Дард ва даво (83): Қалбга етадиган қадарий жазолар (01)

0

Бўлим

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло гуноҳлар учун тайинлаган айрим жазоларни эсга олинг, шундай жазолардан айримлари сизнинг ҳам бошингизга тушиши мумкинлигини билинг ва шуни нафсингиз учун гуноҳни тарк қилишига ундовчи омил қилинг. Мен бу уқубатлардан баъзиларини келтираман. Зеро, бу уқубатлар уларга ишонган оқил одамнинг гуноҳдан тийилишга кифоя қилади.

а) Қалб ва қулоқларга муҳр урилиши

Гуноҳларга жазо ўлароқ қалб ва қулоқларга муҳр урилади, кўзга парда тортилади, қалб қулфланади, унинг устини парда қоплайди, қалб занглайди, қалбга тамға босилади, қалб ва кўзлар тескари қилиб қўйилади, бандага қалби тўсилади, қалб Аллоҳнинг зикридан ғофил қилиб қўйилади, инсон ўзини унутади, Аллоҳ таоло осий банданинг қалбини поклашни истамай қўяди, кўкси худди осмонга кўтарилиб кетаётгандек тор ва танг қилиб қўйилади, қалб ҳақдан буриб қўйилади, қалб касали устига касал қўшилади, қалб терс ва тескари қилиб қўйилади ва тескарилигича қолиб кетади.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Ҳузайфа ибн Ямон разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Қалблар тўрт хил бўлади: 1. Нур сочиб турувчи чироғи бор тоза қалб. Бу мўминнинг қалби. 2. Қопланган қалб. Бу кофирнинг қалби. 3. Тўнкарилган қалб. Бу мунофиқнинг қалби. 4. Икки озуқа: иймон ва нифоқ озуқаси билан суғорилиб турадиган қалб. Бундай қалб соҳиби қай озуқа устун келса, ўша томон аҳлидан бўлади”.

б) Тоат-ибодатдан қолдириш

в) Қалбни ҳақни эшитмайдиган кар қилиниши

Қалб ҳақни эшитмайдиган кар, ҳақни гапирмайдиган соқов, ҳақни кўрмайдиган кўр қилиб қўйилади. Оқибатда қалб билан унга бирдан-бир фойдали озуқа бўлмиш ҳақ ўртасидаги алоқа худди карнинг қулоғи билан товушлар ўртасидаги, кўрнинг кўзи билан ранглар ўртасидаги ва соқовнинг тили билан сўзлар ўртасидаги алоқа каби бўлиб қолади.

Шундан биламизки, карлик, соқовлик ва кўрлик сифатлари қалбга нисбатан унинг моҳиятига дохил бўлган ҳақиқий сифатлар бўлса, қулоқ, тил ва кўзга нисбатан моҳиятдан ташқари беқарор ва тобе сифатлар экан. Аллоҳ таоло айтади: “Зеро, кўзлар кўр бўлмас, балки кўкраклардаги қалблар кўр бўлур” (Ҳаж, 46). Оятда кўзнинг ҳиссий кўр бўлиб қолишини инкор этиш мақсад қилинмаган. Йўқ, албатта мақсад бу эмас. Чунки бошқа оятларда “Кўр кишига гуноҳ йўқ” (Нур, 61) ёки “Пайғамбар олдига кўзи ожиз киши келгани учун қош чимирди ва ундан юз ўгирди” (Абаса, 1-2) дейилган. Балки оятда аслида ҳақиқий кўрлик қалб кўрлиги экани, кўз ожизлиги унинг олдида кўрлик эмасдек бўлиб қолиши, қалбнинг мукаммал ва батамом кўрлигига таққослаганда “кўзлар кўр бўлмайди” дейиш тўғри бўлиши ирода қилинган. Буни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзларига ўхшатиш мумкин: “Курашда йиқитган эмас, ғазаби келганда ўзини тута билган инсон кучлидир”. Бошқа ҳадисда бундай деганлар: “Мискин одамлар оралаб юрадиган ва бир ё икки луқма берса, кифоя қиладиган одам эмас, ҳақиқий мискин одамлардан ёрдам сўрамайдиган, мискинлиги сезилмайдиган ва шу сабабли унга садақа қилинмайдиган кишидир”. Бу каби ҳадислар кўп.

Хуллас, гуноҳнинг жазоларидан бири қалбнинг кўр, кар ва соқов қилиб қўйилишидир.

г) Қалбни ер ютиши

Уй-жой ва ундаги нарсаларни ер ютганидек, қалбни ҳам ер ютади. Натижада қалб асфаласофилинга кетади. Эгаси эса буни сезмайди. Қалбни ер ютишининг аломати, у тубан, ифлос ва разил ишлар атрофида айланиб қолади. Бунинг акси ўлароқ Аллоҳ таоло кўтарган, Ўзига яқинлаштирган қалб эса яхшилик, эзгу амаллар, гўзал сўз ва ахлоқлар атрофида айналиб юради.

Салафлардан бири айтади: «Қалблар кезиб юради. Айрим қалблар аршнинг атрорфида кезиб юрса, айримлари ахлатхоналар атрофида кезиб юради».

(Давоми бор)

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг