Эй иймон келтирганлар (39): Ароқ, қимор, бут-санамлар ва фол чўпларининг ҳаромлиги

0

“Эй Аллоҳга иймон келтирганлар, ароқ, қимор, бутлар ва фол очиладиган чўплар мана шуларнинг ҳаммаси шайтон чиройли кўрсатадиган гуноҳ ишлардир. Бу гуноҳлардан узоқлашинг, шояд нажот топсангиз. Албатта, шайтон гуноҳ ишларни сизга чиройли кўрсатиб, ароқ ичиш ва қимор ўйнаш сабабли ораларингизга адоват ва нафрат солиш ва сизни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан чалғитишни истайди, холос. Энди тийиларсиз” (Моида, 90-91).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, иймон инсон учун бамисоли руҳ эканини унутманг. Иймон келтирган ва иймонида содиқ бўлган киши ҳақиқатда тирикдир – буйруқ ва қайтариқни қабул қилади, буюрилса бажаради, қайтарилса четланади. Бу унинг баркамол эканидандир. Кофир эса бамисоли эшитмайдиган ва кўрмайдиган, тушунмайдиган ва ақл юргизмайдиган ўликдир. Шунинг учун кофир қачон  Аллоҳга, қиёмат кунига, Унинг китобига ва Расулига иймон келтирса, шундан кейингина шаръий талаблар остига дохил бўлади. (Бу ихтилофли масала бўлиб, айрим уламолар кофирлар ҳам шариат аҳкомларига мукаллафдир дейишса, айримлари мукаллаф эмас деганлар. Учинчи гуруҳ уламолар эса қайтариқларга мукаллаф, буйруқларга мукаллаф эмас деганлар)

Тақводор мўмин бандаларга қаратилган бу илоҳий нидо уларни тўрт нарсадан қайтариб, уларнинг ҳаром эканини баён қилди. Улар ароқ, қимор, бутлар ва фол очиладиган чўплардир. Аллоҳ таоло деди: “Эй Аллоҳга иймон келтирганлар, ароқ, қимор, бутлар ва фол очиладиган чўплар мана шуларнинг ҳаммаси шайтон чиройли кўрсатадиган гуноҳ ишлардир. Бу гуноҳлардан узоқлашинг, шояд нажот топсангиз”.

Ароқ деб таржима қилганимиз “хамр” сўзи аслида қамрови кенгроқ бўлиб, ақлни оладиган ва маст қиладиган барча нарсани: ичиладими, чекиладими, ҳидланадими, укол орқали томирга юбориладими, фарқсиз, истеъмол қилган кишини тили алжираб, нима деётганини билмайдиган ҳолга туширадиган ва ёмон ишлар қилиб қўйишига сабаб бўладиган ҳар қандай нарсани ўз ичига олади.

Қимор – аслида, ўртага пул тикиб ўқ отиб ўйнашга айтилган. Кейинчалик умумийлашиб, пул тикиб ўйналадиган барча ўйинга қимор дейиладиган бўлди.

Бутлар – ибодат учун ўрнатилган тошлар, ҳайкаллар ва суратлар бўлиб, сиғинишнинг шакли таъзим қилиш, силаб юз-қўлини суртиш, атрофида айланиб тавоф қилиш, у билан қасам ичиш ва унга атаб назр қилиш каби ибодатнинг ҳар қандай кўринишида бўлсин, бари бут-санамга ибодат қилиш деб айтилади.

Фол очиладиган чўплар – жоҳилият даврида қисматни аниқлаш учун ишлатилган камон ўқлари бўлиб, учта ўқнинг бирига: “Раббим буюрди”, иккинчисига: “Раббим қайтарди” деб ёзишар, учинчисига ҳеч нарса ёзмас эдилар. Кимдир сафарга чиқмоқчи, ё уйланмоқчи, ё бошқа нимадир иш қилмоқчи бўлса, фол чўплари бор кишининг олдига бориб, толеини билиб беришини сўрарди. У чўпларни идишга солиб, аралаштирар, сўнг бирини тортар эди. Агар “Раббим буюрди” деб ёзилган чўп чиқса, мўлжаллаган ишига киришар, “Раббим қайтарди” деб ёзилган чўп чиқса, ўша ишни қилмай тарк қилар эди. Ҳеч нарса ёзилмаган чўп чиқса, то ёзилган икки чўпдан бири чиққунча чўп тортиш давом этарди.

Ислом келгач, бундай фол чўпларини ва қумга чизиб ёки бошқа хурофот йўллар билан фол очадиган фолбинларнинг залолат ишларини ҳаром қилди. Аллоҳ таоло булар ҳақида: “мана шуларнинг ҳаммаси шайтон чиройли кўрсатадиган гуноҳ ишлардир”, деди. Яъни улар ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан жирканч-нопок ишлардир. Аслида, ҳаром ишларнинг ҳаммаси ҳам гарчи ифлос-кир бўлмаса-да, нопок-жирканч ҳисобланади. Шайтон чиройли қилиб кўрсатадиган иш экани эса жирканчлигини янада зиёда қилади. Чунки шайтон ҳам моддий, ҳам маънавий жирканч-нопок бўлган ишларнигина чиройли кўрсатади. Шунинг учун Аллоҳ улардан четланишга амр этди: “Бу гуноҳлардан узоқлашинг”.

Ароқ, қимор, бутлар ва фол чўплари каби бундай нопок ишлардан узоқ бўлсак, нажот топиб, жаннатга эришишимизга бизни умидлантирди: “шояд нажот топсангиз”. Нажот топиш дўзахдан қутулиб, жаннатга кириш билан бўлади.

Бу юқорида ўтганлар биринчи оятнинг иршоди бўлди.

Иккинчи оят: “Албатта, шайтон гуноҳ ишларни сизга чиройли кўрсатиб, ароқ ичиш ва қимор ўйнаш сабабли ораларингизга адоват ва нафрат солишни ва сизни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан чалғитишни истайди, холос. Энди тийиларсиз”.

Оятда келган жирканч, нопок бўлган бу тўрт ҳаром амални лаънати шайтон чиройли қилиб кўрсатиши сабабини Аллоҳ бизга хабар берди. Шайтоннинг бундай қилишига бош сабаб бизнинг орамизга душманлик уруғини сепиш, ўртамизда адоват, нафрат пайдо қилиш ва бизни Аллоҳнинг зикридан, намоздан тўсишдир. Шу боис шайтон бизга энг нопок, жирканч ишлардан бўлган ароқ, қимор, бутлар ва фол очиладиган чўпларни чиройли, зийнатли қилиб кўрсатди.

Буни асло унутмаслигимиз керак ва ҳар доим шайтонга лаънатлар айтиб, унинг васваса қилишини ва ҳаромга тушириб қўйишга уринишини пучга чиқаришимиз лозим. Бу эса ҳаром ишлардан, хоссатан ароқ ичишдан, уни ишлаб чиқариш ёки сотишдан сақланиш билан амалга ошади. Қимор ўйнамаслик, унинг ҳар қандай кўринишидан узоқ бўлиш, нарда, шахмат, домино ва бошқа Аллоҳ ҳаром қилган ўйинлардан четланиш билан бўлади. Ана шунда шайтоннинг фитнасидан омонда бўламиз, ўртамиздаги биродарлик, дўстлик, муҳаббат бардавом бўлади. Аллоҳнинг зикридан, намозни ўқишдан чарчамаймиз. Динимиз устуни, қувватимиз ўчоғи, ҳидоятимиз маёғи, юксалишимиз нарвони, фаҳш ва мункарга тушиб қолишдан қутқарувчи намоздир: “Зеро, намоз фаҳш ва мункарга тушишдан қайтаради” (Анкабут, 45).

Аллоҳ таоло бу кўрсатмасини нима билан якунлаганига эътибор беринг: “Энди тийиларсиз”. Биз ҳам Умар разияллоҳу анҳу айтгани каби айтайлик: “Тийилдик Раббимиз, тийилдик”. Умар разияллоҳу анҳу: “Аллоҳим, ароқ ҳақида бизга етарли ҳукм нозил қил”, деб дуо қилганида ушбу оят нозил бўлган, шунда у: “Тийилдик Раббимиз, тийилдик”, деб айтган эди. Биз ҳам айтамиз: “Эй Раббимиз, бу нопокликларга яқинлашмаймиз, бу жирканч ишларни қилмайиз, уларга рози ҳам бўлмаймиз. Сен бизни собит қил. Бу азму қароримизда содиқ бўлишимизга тавфиқ ато эт. Чунки Сен бизнинг дўстимизсан. Бизнинг Сендан бошқа дўстимиз йўқ. Берган неъматларинг учун Сенга ҳамд айтамиз, шукр қиламиз. Ҳабибинг ва расулинг Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар йўллаймиз. Оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг