Омир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар разияллоҳу анҳу Шом диёрига сафарга чиқди. Сарғга етганида Шом диёрида вабо тарқагани ҳақида хабар эшитди. Шунда Абдураҳмон ибн Авф унга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Агар бирор ерда вабо тарқалганини эшитсангиз у ерга борманг, агар сиз турган жойда вабо тарқалса, ундан қочиш учун у ердан чиқманглар», деганларини айтиб берди. Бу ҳадис мусулмонлар карантин масаласида дунё халқларидан ўнлаб аср ўзиб кетганига далолат қилади. Чунки шу ҳадис айтилган пайтдан бошлаб вабо тарқалган жойларда карантин эълон қилинган. Аммо бошқа халқлар буни 20 асрга келиб билдилар.

Лозим кўрилган пайтда карантин қилиш шариатимизда мумкин бўлган ишлардан. Агар карантин қилмасликда бошқалар учун зарар бўладиган бўлса, унинг ҳукми вожиб даражасига кўтарилади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Касал туяси бор одам соғлом туяларини суғораётган одам билан бирга суғормасин» (Бухорий ва Муслим ривояти). Ҳадисда касал юқиб қолмаслиги учун касал туяларни соғлом туяларга аралаштиришдан қайтарилган.

Шунингдек, вирусдан сақланиш учун саломатлик ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш лозим. Шахсий озодаликка, уй ва ҳовли тозалигига риоя қилиш, уй ва хоналарни тез-тез шамоллатиб туриш, айниқса, қўлларни тез-тез совун билан ювиб туриш лозим. Зарурат бўлмаса одамлар тўпланадиган жойларга бормаслик, лифт тугмалари, умумий ҳожатхона ва ошхоналардаги эшик тутқичлари ёки сув жўмраклари каби кўпчилик томонидан ишлатиладиган нарсаларни қўл билан ушлагач, албатта, қўлларни совунлаб ювиш ёки одеколон ёки спиртли салфеткалар ёрдамида тозалаб туриш тавсия этилади. Йўталганда ёки аксирганда оғизни салфетка билан ёки тирсак билан тусиш ҳам муҳим талаблардан бири ҳисобланиб, вирусга чалинган кишилар тарафидан унинг бошқаларга ҳам юқишининг олди олинган бўлади, иншааллоҳ. Ундан ташқари грип ёки бошқа бирон юқимли касалликка чалинган хасталар жамоат жойларига чиққанларида тиббий маска кийиб чиқишлари лозим. Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур ҳолатларда барчанинг маска кийиб юриши шарт эмас.

Бундай пайтларда ваҳимага тушмаслик, ҳар бир ишнинг тақдирда битилганига, қисматдан қочиб қутилиш имконсиз эканига иймон келтириш мусулмон кишидан талаб қилинган энг муҳим ишлардан биридир. Зеро, ҳар бир иш Аллоҳнинг қўлида бўлиб, у зот илми ва ҳикмати ила ишларни тақдир қилади.

Дунё бўйлаб тарқала бошлаган коронавирус балоси асносида кузатилган ишлардан бири кўпчилик инсонлар, жумладан мусулмонлар ҳам озиқ-овқат ғамлашга киришиб кетдилар. Одамлар эҳтиёжидан ўн чандон ошиқча озиқ-овқатларни уйларига таший бошладилар. Натижада, жойларда дўконлар расталари озиқ-овқатлардан, кундалик эҳтиёж молларидан бўшаб қолмоқда. Бу ўз навбатида озиқ-овқат тақсимотида мувозанат бузилишига, моддий имконияти чекланган инсонларнинг кундалик зарурий озиқ-овқат муҳсулотларини харид қилишда қийинчиликларга дуч келишига сабаб бўлмоқда. Албатта, бу каби ишлар ризққа иймон келтирган, зарурий озиқ-овқатлар монополияси билан шуғулланиш ва ўзгаларга зарар бериш ҳаром эканини билган мусулмон кишига асло ярашмайдиган хатти-ҳаракатлардир. Бундай ишлардан узоқ туриш ва ваҳимага берилиб жамиятга зарар келтиришдан четланиш лозим.

Шунингдек, бу каби ҳолатларда ва умуман ҳар қандай ҳолатда одамлар ўртасида асоссиз хабар ва миш-мишлар тарқатиш, натижада халқнинг машаққатга тушишига сабабчи бўлиш катта гуноҳ саналади.

8. Яхши ишлар қилиш

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Яхши ишлар ёмон оқибатлардан, офатлардан ва ҳалокатлардан сақлайди. Дунёда яхшилик қилувчилар охиратда ҳам яхшилик эгалари бўладилар» (Ҳоким ривояти).

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Касалликнинг энг фойдали даволаридан бири яхшилик, эҳсон, зикр, дуо, таззарру ва тавба қилиш, Аллоҳга ёлборишдир. Бу ишларнинг касалликни даволаш ва касалнинг соғайишида табиий дорилардан кўра таъсири кўпроқ. Бироқ бу – қалбнинг тайёрлиги, қабул қилиши ва бу нарсалар ва уларнинг фойдаси ҳақидаги эътиқодга қараб бўлади»  («Зодул маод»).

9. Тунда намоз ўқиш

Билол разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Таҳажжуд намозини ўқинглар, чунки у ўтган солиҳларнинг одати, Аллоҳга яқинлашув, гуноҳдан қайтарувчи, хатоларга каффорат ва бадандан дардни кетказувчидир» (Аҳмад ва Термизий ривояти. Албоний саҳиҳ деган).

10. Идишларни ўраб қўйиш ва сув сақланадиган идишларнинг қопқоғини ёпиш

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: «Идишларни ўранглар, мешларнинг оғзини боғланглар. Ҳар йили вабо тушадиган бир кеча борки, қопқоғи бўлмаган ёки оғзи боғланмаган мешнинг устидан ўтса, албатта унга ўша вабодан тушади» (Муслим ривояти).

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу табибларнинг илм-маърифати етмайдиган илмдир» («Зодул маод»).

Сўзимизнинг охирида айтамизки, ҳар бир мусулмон ишини Аллоҳ азза ва жаллага топширсин, Унинг фазли марҳаматини умид қилсин ва Унгагина таваккал қилсин, Унинг қазои қадарига иймонини яна бир бор янгилаб олсин. Зеро, ишларнинг бари Унинг қўлида ва бошқарувида. Кимга мазкур касаллик етса, Аллоҳнинг мана бу сўзларини эсга олсин:

قُل لَّن يُصِيبَنَا إِلَّا مَا كَتَبَ اللَّهُ لَنَا هُوَ مَوْلَانَا وَعَلَى اللَّهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُؤْمِنُونَ} سورة التوبة

«Эй Пайғамбар, ўша қўрқоқларга дашном ва танбеҳ бериб айтинг: «Бизга фақат Аллоҳ тақдир қилган ва Лавҳул-маҳфузда битиб қўйилган нарсагина етгай. Унинг ўзи бизга душманларимиз устидан ёрдам берувчидир. Мўминлар ёлғиз Аллоҳнинг ўзига суянсинлар!» (Тавба, 51). Касалликни сабр ва ажр умидида қарши олсин. Аллоҳ азза ва жалла сабр қилган ва ажру савоб умид қилганларга улкан ажрларни ваъда қилган:

إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ

«Сабр қилувчиларга охиратда савоблари чексиз, ҳисобсиз, саноқсиз берилгай» (Зумар, 10).

Мусулмон одам Аллоҳ тақдир қилган нарсани рўй бергандан кейингина билади. Қадар ғайб ишларидан ҳисобланади. Шунга кўра мусулмонлар ҳар бир ишга элтувчи сабабларга риоя қилишга буюрилганлар. Сабабларни қўллаш қадарга ҳам, таваккалга ҳам зид эмас. Коронавирусга қарши эҳтиёт чораларини кўриш Аллоҳ азза ва жаллага таваккал қилишнинг тўлдирувчисидир. Сабабларни қилгандан кейин ҳам Аллоҳ азза ва жалла бирор кимсага шу вирус туфайли вафот этишни битган бўлса, Аллоҳ олдидаги ажри улуғдир, иншааллоҳ.

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, у Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўлат (вабо) ҳақида сўрайди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қуйидагича жавоб қиладилар: «У Аллоҳ истаган бандаларига юборадиган азоб эди. Кейин Аллоҳ уни мўминлар учун раҳмат қилди. Қай бир мўмин яшаб турган юртда вабо тарқаса ва у ўз юртида сабр қилиб, унга фақат Аллоҳ ёзган нарса етишини билиб яшаса, унга шаҳид ажричалик ажр бўлади» (Бухорий ривояти).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан барчамизни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган яхши амал ва гўзал сўзларга муваффақ қилишини сўраймиз. Аллоҳ ҳақни гапиради ва тўғри йўлга бошлайди.

Ёлғиз Аллоҳга ҳамду санолар ва Пайғамбаримизга салавоту саломлар бўлсин.

(Мақола Шайх Абдураззоқ ибн Абдулмуҳсин Бадр қаламига мансуб мақола асосида тайёрланди)

Арабчадан ўгирувчи Абу Закарийя ал-Маданий

Манба: ИсломНури

Изоҳ қолдиринг