Ибодатларнинг тури кўп. Намоз, закот, рўза, ҳаж, ростгўйлик, омонатдорлик, ота-онага яхшилик қилиш, қариндошларга силайи раҳм қилиш, аҳдга вафо қилиш, амри маъруф ва наҳий мункар қилиш, кофир ва мунофиқларга қарши урушиш, етим, мискин ва мусофирларга эҳсон қилиш, ҳайвонларга раҳм-шафқатли бўлиш, дуо, зикр, қироат – буларнинг барчаси ибодатдир. Шунингдек, Аллоҳ ва Расулини яхши кўриш, Аллоҳдан қўрқиш, Унга илтижо қилиш ҳамда жонлиқ сўйиш, назр қилиш, Аллоҳдан ёрдам, мадад ва паноҳ сўраш ҳам ибодатлардир. Ибодатларнинг барчаси, ҳар қандай турини фақат ёлғиз ва шериги бўлмаган Аллоҳга қаратиш зарур. Кимда ким Аллоҳдан бошқасига дуо қилса, унга атаб жонлиқ сўйса, назр қилса, ўлик ёки олдида ҳозир бўлмаган одамдан ёхуд ҳузуридаги тирик инсондан Аллоҳдан бошқанинг қудрати етмайдиган ишларда ёрдам ёки мадад сўраса, бундай киши диндан чиқарадиган катта ширк амални қилган, тавбасиз кечирилмайдиган гуноҳ содир этган бўлади. У ширк амални бут-санамлар, тош ёки дарахт ёхуд бугунги кунда қабрлар устида қурилган мақбаралар олдидаги ҳолатларга ўхшаш ўлик ёки тириклигидан қатъий назар бирон пайғамбар ёки Аллоҳга яқин авлиё саналмиш одамларга қаратадими, буни фарқи йўқ. Зеро, Аллоҳ таоло ибодатда Ўзига ҳеч кимсанинг, на муқарраб фаришта, на бирон пайғамбар ва на бирон авлиёнинг шерик қилинишига рози бўлмайди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Шубҳасиз, Аллоҳ Ўзига (бирон нарсани) шерик қилинишини кечирмас…” [Нисо: 48], “Шундай экан, Аллоҳга қўшиб (бошқа) бирон кимсага дуо (ибодат) қилмангиз!” [Жин: 18], “...Унга бирон нарсани шерик қилмангизлар” [Нисо: 36].
Минг афсуслар бўлсинким, ҳозирги кунда қабрлар айрим ўлкаларда мусулмонликни даъво қиладиган инсонлар томонидан Аллоҳни қўйиб ибодат қилинадиган қадамжойларга айланди. Бу инсонлардан айримлари қабрнинг олдида бўлмаса ҳам, ҳар қандай жойда Аллоҳдан бошқага дуо қилишади. Ўрнидан турса ёхуд ғаройиб бирон нарсани кўрса “Ё Расулуллоҳ!” ёки “Мадад беринг, ё Расулуллоҳ!”, “Ё фалончи!” каби сўзларни айтадилар. Уларни бу гаплардан қайтарсангиз, “Биз уларнинг қўлидан ҳеч иш келмаслигини биламиз, бироқ улар солиҳ кишилар, Аллоҳнинг ҳузурида обрў-эътиборлари бор. Биз уларнинг ана ўша обрў-эътибори ва шафоатини восита қилиб Аллоҳдан сўраймиз”, дейишади. Ҳолбуки, улар Қуръон ўқир эканлар, улар айтган бу сўзлар айнан мушрикларнинг гапи эканини унутганлар ёхуд ўзларини унутганга соладилар. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: “Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг шафоатчиларимиз”, дейдилар. Айтинг: “Аллоҳга осмонлар ва ердаги У зот билмайдиган нарсаларни (шерикларни) билдириб қўймоқчимисизлар?!” Аллоҳ уларнинг (яъни мушрикларнинг) ширкларидан пок ва юксак бўлган Зотдир” [Юнус: 18].
Аллоҳ таоло яна шундай дейди: “(Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир (яъни ёлғиз Аллоҳгина чин ихлос билан ибодат қилинишга лойиқ зотдир). У зотдан ўзга “дўстлар”ни (“худо”) қилиб олган кимсалар: “Биз (ўша “худо”ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қиламиз”, (дерлар). Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ (қиёмат кунида) улар ихтилоф қилаётган нарсалар хусусида уларнинг ўртасида ҳукм қилур. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кўрнамак кимсаларни ҳидоят қилмас” [Зумар: 3]. Эътибор берган бўлсангиз, эҳтиёжларини қондириш йўлида “дўст-худолар”ни ўзлари билан Аллоҳнинг ўртасида шунчаки восита, деб эътиқод қилган мушрикларни Аллоҳ таоло ёлғончи ва кўрнамак деб номлади. Қарангки, бугунги кунда айнан шу гапни қабрларга сиғинувчилар ҳам айтишадилар: “Уларнинг қалблари ўртасида ўхшашлик бор” [Бақара: 118].
Ислом уламолари бундай қабиҳ ширкдан қайтаришлари, уни одамларга баён қилишлари, шунингдек, мусулмон ҳокимлар бу каби ширк амаллар авж олган қадамжойларга чек қўйишлари ва масжидларни улардан тозалашлари вожибдир. Дарҳақиқат, кўплаб ислоҳотчи олимлар одамларни бундай ширк амаллардан қайтариб, огоҳлантирганлар. Шайхулислом Ибн Таймия ва у кишининг шогирдлари, шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб, шайх Муҳаммад ибн Исмоил Санъоний, шайх Муҳаммад ибн Али Шавконий шулар жумласидандир. Уламолар қадимда ҳам, ҳозирда ҳам бу ишлардан огоҳлантирганлар. Уларнинг бу борада ёзган асарлари бизгача етиб келган. Жумладан, Шавконий роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Найлул автор” китобида бу борада шундай дейди: “Қабрлар устига мақбаралар қуриб, уларни турли безаклар билан безаш қанчадан-қанча зарар ва бузилишлар келтирдики, ундан ислом йиғлади. Бу бузилишлардан бири худди кофирларнинг бут-санамларга эътиқод қилганидек, авом кишилар ҳам қабрларга эътиқод қилиши бўлди. Бу иш авжга мингандан-миниб, ҳаттоки одамлар бу қабрлар фойда келтириш ва зиённи даф қилишга қодир, деган тушунчага бориб қолдилар. Оқибатда, улар қабрларни эҳтиёжларининг қондирилиши, хоҳиш-истакларининг амалга ошишини сўраб мурожаат қилишадиган ва талпинадиган қадамжойларга айлантириб олдилар. Улар бандалар Парвардигорларидан сўрайдиган нарсаларни қабрлардан сўрай бошладилар. Бу қадамжойларни зиёрат қилиш учун узоқ-яқин жойлардан сафар қилиб келиб, қабрларни силаб-сийпаб, улардан мадад сўрай бошладилар.
Хулоса қилиб айтганда, қадимда жоҳилият аҳли бут-санамлар хусусида нима иш қилган бўлсалар, одамлар ҳам бу ишларни қолдирмасдан қилдилар. “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожеун”. Шундай ярамас ножўя ишлар ва манфур куфр амаллар содир бўлишига қарамай, Аллоҳ учун ғазаб қиладиган, покиза динни ҳимоя қилиш учун куюнадиган на бир олим ёки шогирд, на бир амир ёки вазир ва на бир подшоҳ топмайсан! Бизга етиб келган, шубҳага ўрин қолдирмайдиган аниқ ва ишончли хабарларга кўра, борди-ю, ўша қабрпарастлардан катта бир қисмига ёки уларнинг аксарига хусуматлашган рақиби томонидан қасам ичиш таклиф қилинса, ёлғондан бўлса ҳам Аллоҳ номи билан қасам ичади. Агар унга ўзи эътиқод қилган пири – фалон авлиё номига қасам ичиш таклиф қилинса, дудуқланиб, қасам ичишдан бош тортади ва айбини бўйнига олади. Бу улардаги ширк “Аллоҳ иккитанинг иккинчиси ёки учтанинг учинчиси”, деган мушрикларнинг ширкидан ҳам ўтиб тушганига очиқ далиллардан биридир.
Эй дин олимлари, эй мусулмон ҳокимлар! Куфрдан ҳам катта исломни таҳқирлаш борми?! Бу динга Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишдан кўра зарарлироқ қайси мусибат бор?! Унга тенг келадиган мусулмонлар бошига тушган бошқа бирон мусибат борми? Агар бундай очиқдан-очиқ ширкдан қайтариш вожиб бўлмаса, унда қайси мункар ишни олдини олиш вожиб бўлади?!
Эшитгай, гар қилсанг тирик инсонларга нидо,
Лек сен нидо қилганлар эрур ҳаётдин жудо!
Гар сен пуфласанг оловни ёритгай оташин,
Ва лек сен пуфласанг кулни қаёқдан ёритсин!”
Шавконий роҳимаҳуллоҳнинг гапи тугади. Минг афсуски, у кишидан кейин мусибат янада оғирлашиб, юқорида тавсифлангандан баттар бўлди.