Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Ҳийра фатҳи

0

Ҳийра марзубони (ҳокими) Холиднинг Амғишиядаги ишларини эшитгач, эндиги навбат уники эканига кўзи етди ва урушга ҳозирлана бошлади. Ўғли бошчилигида қўшин чиқариб, унга Фурот дарёсини бўғиб, мусулмонларнинг кемалари юролмайдиган қилиб қўйишини буюрди, ортидан ўзи ҳам йўлга чиқди. Дарёнинг суви пасайиб, кемалари сузолмай қолган мусулмонлар сувни кўпайтириш учун деҳқонларга одам юбориб, дарёдан таралувчи анҳор ва ирмоқларни беркитишга кўрсатма бердилар.

Холид ибн Валид отлиқ аскарлар қўшинига бош бўлиб, марзубоннинг ўғли билан тўқнашишга йўл олди. Йўлда бир тўда отлиқ аскарларга дуч келиб, уларни тинчитди. Сўнг марзубон ўғлининг Фурот ёқасидаги қўшини билан жанг қилиб, уларни мағлубиятга учратди ва тўсилган тўғонни очиб юборди. Сўнг Холид Ҳийра томон йўл олди.

Марзубонга ўғлининг ўлими хабари шоҳ Ардашернинг вафоти хабари билан бир вақтда етиб келди. У воқеалар ривожидан саросимага тушиб, шаҳарни урушсиз ташлаб чиқди ва Фурот даёсидан ўтиб, қочиб кетди. Ҳийраликлар қалъаларга кириб яшириндилар. Холид қалъаларни қуйидаги тартибда қамал остига олди:

  • Заррор ибн Азварга Оқсаройни қамалга олиш вазифасини топширди. У ерда Иёс ибн Қабиса ат-Тоий бор эди.

  • Заррор ибн Хаттобга Адасиййин қасрини қамал қилишни топширди. Унда Адий ибн Адий ал-Ибодий бор эди.

  • Заррор ибн Муқарринга Бани Мозин қасрини қамал қилишни топширди. Унда Ибн Аккол бор эди.

  • Мусанно ибн Ҳорисага Ибн Бақила қасри қамалини топширди. Унда Амр ибн Абдул Масиҳ бор эди.

Холид амирларига аввал одамларни Исломга даъват қилишни, агар Исломни қабул қилсалар мусулмонлар сафига қабул қилишни, агар бош тортсалар бир кун муҳлат беришни буюрди. Душман урушни танлагудек бўлса, уларга имконият бермасликни, балки аёвсиз жанг олиб боришни ва мусулмонларни урушдан ман қилмасликни буюрди. Улар шундай қилдилар. Қавм Исломни қабул қилмади, билъакс урушишни танлади ва мусулмонлар устига сопол тошлар ота бошлади. Ўз навбатида мусулмонлар уларга камон ўқлари ёғдирдилар ва қамални бузиб кириб, уларнинг уй-жойлари ва диёрларини қўлга киритдилар.

Уларнинг руҳонийлари қасрдагиларга нидо қилиб: “Эй саройдагилар, бизни сизлар ўлимга рўбарў қилдингиз”, дейишди. Шундан сўнг саройлар аҳли мусулмонларга: “Эй араблар, биз уч шартингиздан бирини қабул этдик”, дедилар. Сўнг саройларидан чиқиб келишди. Холид ҳар бир қаср бошлиғи билан алоҳида учрашиб, уларни ихтиёр этган ишлари учун танқид қилди. Сўнг улар билан бир юз тўқсон минг дирҳам жизя тўлашларига келишди.

Холид фатҳ хабарини ва ҳийраликлар халифага деб берган ҳадяларни Абу Бакр Сиддиққа юборди. Сиддиқ ҳадяларни қабул қилди, бироқ шариат рухсат бермаган ишдан сақланиб, уларни ҳийраликларнинг жизяси қаторида ҳисоблаттирди[1].

Холид Ҳийра халқи билан тузган битимда шундай сўзларни ёздирди:

“Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бу битим Холид ибн Валид билан Ҳийра аҳолисининг бошлиқлари Адий ибн Адий, Амр ибн Адий, Амр ибн Абдул Масиҳ, Иёс ибн Қабиса, Ҳийрий ибн Аккол ўртасида тузилди. Ҳийра халқи ҳам бунга рози бўлди. Улар билан йилига юз тўқсон минг дирҳам жизя беришларига келишилди. Роҳиблар ва дунёдан этак силтаб, зоҳидлик йўлини тутганлар жизядан хориждир. Фақат кучи етганлар беради. Кучи етмаганлар то кучи етгунича бирор нарса беришдан озод қилинади. Ҳар қандай иш ёки сўз билан хиёнат қилсалар, битим бузилган саналади”. Бу битим ҳижрий 12 йил рабеул аввал ойида тузилди[2].

Бир ривоятда бундай дейилади: Холид ҳийраликларга уч нарсадан бирини танлашни таклиф этиб, деди: “Бизнинг динимизга кирсангиз, фойдамизда ҳам, зараримизда ҳам теппа-тенг шерик бўласизлар, хоҳ ҳижрат қилинг, хоҳ ўз диёрингизда яшанг, фарқсиз. Акс ҳолда, жизя берасизлар. Бунга ҳам кўнмасангиз, ўртамизда уруш бўлади. Аммо айтиб қўяй, Аллоҳга қасамки, мен сизларнинг устингизга сизлар яшашни нақадар яхши кўрсангиз ўлимни шу қадар яхши кўрадиган инсонлар билан келганман”. Улар: “Биз жизяни танлаймиз”, дейишди. Холид: “Вой бўлсин ҳолингизга! Куфр йўлдан адаштирувчи саҳродир, бу саҳрони йўл тутганлар арабларнинг энг ақлсизларидир”, деди[3].

Холид ибн Валид разияллоҳу анҳунинг бу сўзлари Ироқни фатҳ этган қўшинда мужассам бўлган баъзи иймоний сифатларни кўрсатиб беради. Бу қўшин олий мақсад йўлида – одамларни Исломга даъват қилиш ва башариятга ҳидоятни етказиш йўлида ҳаракат қилар эди. Давлат ҳудудларини кенгайтириш, салтанатни кучайтириш, дунё ҳаёти билан лаззатланиш улар учун асосий мақсад эмас эди. Мусулмонларнинг урушларда муваффақият қозонишларининг асосий сабаби Холид ибн Валид айтгани каби, шаҳидликка холис интилиш ва Аллоҳ ҳузуридаги охират савобларинини талаб қилиш эди. Юқоридаги ривоят саҳобаларнинг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларини татбиқ этишга ўта ҳарис бўлганларини, одамларнинг ҳидоят топишини чин кўнгилдан истаганларини кўрсатади. Қаранг, Холид қавмнинг жизя тўлаб, куфрда яшашни ихтиёр этишини ёқтирмасдан, уларга дашном берди. Ҳолбуки, уларнинг жизя бериб туришлари мусулмонлар учун моддий жиҳатдан фойда эди. Лекин Холид дунё ҳаётига беписанд қарайдиган ва Аллоҳ ҳузуридаги охират савобларини афзал санайдиган кишилардан эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам улар учун мана бу сўзлари билан ҳаётдаги энг олий ғояни белгилаб берган эдилар: “Қасамки, Аллоҳ сен сабабли биргина кишини ҳидоят қилиши сен учун қизил туялардан кўра яхшироқдир”[4].

Абу Бакр Сиддиқ ҳийраликлар ихтиёрий равишда юборган ҳадяларни қабул қилиб, уларни жизяга ҳисоблаттириши айни адолат бўлди, аҳли зиммаларга зулм қилишдан покланиш бўлди, одамлар орасида адолат ўрнатиш борасида катта бир сабоқ бўлди.

 

[1] «Тарих ад-даъва илал ислам», 348-бет.
[2] «Тарих ат-Табарий», 4/181.
[3] «Тарих ат-Табарий», 4/178.
[4] Бухорий ривояти, 4210.

Изоҳ қолдиринг