“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок ишларни ўзингизга ҳаром қилиб олманг ва Аллоҳ белгилаган чегарадан тажовуз қилманг. Аллоҳ тажовузкорларни ёқтирмайди. Аллоҳ сизларга берган ҳалол–пок нарсалар билан ҳузурланинг ва ўзингиз иймон келтирган Аллоҳдан тақво қилинг” (Моида, 87-88).
Шарҳ:
Ҳурматли ўқувчи, бу икки оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ шундай ривоят қилади: Анас разияллоҳу анҳу айтади: “Уч киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодатлари ҳақида сўраш учун у зот хотинларининг уйларига келдилар. Уларга Расулуллоҳнинг ибодатлари ҳақида хабар берилгач, бу ибодатларни гўё оз санаб: “Биз қаёқда-ю, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қаёқдалар. Аллоҳ таоло у зотнинг ўтган ва кейинги гуноҳларини мағфират қилган бўлса”, дедилар. Сўнг улардан бири: “Мен умрбод кечани намоз билан ўтказаман”, деди. Иккинчиси: “Мен умр бўйи рўзадор бўлиб ўтаман, асло рўзасиз юрмайман”, деди. Учинчиси эса: “Мен аёллардан четланаман, уйланмай ўтаман”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам келгач уларга: “Сизларми бундай-бундай деган?! Ҳушёр бўлинг, Аллоҳга қасамки, мен ичингизда Аллоҳдан энг қўрқувчи ва тақводорингизман. Лекин, рўза ҳам тутаман, рўзасиз ҳам юраман, кечаси намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва аёлларга уйланаман. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса мендан эмас”, дедилар. Шунда ушбу икки оят нозил қилинди: “Эй иймон келтирганлар”, яъни эй Аллоҳни Раб, Исломни дин ва шариат деб иймон келтирганлар, – дарҳақиқат Аллоҳ Ислом динидан бошқа динни қабул қилмайди ва бошқа шариат ҳам татбиқ қилинмайди, – ҳамда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар деб иймон келтирган кишилар. Бу иймон Расулуллоҳдан бошқага эргашмасликни тақозо қилади.
“Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок ишларни ўзингизга ҳаром қилиб олманг”, яъни Аллоҳ сизга ҳалол қилган таом ва ичимликлар, уйқу, никоҳланиш каби покиза нарсаларни ўзингизга ман қилиб олманг. Бу ердаги покиза нарсалардан мурод нопок ва жирканч нарсалардан бошқа Аллоҳ таоло барча мўмин бандаларига, зоҳиру ошкор фойдалар бўлгани учун ҳалол қилган неъматлардир. Зеро Аллоҳ билувчи ва ҳикмат соҳиби бўлганидан, нимани ҳалол ё ҳаром қилган бўлса, фақат мўмин бандаларининг фойдаси учун қилган. Юқорида келган уч киши Абдуллоҳ ибн Масъуд, Усмон ибн Мазъун ва Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳум бўлгани айтилади.
Ҳалол нарсаларни ҳаром қилиб олишдан қайтаргандан сўнг Аллоҳ таоло мўмин бандаларига хитоб қилиб, уларни тажовузкорликдан қайтарди. Тажовуз – ҳаддан ошиш, ҳалолни ҳаром ва ҳаромни ҳалол қилиш билан ҳад-ҳудудлардан ўтиш демакдир.
Ейиш, ичиш, кийиш, қўшилиш ва бошқа нарсаларда исрофгарчилик ҳам тажовузкорликка киради. Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол нарсаларни еб-ичинг, фақат исроф қилманг. Аллоҳ ҳаддидан ошувчи исрофгарларни ёқтирмайди” (Аъроф, 31).
Фойдадан зарарга, ҳақдан ботилга, саодатдан бахтсизликка ўтиш исрофдир.
Аллоҳ таоло деди: “Аллоҳ белгилаган чегарадан тажовуз қилманг. Аллоҳ тажовузкорларни ёқтирмайди”. Шундай экан, сиз қандай қилиб Аллоҳ ёқтирмайдиган ишни қиласиз?! Қандай қилиб ўзингиз учун Аллоҳнинг муҳаббатини эмас, ғазабини танлайсиз?! Ҳолбуки, сиз Аллоҳнинг муҳаббати ва розилигини истаб, Унинг ғазаби ва адоватидан қочиб, ўзингизга ҳалол нарсаларни ҳаром қилиб олдингиз!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу масалани ёритиб берганлар. Қуйида шуларни баён қиламиз:
Еб-ичинг, садақа қилинг, кийинг, фақат исроф ва кибр қилманг. Мутакаббир ва мақтанчоқ бўлманг.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо деди: “Икки иллат – исроф ва кибр аралашмас экан, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни киявер”.
Кибр ва исрофгарчилик қилмай, енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар. Бандасида неъматини кўришни Аллоҳ яхши кўради.
Оқ кийим кийинг, оқ кафан билан маййитларингизни кафанланг, чунки оқ либос кийимларнинг энг тоза-пок ва яхшисидир.
Айрим салафлар айтганлар: “Аллоҳ таоло табобатни ярим оят ичига жамлаб қўйган: “Енглар, ичинглар, фақат исроф қилманглар”. Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ сизларга берган ҳалол–пок нарсалар билан ҳузурланинг ва ўзингиз иймон келтирган Аллоҳдан тақво қилинг”, оятида эса, уларни аёллар, таомлар, уйқу ва кийимларни ўзлари учун ҳаром қилиб олишдан қайтариб, уларга раҳмат юзасидан ва тўғри йўлга йўллаган ҳолда: “Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар”, деб амр этди. Бу ўриндаги амр рухсат беришга далолат қилувчи амрдир. Рухсат, ейишингиз мумкин, фақат ҳалол-пок нарсалар енг, ҳаром еманг, ҳаромга рухсат йўқ. Ҳаром нарсалар ризқ бўлмайди, фақат музтар ҳолдагина жонни сақлаб қолгудай миқдорда ўлимтик, қон ва тўнғиз гўшти ейишга рухсат берилган. Оятдаги: “ҳалол-пок нарсалар” деган ибора ҳаром нарсалар ризқ бўлмаслигини ифода қилади. Ҳалол-пок нарсалар – жирканч, нопок ва ҳаром бўлмаган деганидир.