Сийрат: Пайғамбаримизга илк ваҳий тушиши (7)

0

Олтинчи: Даъватга кўмаклашишда солиҳа аёлнинг ҳиссаси

Мана бу ҳадисни бир тафаккур қилайлик: “Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ваҳийдан қалблари қўрқувга тўла қайтдилар. Хадича бинти Хувайлиднинг олдига кириб: “Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар”, дедилар. У зотни ўраб қўйдилар. Қўрқув кетганидан сўнг бўлган воқеани Хадичага айтиб бердилар ва: “жонимга хавф етишидан қўрқиб кетдим” дедилар. Хадича: “Йўқ, Аллоҳга қасам, Аллоҳ сизни ҳаргиз ёрдамсиз ташлаб қўймайди. Чунки сиз қариндош-уруғчиликни боғлайсиз, бировларнинг оғирлигини кўтарасиз (яъни бева-бечорларга, етимларга нафақа қилиб, ёрдам қиласиз), ишсизга иш топиб берасиз, меҳмонга ҳурмат-иззат кўрсатасиз, ҳақ йўлида (мазлумга) кўмак берасиз”, деди”.

Бундай даҳшатли вазиятда Хадича разияллоҳу анҳонинг тутган ўрни унинг довюраклигига далолат қилади. Ғайриодатий хабарни эшитганда ўзини йўқотмади. Балки ўзини дадил тутиб, воқеани тинглади, сўнг дарҳол Варақа бин Навфалга бориб хабарни етказди ва ундан маслаҳат сўради.

Хадича разияллоҳу анҳо ваҳий хабарини эшитгач, бу эшитганлари муқобилида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гўзал одоб-ахлоқларини, сифату шамоилларини кўз ўнгига келтирди, келтирди-да, бундай сифатларга эга бўлган одамни Аллоҳ ҳаргиз ёрдамсиз ташлаб қўймаслигини англаб етди. Бу эса унинг ўта ақлирасо эканига далолат қилади. У зотни “қариндош-уруғчиликни боғлайсиз” деб сифатлар экан, инсон қариндош-уруғчиликни боғлаши унинг барча одамларга хайру эҳсонлар қилишга руҳан таёр эканини англатади. Чунки қариндошлар инсоннинг ахлоқини ёритиб беришда энг катта ойнадирлар. Агар киши қариндошларига чиройли муомала қилиб, уларнинг кўнгилларига йўл топиб, муҳаббатларини қозона олса, ўзгаларнинг ҳам муҳаббатларига сазовор бўлишга албатта қодир бўлади.

Мўминларнинг онаси бўлмиш Хадижа разияллоҳу анҳо бу борада ўзининг соғлом фикрига таянди. Аллоҳ таоло бандалари устида жорий қилган илоҳий ўзгармас қонунларни ва ҳеч бир инсонда топилиши мумкин бўлмаган улкан ахлоқлар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламда мавжуд эканини кўз ўнгига келтирди. Ва у зотга ваҳий нозил бўлишидан илгари, ҳали пайғамбар бўлмасларидан олдин ҳам Аллоҳ таолонинг у кишига кўрсатган илтифотларини эслаб, кўнгли таскин топди ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга далда бўлди.

Хадича разияллоҳу анҳо турмуш ўртоғида кўрган бу мукаммал, гўзал ахлоқлар, сифату шамоиллар, олийжаноб мурувватлар сабабли у зот келажакда улкан ютуқларни қўлга киритишларига ишончи комил эди. Ва ҳаётда асло ёрдамсиз қолмасликларига ишонар эди. Шунинг учун у зотга ўзларининг ахлоқларидан мисоллар келтириб, бу ахлоқлар туфайли Аллоҳ сизни ёрдамсиз ташлаб қўймайди, деди.

Бу борлиқ гўзал хулқлар эгасининг ҳаётда ёрдамсиз ташлаб қўйилганини кўрмаган-билмаган. Ҳолбуки, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам гўзал ахлоқларнинг энг чўққисига етишган, балки бу ахлоқлар у зотнинг табиатига чуқур ўрнашиб кетган, ўхшаши йўқ олийжаноб зот эдилар.

Хадича разияллоҳу анҳо у зотнинг пайғамбарликларига феъл-атворларида кўрган улуғ ахлоқларни далил қилиш билан кифояланмади. Балки у зотни амакисининг ўғли буюк олим Варақа бин Навфал ҳузурига олиб борди. Варақа аҳли китоб уламолардан эди. У охирги замон пайғамбари чиқиши яқин қолганини билгани учун янги пайғамбарни кутиб яшар эди. Варақа бу ўринда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга далда берди ва бу йўлда мустаҳкам туришларига сабабчи бўлди. У зотга келган фаришта Аллоҳ билан Унинг пайғамбарлари ўртасидаги элчи эканини баён қилди.

Варақа Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларини тасдиқлаб вафот этди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам унинг жаннати эканига шаҳодат бердилар. Имом Ҳоким Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: “Варақани сўкманглар, чунки мен унинг бир ёки икки жаннат эгаси эканини кўрдим”[1].

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Хадича разияллоҳу анҳо Варақа ҳақида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраган эканлар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен уни оппоқ кийим кийган ҳолда кўрдим. Агар у дўзах аҳлидан бўлганда эди, эгнида оппоқ кийим бўлмас эди деб ўйлайман”, деган эканлар. Ҳайсамий айтади: “Абу Яъло ҳасан даражали санад билан Жобир бин Абдуллоҳдан ривоят қилишича, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан Варақа бин Навфал ҳақида сўрадилар. У зот: “Мен уни олий жаннатда кўрдим, эгнида ипак кийим бор эди”, деб жавоб бердилар”[2].

Дарҳақиқат, Хадича разияллоҳу анҳо жамиятда обрў-эътиборга эга бўлганидан ва раҳм-шафқат, ҳикмат, ҳалимлик, жиддийлик каби олийжаноб сифатлар соҳиби бўлганидан ҳам дин йўлида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга катта ёрдам кўрсатишга муваффақ бўлди. Аллоҳ таоло Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни бутун оламга, хоссатан Аллоҳ йўлидаги даъватчиларга намуна қилиб юборган экан, у зотга ёрдамчи қилиб намунали аёлни ҳам насиб этди. Хадича разияллоҳу анҳонинг дин йўлидаги улкан хизматлари даъват ғамидаги инсонлар учун, хусусан даъватчи аёллар учун ўрнак ва намунадир.  Аллоҳнинг динига даъват этувчи киши оддий инсонлардан ўзгача бўлади. Ҳар бир ишида улардан ажралиб туради. Чунки у дин ғами билан яшайди. Умматнинг зое бўлиб кетишидан ташвиш қилади, фасод кенг тарқалиб, фасод аҳли кучайиб кетишидан хавотирда бўлади. Ер юзининг машриқу мағрибидаги бутун мусулмонлар ғам-ташвиши ҳақида бош қотиради. Зулм, очлик, хор-зорлик, хусусан даъватчиларга бўлган сиқув, ватандан қувилиш каби ҳар хил қийинчиликларни бартараф этиш йўлини ахтаради. Қолаверса, зиммасида диний мажбуриятларни бошқаларга етказиш бурчи ҳам бор. Бу бурч ундан катта жидду жаҳд талаб қилади. Керак бўлса, Аллоҳ йўлида молу жонини қурбон қилишга тайёр бўлади. Даъватчининг масъулияти улкан бўлар экан, унинг ёнида оғирини енгил қиладиган ақлли, солиҳа хотини бўлса, нур устига нур. Чунки даъватчи даъват масъулиятини ҳис эта биладиган ана шундай аёлга муҳтож бўлади.

Шубҳасиз, даъват ишида солиҳа аёлнинг роли каттадир. Бу нарса Хадича разияллоҳу анҳонинг илк ваҳий нозил бўлган пайтда тутган ўрнидан ҳам маълум бўлди. Ўшанда у Пайғамбар саллалоҳу алайҳи ва салламга тасалли берди, у зотнинг ғамларини аритишга ҳаракат қилди. Аллоҳга даъват этиш башарият зиммасига юкланган энг шарафли ва энг оғир ишдир. Агар даъватчи инсон солиҳа хотинга муваффақ бўлар экан, бу унга даъват ишида жуда қўл келади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дунё матодир. Дунё матосининг энг яхшиси солиҳа аёлдир”, деб марҳамат қилганлар[3].

[1] Ҳоким “Мустадрак”да (2/609) ривоят қилиб, ҳадис имом Бухорий ва Муслим шартига мувофиқдир деган ва буни Заҳабий қўллаб-қувватлаган.
[2] Абу Яъло (2047). Ҳайсамий, “Мажмаъ аз-завоид”, 9/416.
[3] Муслим ривояти, “Китоб ар-разоъ”, 1067.

Изоҳ қолдиринг