Дард ва даво (82): Қадарий жазо турлари

0

Бўлим

Қадарий жазо икки тур бўлади:

Биринчиси қалб ва нафсга тегишли, иккинчиси бадан ва мол-мулкка тегишли.

Қалбга тегишлиси икки хил бўлади:

Биринчиси қалбга етадиган вужудий (ҳақиқий) оғриқлар;

Иккинчиси қалб ҳаёти ва саломатлиги учун зарур бўлган озуқаларнинг узилиб қолиши. Агар бу озуқалар узилиб бўлса, қалбда уларнинг зидди, яъни қалбни ҳалок этадиган ва бузадиган озуқалар пайдо бўлади.

Мазкур жазолар ичида қалбга тегишлиси энг ёмони бўлиб, у баданга етадиган жазоларнинг асоси саналади. Худди тана оғириғи бора-бора қалбга ўтганидек, қалбга бериладиган жазо алами кучайиб ва кўпайиб охири қалбдан баданга ўтади. Жон танани тарк этса, ҳукм (азоб) жонга ўтади. Ўшанда қалбга етадиган жазо юзага чиқиб, кўз билан кўрадиган даражада аниқ намоён бўлади. Бу азобга қабр азоби дейилади. Дунё азоби деганда асосан бадан азоби тушинилгандек, қабр ёхуд барзах азоби деганда асосан қалб азоби тушунилади.

Бўлим

Баданга тегишли жазо икки хил бўлади: дунёда бериладиган ва охиратда бериладиган жазолар. Уларнинг қанчалар қаттиқ ва бардавом бўлиши гуноҳ ортидан келадиган зарарнинг катта ва кичиклигига қараб бўлади.

Аслида дунёда ҳам, охиратда ҳам гуноҳ ва унинг жазосидан ўзга ёмонлик йўқ. Ёмонлик гуноҳлар ва уларнинг жазоларини ўз ичига олган номдир. Ёмонлик нафс ва амалларнинг ёмонлигидан келиб чиқади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам хутбаларида бу икки асосдан паноҳ тилаб, бундай дуо қилар эдилар: «Аллоҳ таолодан нафсимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз». Амалларнинг ёмонлиги нафснинг ёмонлигидан келиб чиқади. Демак, барча ёмонлик нафснинг ёмонлигига қайтар экан. Зеро, амалларнинг ёмонлиги нафс ёмонлигининг бир бўлаги ва самарасидир.

Олимлар юқоридаги ҳадисда келган «амалларимиз ёмонлигидан» деган иборанинг маъноси борасида турли фикрларни айтишган.

Баъзи олимларнинг фикрича, бу ибора «ёмон амалларимиздан» деган маънода айтилган бўлса, бошқа олимларнинг фикрига кўра, «амалнинг ёмон ҳолатга дучор қиладиган жазосидан» деган маънода айтилган. Бинобарин, ҳадиснинг маъноси: «Бизни ёмон ҳолатга дучор қиладиган амалларимизнинг жазосидан паноҳ тилаймиз» бўлади.

Иккинчи фикрга кўра, ҳадисда ёмонликнинг барча туридан паноҳ тиланган. Бу эса иккинчи фикрнинг тўғрироқ эканини кўрсатади. Чунки нафснинг ёмонлиги ёмон амаллар содир бўлишини, ўз навбатида ёмон амаллар ёмон уқубатлар бўлишини тақозо этади. Шу сабабли Пайғамбаримиз нафс ёмонлиги билан ундан келиб чиқадиган ёмон амалларга ишора қилдилар. Нафснинг ёмонликлари ёмон амаллар манбаи бўлгани учун нафс ёмонлигини зикр қилиш билан кифояландилар. Сўнг ёмонликнинг натижаси ва оқибатини зикр қилдилар. У қилган амали сабабли бандага азоб берадиган алам-изтироб ва жазолардан иборат ёмонликлардир. Шундай қилиб, ҳадисда ёмонликнинг асл манбаидан, унинг ирмоқларидан, оқибатидан ва ундан келиб чиқадиган ишлардан паноҳ тиланган.

Фаришталар мўминлар ҳаққига жумладан бундай деб дуо қилишади: «Ўзинг уларни барча ёмонликлардан асрагин. Кимни ўша кундаги ёмонликлардан асрасанг, ҳақиқатан унга раҳм-шафқат қилган бўласан» (Ғофир, 9). Мазкур дуо мўминларни ёмон амаллар ва унинг ёмон оқибатларидан сақлашини сўрашни ўз ичига олади. Аллоҳ таолонинг “Кимни ўша кундаги ёмонликлардан асрасанг, ҳақиқатан унга раҳм-шафқат қилган бўласан” деган сўзи у пайтда паноҳ сўраладиган нарса амалларнинг уқубатлари эканини очиқроқ ифода этади. Шунга қарамай, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мўминларни ёмон амалдан сақласа, албатта, унинг ёмон жазосидан ҳам сақлаган бўлади.

Қуйидагича эътироз туғилиши мумкин:

Бошқа бир оятда фаришталар Аллоҳ таолодан мўминларни жаҳаннам азобидан сақлашини сўрайдилар. Бу дегани уларни ёмон жазолардан асрашни сўраш демакдир. Бу ўз навбатида фаришталар Аллоҳдан мўминларни асрашни сўраган ёмонликлардан мақсад ёмон амаллар эканини кўрсатади. Бинобарин, фаришталар сўраган нарса Пайғамбаримиз юқоридаги ҳадисда паноҳ тилаган нарса билан бир экан. Оятдаги “ўша кундаги ёмонликлардан” деган жойи мазкур фикрга зид келмайди. Чунки сўралаётган нарса ўша куни (дунёда қилинган) ёмон амалларнинг ёмонлигидан, яъни жазосидан сақлашдир.

Эътирознинг жавоби қуйидагича:

Ёмонликлардан асраш икки хил бўлади:

Биринчиси: ёмон амалларни қилмасликка муваффақ қилиш билан ёмонликлардан асраш.

Иккинчиси: ёмон амалларни қилиб қўйган бўлса, мағфират қилиб унинг жазосидан асраш.

Юқоридаги оят ёмонликлардан асрашнинг ҳар икки турини ўз ичига олади.

Мазкур оятда фаришталар иймон, солиҳ амал ва мўминлар ҳаққига истиғфор айтиб уларга яхшилик қилишлари билан мақталгани ҳақида бир фикр юритинг. Улар истиғфор айтишлари олдидан Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг чексиз илми ва раҳматини ўртага қўйиб васила қилишди.

Аллоҳ таолонинг чексиз илми қуйидагиларни ўз ичига олади: бандаларнинг гуноҳлари ва гуноҳга элтувчи сабабларни, бегуноҳ бўлишдан ожиз эканларини ҳамда душманлари Иблиснинг, ҳавои нафсларининг ва табиатларининг улардан устун келишини, дунё ва унинг ўткинчи матолари қанчалар уларга зийнатланиб қўйилганини, шунингдек, бандаларини яхши билишини. Чунки уларнинг оталари Одамни тупроқдан, сўнг унинг зурриётини оналарининг қоринларида ҳомила бўлган ҳолатларида Ўзи йўқдан бор қилди. Шунингдек, Аллоҳнинг чексиз илми бандалар албатта гуноҳга қўл уришлари,  У эса уларни авф этишни ва кечиришни яхши кўриши тўғрисидаги азалий илмини ҳамда ундан бошқа ҳеч бир махлуқот қамраб ололмайдиган маълумотларни ўз ичига олади.

Аллоҳ таолонинг кенг раҳмати Унинг якка ўзига ишонган ва уни яхши кўрган мўмин бандаларининг ҳеч бири хор бўлмаслигини ўз ичига олади. Зеро, Аллоҳ таоло раҳмати кенг Зот. Унинг раҳмати доирасидан фақат бахтсиз инсонларгина чиқади. Раҳмати барча нарсадан кенг бўлган Зотнинг раҳматига сиғмаган кимсадан ҳам бахтсизроқ кимса борми?!

Сўнг фаришталар Аллоҳ таолони танишга, яхши кўришга ва Унга бўйсунишга элтувчи йўлга эргашиб, У зот ёмон кўрган ишлардан тавба қилган,  яхши кўрган йўлига эргашган тавба қилган бандаларини кечиришини Аллоҳдан сўрашди.

Сўнг уларни жаҳаннам азобидан сақлашини, уларни ва уларга қўшиб мўмин ота-оналари, фарзандлари ва жуфти ҳалолларини ҳам Ўзи ваъда қилган Адн жаннатларига киргизишни сўрашди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло гарчи ваъдасига хилоф қилмаса-да, лекин мўминларга талай сабаблар билан жаннатга киритишни ваъда қилди. Фаришталарнинг мўминлар ҳаққига дуо қилиши ҳам шундай сабаблардан биридир. Фаришталар раҳмати ила мўминларни жаннатга киритишини сўраб Аллоҳга дуо қиладилар ва улар Аллоҳнинг раҳмати ила жаннатга кирадилар. Мўминларни жаннатга киритувчи амалларни қилишга муваффақ этиши, фаришталарни уларни жаннатга киришларини сўраб дуо этадиган қилиб қўйиши ҳам Аллоҳнинг раҳматидандир.

Фаришталар ушбу дуо ортидан: “Албатта Сен азиз ва ҳаким Зотсан”, деб айтдилар. “Бу ишларнинг барчаси Сенинг мукаммал қудратинг ва комил илминг ортидан содир бўлади”, дейди фаришталар. Иззат – азизлик мукаммал куч, ҳикмат эса баркамол илм демакдир. Аллоҳ азза ва жалла нима ишни ҳукм этса, ушбу икки сифат ила ҳукм этади, шу икки сифатдан келиб чиқиб буюради ва қайтаради, савоб беради ва жазолайди. Бу  икки сифат яратиш ва буюришнинг асоси саналади.

Мақсадга ўтсак, ёмон амалларнинг жазолари икки турга бўлинади: шаръий ва қадарий жазолар. Қадарий жазо ё қалбга, ё баданга, ё ҳар иккисига етиши, ўлимдан кейин қабрда ҳам давом этиши, таналар қайта тириладиган қиёмат кунида ҳам берилиши мумкин.

Хуллас, гуноҳ ҳеч қачон жазосиз қолмайди. Лекин жоҳил банда бу жазони сезмаслиги мумкин. Чунки у оғриқни сезмайдиган ҳолатдаги маст, эс-ҳушини йўқотган, ухлаётган одамга ўхшайди. Уйқудан уйғонса, ўзига келса оғриқни сезади. Олов теккан жой албатта куйгани, синдириш кетидан синиш пайдо бўлгани, сув остида қолган ғарқ бўлгани, заҳар ичилса бадан бузилгани, касалликни чақирадиган сабаблар бўлса, касаллик пайдо бўлгани каби гуноҳ ортидан албатта жазо келади.

Гуноҳнинг жазоси баъзан гуноҳ билан бирга келиши, баъзан ундан бироз, ё бир муддатга кечикиши мумкин. Худди касаллик сабаби бор бўлганда касаллик бироз кечикиши ё у билан бирга келиши мумкин бўлганидек. Кўпинча шу масалада бандалар адашади. Бир гуноҳни қиладида, ортидаги жазосини кўрмайди, яъни дарров жазо келмаганини кўриб, гуноҳим жазосиз қолди, деб ўйлайди. Билмайдики, гуноҳ салбий таъсирини аста-секин ўтказади. Худди заҳар ва зарарли нарсалар ўз таъсирини аста-секин кўрсатганидек. Агар банда тегишли дориларни истеъмол қилиб, танасидан зарарли моддаларни чиқариб ташласа ва парҳез қилса омон қолади, акс ҳолда ҳалок бўлади. Бу зарари бартараф этилмаган биргина гуноҳга тегишли гап. Энди, ҳар куни, ҳар соатда устма-уст қилинган гуноҳлар тўғрисида нима дейиш мумкин?! Аллоҳ таоло бундай ҳолатга тушишдан Ўзи асрасин!

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг