Аҳли сунна вал-жамоанинг бидъатчиларга муносабати ва уларга раддия беришдаги манҳажи

0

 Аҳли сунна вал-жамоанинг бидъатчиларга муносабати

Аҳли сунна вал-жамоа доим бидъатчиларнинг бидъатларини инкор қилиб ва уларни бундан қайтариб келган. Қуйида бунга баъзи намуналар олиб келамиз:

а) Умму Дардо разияллоҳу анҳо айтади: «Абу Дардо олдимга ғазабланган ҳолда кириб келди. «Сизга нима бўлди?» деган эдим, «Аллоҳга қасам, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишларидан фақат намозни жамоат бўлиб ўқишларидан бошқа бирор нарса (қолганини) билмаяпман», деди»[1].

б) Амр ибн Яҳё (ибн Амр ибн Салама) айтади: «Отам бобомдан ривоят қилиб айтганларини эшитдим: Биз бомдод намозидан олдин Абдуллоҳ ибн Масъуднинг эшиги олдида масжидга бирга бориш учун кутиб ўтирган эдик, Абу Мусо ал-Ашъарий келиб қолди. «Абу Абдурраҳмон ҳали чиқмадими?» деб сўради. «Йўқ» деган эдик, то чиққунича биз билан ўтирди. Чиқиб келгач, ҳаммамиз унга пешвоз чиқдик. Абу Мусо деди: «Эй Абу Абдурраҳмон, мен боя масжидда нотаниш ишни, лекин алҳамдулиллаҳ, яхши бир ишни кўрдим». «Нима иш экан?» деб сўради. У айтди: «Борсангиз кўрасиз, масжидда бир қавмни кўрдим, намозни кутиб ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтиришибди. Ҳар бир ҳалқада бир киши (бош), қўлларида тошчалар, ҳалиги киши: «Юз марта такбир айтинглар» дейди, юз марта такбир айтишади, «Юз марта таҳлил айтинглар» дейди, юз марта таҳлил айтишади, «Юз марта тасбеҳ айтинглар» дейди, юз марта тасбеҳ айтишади». «Сиз уларга нима дедингиз?» деди. «Сизнинг фикрингизни – ёки амрингизни – кутиб ҳеч нарса демадим», деди. «Ёмонликларини санашга буюрмабсиз-да, яхшиликларидан ҳеч нарса йўқ бўлмаслигига кафолат бермабсиз-да», деди. Сўнг биргалашиб кетдик. Ҳалиги ҳалқалардан бири олдига келиб тўхтаб: «Нима қиляпсизлар?» деб сўради. «Эй Абу Абдурраҳмон, тошчалар билан такбир, таҳлил, тасбеҳни санаяпмиз», дейишди. «Гуноҳларингизни сананглар, яхшиликларингиздан бирон нарса зое кетмаслигига мен кафилман. Ҳолингизга вой бўлсин, эй уммати Муҳаммад! Ҳалокатингиз бунчалар тез бўлмаса! Ҳали у зотнинг саҳобалари ҳаёт бўлса, кийимлари ҳали эскимаган бўлса, идишлари синмаган бўлса! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар ё Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг миллатидан кўра ҳидоятлироқ бир миллатдасизлар ё эса залолат эшигини очишга уринувчисизлар», деди. «Эй Абу Абдурраҳмон, биз фақат яхшилик истаган эдик», дейишди. «Қанча яхшилик истовчилар бўладики, унга асло ета олишмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Бир қавм келади, Қуръон ўқийдилар, бироқ бўғизларидан ўтмайди». Аллоҳга қасам, билмайман, балки ўшаларнинг кўплари сизлардан бўлар», деди. Сўнг улардан бурилиб кетди». Амр ибн Салама айтади: «Ўшаларнинг кўпини Наҳравон куни хаворижлар билан бирга бизга қарши урушга кирганини кўрдик»[2].

в) Бир киши имом Молик ибн Анас раҳимаҳуллоҳ ҳузурига келиб: «Қаердан эҳромга кираман?» деб сўради. «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам белгилаб берган ва ўзлари эҳромга кирган мийқотдан», деб жавоб берди. «Ундан узоқроқдан кирсамчи?» деди. «Бундай қилишни дуруст деб кўрмайман», деди. «Бунинг нимасини кариҳ кўрасиз?» деди. «Сенга фитна етишини кариҳ кўраман», деди. У: «Яхшиликни зиёда қилишда нима фитна бўлиши мумкин?» деб сўради. Молик деди: «Чунки Аллоҳ таоло айтади: «Пайғамбарнинг амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур: 63). Сен ўзингни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам у билан хосланмаган бир фазилат билан хослашингдан кўра ҳам катта фитна бўлиши мумкинми?!»[3]

Аҳли сунна вал-жамоанинг аҳли бидъатга раддия беришдаги манҳажи

Уларнинг бундаги манҳажи Китоб ва Суннат асосига қурилган, бидъатчиларнинг шубҳаларини келтириб, сўнг уларни йўққа чиқарадиган қониқтирувчи ва тилларини боғлаб қўювчи манҳаждир. Улар суннатларни ушлаш ва бидъатлардан тийилиш вожиблигига Китоб ва Суннатдан далил келтирадилар. Бу тўғрида кўплаб китоблар ёзганлар, ақида китобларида шиа, хавориж, жаҳмия, муътазила ва бошқаларнинг иймон ва ақида асослари ҳақида айтган бидъат сўзларига раддиялар берганлар, шу мавзуга хос китоблар таълиф қилганлар. Масалан, имом Аҳмад жаҳмияларга раддия китоби ёзган, Усмон ибн Саид ад-Доримий ҳам бу мавзуда китоб ёзган, шайхулислом Ибн Таймия ва шогирди Ибнул Қаййим, шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ва бошқаларнинг китобларида ҳам мазкур фирқаларга, шунингдек қубурий ва сўфийларга қарши раддиялар мавжуд. Хоссатан, бидъат аҳлига раддия қилиб ёзилган китоблар ҳам кўп бўлиб, мисол тариқасида қуйидагиларни айтиш мумкин:

Эски китоблардан:

  • Имом Шотибийнинг «Эътисом» китоби;

  • Шайхулислом Ибн Таймиянинг «Иқтизо ас-сирот ал-мустақим» китоби. Бу китобнинг катта қисми бидъатчиларга раддияни ўз ичига олган.

  • Ибн Ваззоҳнинг «Инкор ал-ҳаводис вал-бидаъ» китоби;

  • Туртушийнинг «Ал-ҳаводис вал-бидаъ» китоби;

  • Абу Шоманинг «Ал-боис ала инкор ал-бидаъ вал-ҳаводис» китоби.

Янги китоблардан:

  • Шайх Алий Маҳфузнинг «Ал-ибдоъ фий мазоррил-ибтидоъ» китоби;

  • Шайх Муҳаммад ибн Аҳмад аш-Шуқайрий ал-Ҳавомидийнинг «Ас-сунан вал-мубтадаъот ал-мутааллиқа бил-азкор вас-солавот» китоби;

  • Шайх Абдулазиз ибн Бознинг «Ат-таҳзир мин ал-бидаъ» рисоласи.

[1] Бухорий ривояти.
[2] Доримий (210) ривояти. Албоний “Ас-саҳиҳа”да (2005) саҳиҳ санаган.
[3] Абу Шома, «Ал-боъис ала инкор ал-бидаъ вал-ҳаводис» (14-с).

Изоҳ қолдиринг