Охирзамон қирғинлари (16): Охирзамон фитналари ва қирғинларига оид ҳадисларни воқеликка татбиқ қилиш йўли

0

Қуйидаги уч нуқтада аҳли суннат ва жамоатнинг охирзамон фитналари ва қирғинларини воқеликка татбиқ қилиш борасида тутган йўлининг энг кўзга кўринган жиҳатларини келтирамиз:

Биринчи нуқта: оят-ҳадисларда келган ишларнинг воқеликка мувофиқлигини аниқлаш

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Масиҳ Дажжолнинг сифатларини Ибн Сайёдга мос келиш даражасини аниқлашда тутган йўлларидан маълум бўладики, охирзамон фитналари ва қирғинлари ҳақидаги далилларни воқеликка тўғри тушириш икки босқичда амалга ошади:

Биринчи босқич: саҳиҳ далилда келган иш ёхуд сифатни аниқлаб олиш.

Иккинчи босқич: бу иш ёхуд сифатнинг воқеликка мувофиқлигига ишонч ҳосил қилиш[1].

Бу ўз ўрнида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вақти-вақти билан Дажжолнинг сифатлари Ибн Сайёднинг сифатларига мос келиш-келмаслигини текшириш мақсадида уни кузатганларини изоҳлайди. Маълумки, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Масиҳ Дажжолнинг сифатларидан бехабар бўлсалар, Ибн Сайёднинг ҳолатини текширишга киришмаган бўлар эдилар[2].

Иккинчи нуқта: ишончли далил бўлмаса оят-ҳадисларни воқеликка татбиқ қилишда қатъий ҳукм чиқармаслик

Бирон воқеа-ҳодисанинг дебочалари ва нишоналарининг кетма-кет рўй бериши кузатилганда ўша ҳодисанинг рўй беришини тахмин қилиш инсоният табиатидандир. Лекин аниқ далил бўлмаса оят ва ҳадисларни муайян бир ҳодисага татбиқ қилишда қатъий ҳукм қилмаслик лозим. Мазкур аниқ далил Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида муайян ҳодисага нисбатан айтган гапларидан ёки у зот вафот этганларидан кейин эса кузатишлар натижасида олинган маълумотлар ва далил-исботлардан иборат бўлиши мумкин. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин далил-исботларга таянган ҳолда қатъий ҳукм қилишга бирон ҳодисанинг ҳадисларда келтирилган маълумотларга ҳар жиҳатдан мувофиқ тарзда рўй беришини мисол қилиш мумкин. Олим кишида воқеликнинг оят ва ҳадисларга мувофиқ келгани тўғрисидаги эҳтимол устун бўлса, бу борадаги ўз қарашларини ифода этишга ҳақли. Шундай бўлса-да, мужтаҳид олим воқелик билан оят-ҳадислар ўртасида тўлиқ мувофиқлик ҳосил бўлмагунча бу фикрини эҳтимоллар доирасида қолдириши мақсадга мувофиқдир[3].

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Дажжолнинг сифатлари Ибн Сайёднинг сифатларига мос келиш-келмаслигини текширганларини бир мулоҳаза қилайлик. Саҳобалардан бир қисми Ибн Сайёд Дажжолдир, деб қатъий фикр билдиришганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга эътироз билдирмадилар. Чунки Дажжол билан Ибн Сайёд ўртасида ўхшаш жиҳатлар кўп бўлгани боис, унинг Дажжол бўлиб чиқиши эҳтимолдан холи эмас эди. Ўзлари эса кейинчалик унинг Дажжол эмаслиги аниқ бўлмагунча ва Дажжол билан Ибн Сайёд ўртасидаги ўхшашликлар аниқ юзага чиқмагани учун бу борада бирон қатъий ҳукм чиқармадилар.

Шундай қилиб, бирон далил орқали қатъий исботини топмаган фикрларни эҳтимоллар доирасида қолдириш мақсадга мувофиқдир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг охирзамон фитналари ва қирғинларига оид оят ва ҳадисларни воқеликка татбиқ қилишда тутган йўллари шундай бўлган.

Учинчи нуқта: оят-ҳадисларни воқеликка татбиқ этишда риоя қилиниши лозим бўлган қоидалар

Охирзамон фитналари ва қирғинларига оид оят ва ҳадисларни воқеликка татбиқ этиш борасида кўпчилик хатога йўл қўйишади. Аслида бу иш тақводор ва узоқни кўра оладиган раббоний забардаст олимларга ҳавола этилиши лозим. Зеро, улар одамлар ичида Аллоҳ таолонинг ва Расули саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мурод ва мақсадларини энг яхши билувчи кишилардир.

 

[1] Бу икки босқичдан биринчисига усулул фиқҳ илмида “танқиҳ ал манот” дейилса, иккинчиси “таҳқиқ ал-манот”” деб номланади (Қаранг: Шайхулислом Ибн Таймия. “Ал-мусаввада”, 346, 359).
Танқиҳ ал-манот: муайян шаръий ҳукмнинг иллати бўлишга номзод сифатларни чуқур таҳлил қилиб, ўрганиб чиқиб, улардан бирини ҳақиқий иллат сифатида ажратиб олишга “танқиҳ ал-манот” дейилади.
Таҳқиқ ал-манот: бирор ҳукмнинг иллати оят, ҳадис ёки ижмо билан собит бўлгандан кейин оят, ҳадис ёки ижмо билан ҳукми баён қилинмаган бирор янги масалада мазкур илллатнинг бор ёки йўқлигини аниқлашга “таҳқиқ ал-манот” дейилади (Тарж.).
[2] Қаранг: “Аломот ас-соат: дирасатун таҳилилийя”, 184, 185; “Маолиму ва маноротун фи танзили аҳодис ал-фитан ва ашрот ас-соати алал-вақоиъ вал-ҳаводис”, 95-106, 166-168-бетлар.
[3] Қаранг: “Ад-дурар ас-санийя”, 1/560; “Ал-ироқ фи аҳодис ва осор ал-фитан”, 2/723; “Фиқҳ ашрот ас-соаҳ”, 186, 187, 196, 197-бетлар; ас-Садҳон “Маолиму фи авқот ал-фитан ван-навозил”, 54-55.

Изоҳ қолдиринг