Касаллик ва вабодан ҳимоя қиладиган дуо ва зикрлар

0

Пайғамбаримизнинг суннати мутаҳҳараларида мусулмон одамни зарар ва ёмонликлардан ҳимоя қиладиган дуо ва зикрларни айтишга тарғиб этадиган кўплаб саҳиҳ ҳадислар бор. Бу дуо ва зикрларнинг маънолари умумий бўлиб, турли касаллик ва ваболарга чалинишдан ҳимоя қилишни сўрашни ҳам ўз ичига олади. Қуйида уларнинг айримларини келтирамиз:

Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу айтади: Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: Ким уч марта: “Бисмиллаҳи аллазий лаа язурру маъа исмиҳи шайъун фил арзи ва лаа фис самаа ва ҳува ас-самеул алийм», деб айтса тонг отгунча унга кутилмаган бало-офат етмайди. Ким уларни тонг оттирганда уч марта айтса кечгача унга кутилмаган бало-офат етмайди” (Абу Довуд ривояти, 5088).

Термизий (3388) мазкур ҳадисни қуйидаги кўринишда ривоят этиб саҳиҳ деган:

Қай бир банда ҳар куни эрталаб ва кечқурун: “Бисмиллаҳи аллазий лаа язурру маъа исмиҳи шайъун фил арзи ва лаа фис самаа ва ҳува ас-самеул алийм”, деб уч марта айтса, унга ҳеч нарса зарар бермайди”.

بِسْمِ اللَّهِ الذي لا يَـضُرُّ مع اسْمِهِ شَيءٌ في الأرضِ ولا في السَّماءِ وهُوَ السَّميعُ العَليم

Дуонинг маъноси:

Унинг исми зикр қилинганда на ердаги ва на осмондан тушган бирон нарса зарар бера олмайдиган Аллоҳ исми билан паноҳланаман. У эшитувчи, билувчи Зотдир”.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтади: Бир киши Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, кеча тунда мени чаён чақиб олди, жуда қийналдим”, деди. У зот: “Аъузу би калимаатиллааҳи ат-тааммаати мин шарри ма холақ”, деб айтганингда сенга ҳеч нарса зиён бермас эди”, дедилар (Муслим, 2709).

أَعُوذُ بِكَلِمَاتِ الله التَّامَّاتِ مِنْ شَرِّ مَا خَلَقَ

Абдуллоҳ ибн Хубайб разияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга намоз ўқиб беришлари учун ёмғирли ва қоронғу тунда у зотни излаб чиқдик. У зотни учратганимизда: “Намоз ўқидингизми?” деб сўрадилар. Мен ҳеч нарса демадим. “Айт”, дедилар. Индамадим. “Айт”, дедилар. Бирон сўз айтмадим. Яна: “Айт”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, нима дейман?” дедим. “Кеч кирганда ва тонг отганда уч марта “Қул ҳува Аллоҳу аҳад”  ва “муаввизатайнни (яъни Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини) айт. Улар сени барча нарсадан сақлайди”, дедилар (Термизий, 3575; Абу Довуд, 5082).

قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ (1) اللَّهُ الصَّمَدُ (2) لَمْ يَلِدْ وَلَمْ يُولَدْ (3) وَلَمْ يَكُنْ لَهُ كُفُوًا أَحَدٌ (4)

قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ الْفَلَقِ (1) مِنْ شَرِّ مَا خَلَقَ (2) وَمِنْ شَرِّ غَاسِقٍ إِذَا وَقَبَ (3) وَمِنْ شَرِّ النَّفَّاثَاتِ فِي الْعُقَدِ (4) وَمِنْ شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ (5)

قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ النَّاسِ (1) مَلِكِ النَّاسِ (2) إِلَهِ النَّاسِ (3) مِنْ شَرِّ الْوَسْوَاسِ الْخَنَّاسِ (4) الَّذِي يُوَسْوِسُ فِي صُدُورِ النَّاسِ (5) مِنَ الْجِنَّةِ وَالنَّاسِ (6)

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кеч кирганда ва тонг отганда мана бу дуоларни айтишни ҳечам тарк қилмас эдилар: “Аллоҳумма инний асъалука ал-афва вал-аафия фид-дунйа вал-аахироҳ. Аллоҳумма инний асъалука ал-афва вал-аафия фий дийни ва дунйая ва аҳлий ва маалий. Аллоҳумма устур авротий ва аамин ровъаатий. Аллоҳумма иҳфазний мин байни ядаййа ва мин холфий ва ан яминий ва ан шимаалий ва мин фавқий. Ва аъузу би азоматика ан уғтаала мин таҳтий”.

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ الْعَفْوَ والْعَافِيَةَ فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ الْعَفْوَ وَالْعَافِيَةَ فِي دِينِي وَدُنْيَايَ وَأَهْلِي وَمَالِي اللَّهُمَّ اسْتُرْ عَوْرَاتِي وَآمِنْ رَوْعَاتِي اللَّهُمَّ احْفَظْنِي مِنْ بَيْنِ يَدَيَّ وَمِنْ خَلْفِي وَعَنْ يَمِينِي وَعَنْ شِمَالِي وَمِنْ فَوْقِي وَأَعُوذُ بِعَظَمَتِكَ أَنْ أُغْتَالَ مِنْ تَحْتِي

Дуонинг маъноси:

«Ё Аллоҳ, Сендан дунё ва охиратда менга тинчлик-омонлик беришингни сўрайман. Илоҳим, Сендан диним ва дунёмга, оиламга ва мол-мулкимга омонлик ва офият беришингни сўрайман. Илоҳим, авратимни (хато-гуноҳларимни) яширгин ва мени қўрқитган нарсалардан омонлик бер. Илоҳим! Мени олдимдан, орқамдан, ўнгимдан, чапимдан ва тепамдан Ўзинг асра. Остимдан балога йўлиқишдан (яъни ер ютишидан) улуғлигинг ила паноҳ тилайман» (Абу Довуд, 5074; Ибн Можа, 3871. Шайх Албоний “Саҳиҳи Абу Довуд” китобида саҳиҳ деган).

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги дуони доимо айтар эдилар: “Аллоҳумма инний аъузу бика мин заваали неъматика ва таҳаввули аафиятика ва фужаати ниқматика ва жамийъи сахатик” (Муслим, 2739).

اللهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ زَوَالِ نِعْمَتِكَ، وَتَحَوُّلِ عَافِيَتِكَ، وَفُجَاءَةِ نِقْمَتِكَ، وَجَمِيعِ سَخَطِكَ

Дуонинг маъноси:

Илоҳим, Сендан бизга ато этган неъматинг кетишидан, бизга берган тинчлик-омонлигинг ўзгаришидан, ғазабинг тўсатдан келишидан ва қаҳрингни келтирадиган барча ишлардан паноҳ беришингни сўрайман”.

Муновий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам доимий тинчлик-омонликни сўрадилар. Тинчлик-омонлик дегани турли оғриқ ва аламлардан, касалликлардан саломат бўлишдир” (“Файз ал-Қадийр”, 2\140).

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бундай дер эдилар: “Аллоҳумма инний аъузу бика минал-бараси вал-жунуни вал-жузаами ва мин саййиил-асқом” (Аҳмад, 12592; Абу Довуд, 1554; Насоий, 5493. Шайх Албоний саҳиҳ деган).

اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْبَرَصِ، وَالْجُنُونِ، وَالْجُذَامِ، وَمِنْ سَيِّئِ الأَسْقَام

Тийбий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Пайғамбаримиз барча касалликлардан паноҳ сўрамадилар. Чунки баъзи касалликларнинг машаққати, изтироби енгил, лекин унга сабр қилинса ажр-савоби кўп, қолаверса, узоқ давом этмайдиган бўлади. Иситмалаш, бош оғриғи, офтальмия (қўз пардасининг яллиғланиши) шулар жумласидан. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам узоқ давом этадиган касалликлардан паноҳ сўрадилар. Чунки бундай касалликлар бемордан бора-бора энг яқинлари қочишига, олдида қоладиган суҳбатдоши ва қаровчиси озайишига, шунингдек, беморга хунуклик ва иснод келишига сабаб бўлади” (Азим Ободий “Авнул-Маъбуд” (4\288) китобида нақл қилган).

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг