Никоҳга оид айрим мулоҳазалар

0

Никоҳга оид айрим мулоҳазалар:

  1. Қози Иёз роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Уйланиш гарчи жинсий яқинликка иштиёқи бўлмасада насл қолдириш эҳтимоли бор бўлган ҳар бир кишига мустаҳабдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “…Зеро, (умматлар ичида) сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман[1] – деганлар. Шунингдек, никоҳга тарғиб қилувчи ва буюрувчи оят ва ҳадислар зоҳири ҳам шуни кўрсатади. Аммо бепушт, аёлларга шаҳвати йўқ ва улардан лаззат олишга иштиёқсиз киши, аёл унинг ҳолатини била туриб рози бўлса уйланиш мубоҳдир. Эҳтимол, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Исломда таркидунёчилик йўқ”, – деган сўзларининг умум хулосасидан келиб чиқиб бундай ҳолатда ҳам уйланиш мустаҳаб дейиш мумкиндир[2].

  2. Баъзи моликий мазҳаби уламолари юқоридаги Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисни онанизм ёки мастурбациянинг ҳаромлигига далил қилишган. Чунки ҳадисда уйланишга моддий жиҳатдан ожиз бўлган пайтда шаҳватни кесиш учун рўза тавсия қилинган.

  3. Хаттобий мазкур ҳадисни жинсий шаҳватни кесиш учун дори-дармон билан муолажа қилиш жоизлигига далил қилган. Шунингдек, буни Бағавий “Шарҳус сунна” асарида келтирган.

Ҳофиз роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Бундан шаҳватни буткул кесиб ташлайдиган эмас, балки уни тинчлантирадиган дори-дармонлар назарда тутилиши лозим. Негаки, инсон кейинчалик уйланиш учун моддий имконият топилганда жинсий шаҳватини йўқотганидан пушаймон бўлиб қолиши мумкин[3].

Менимча ҳам тўғри гап шу. Бирон кимса батамом шаҳватини кесадиган дорилар истеъмол қилиши жоиз эмас. Чунки бу ахта қилишга ўхшайди. Ахта қилиш эса ҳаромдир. Шаҳватни тинчлантиришнинг эса зиёни йўқ. Яхшиси, буни ҳадисда айтилганидек, кўп рўза тутиш орқали муолажа қилган афзал, валлоҳу аълам.

  1. Шунингдек, уйланган киши жинсий заифлигини даволаш учун дори истеъмол қилиши жоиздир. Бироқ, ҳаром дори-дармонлардан четланиши ва соғлигига зарар берадиган даражада кўп истеъмол қилмаслиги шарт қилинади.

Қуртубий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Агар киши хотини билан жинсий яқинлик қилишда унинг ҳаққини адо қилишдан ожизлик ҳис қилса, (аёлини жинсий жиҳатдан қондириб), унинг иффатини сақлаши учун жинсий иштиёқини оширадиган ва шаҳватини кучайтирадиган  дори-дармонлар истеъмол қилади[4].

Юқорида зикр қилинган уйланишга оид хукмлар эркак кишига хосдир. Аёл кишига келсак, унга турмушга чиқиш мубоҳдир. Бироқ, айрим ҳолларда унга турмушга чиқиш вожиб бўлмайди. Бунга қуйидагилар далилдир:

  1. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Хотинлардан (ўтириб) кексайиб қолган, эрга тегишни ўйламайдиганлари…” [Нур: 60].

Бу оятдан кўринадики, баъзан аёллар кексайган чоғида турмушга чиқишни хушламас эканлар. Шундай экан, бунинг учун уларни маломат қилиш ярамайди.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “(Аллоҳ йўлидаги жангда) қатл қилинишдан ташқари бўлган шаҳидлик еттита: …ва (ҳомиладор ҳолида ёки) боласини туғаётиб ўлган аёл[5]. Айрим уламолар бу аёлни “турмушга чиқмай бокира ҳолида вафот этган аёл”, деб изоҳлаганлар.

  2. Шунингдек, Қурайш қабиласи аёлларининг васфида “(улар аёллар ичида) ёш болаларга энг меҳрибони[6] деб мақталади. Бу ҳадис келгусида тўлалигича зикр қилинади, иншааллоҳ. “Меҳрибон аёл” етим қолган фарзандларини ювиб-тараб парвариш қиладиган ва шу сабаб турмушга чиқмаган аёлдир.

  3. Буни далилларидан яна бири Ибн Абу Шайба Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисдир: “Бир киши қизини етаклаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келди ва шундай деди:Мана бу қизим турмушга чиқишга кўнмаяпти!”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қарата: “Отангга итоат қил”, – дедилар. Қиз деди: “Йўқ, то эрнинг хотин зиммасидаги ҳаққи нима эканини айтиб бермагунингизча (отамнинг бу истагини бажармайман)”. Қиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яна гапини такрорлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Эрнинг хотин зиммасидаги ҳаққи шунчаликки, агар эрининг (танасида йиринги оқиб турган) яраси бўлса ёки бурнидан йиринг ёки қон оқиб турса-ю, хотин (ўша яра ёки бурундан) оқиб турган нарсани яласа  ҳам эрининг ҳаққини адо этолмайди”. Шунда қиз деди: “Сизни ҳақ билан (Пайғамбар қилиб) юборган Зотга қасамки, мен асло турмушга чиқмайман”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қизларни изнисиз уларни турмушга узатманглар[7].

[1] Ҳасан. Абу Довуд (2050), Насоий (6\ 65) ва Ибн Ҳиббон (4056) Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

[2] Қаранг: “Фатҳул Борий” (9\ 111).

[3] Собиқ манба.

[4] Қуртубий (3\ 82).

[5] Саҳиҳ. Абу Довуд (3111), Насоий (4\ 13) ва Ибн Можа (2803) ривоят қилган.

[6] Бухорий (5082) ва Муслим (2527) ривоят қилган.

[7] Ҳасан. Ибн ҳиббон (4164), Ҳоким (2\ 205), Табароний “Кабир”да (2\ 52) ва Ибн Абу Шайба (3\ 556) ривоят қилган.

Изоҳ қолдиринг