Дард ва даво (84): Қалбга етадиган қадарий жазолар (02)

0

(Давоми)

д) Қалб табиатининг ўзгариши

Қалб ҳайвон қалбига айлантириб қўйилади. Айрим гуноҳлар сабабли инсоннинг ташқи кўриниши ҳайвон қиёфасига айлантирилгандек, унинг қалби ҳам ахлоқи, амали ва табиати ўхшайдиган ҳайвон қалбига айлантириб қўйилади. Баъзи инсонлар чўчқага ўхшагани боис қалбининг хулқи чўчқанинг хулқига айлантирилади. Айрим қалблар эса ё итнинг, ё эшакнинг, ё илоннинг, ё чаённинг, ё бошқа бир ҳайвоннинг ахлоқига айлантирилади.

Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ «Ерда судралиб юрган ҳар бир жонивор, осмонда қанот қоқаётган ҳар бир қуш худди сизлар каби умматлардир” (Анъом, 38) оятини шундай тафсир қилади: “Айрим одамлар хулқи йиртқич ҳайвонларнинг хулқига, айримлариники ё итларнинг, ё чўчқаларнинг, ё эшакларнинг ахлоқига ўхшайди. Баъзилар товус патлари билан қандай безанса, худди шундай кийими билан безаниб юради. Баъзилар эшак каби аҳмоқ бўлади. Бировлар хўроз каби бошқалар манфаатини ўз манфаатидан устун кўради. Баъзилар кабутардек бошқалар билан киришувчан бўлади. Айримлар туядек кек, гина-кудрат сақловчи бўлади. Одамлар ичида қўй каби фақат яхшилик келтирувчи инсонлар бор. Шунингдек, улар орасида бўрига ўхшайдигани, тулки каби маккорлари бўлади”.

Аллоҳ таоло жоҳил ва йўлдан озган инсонларни гоҳида эшакка ўхшатса, гоҳо итларга, гоҳо чорва молларига ўхшатган. Бу ўхшашлик ботинда кучайиб бораверади ва охири зоҳирда ҳам махфий тарзда кўзга ташлана бошлайди. Уни зийрак ва ўткир фаросатли одамларгина пайқай олади. Шунингдек, бу ўхшашлик инсоннинг амалларида ҳам кўрина бошлайди. Уни ҳар бир инсон кўради. Қалбдаги ўхшашлик тобора кучайиб, ҳатто ташқи қиёфани ўзига торта бошлайди. Оқибатда Аллоҳнинг ҳохиши ила инсоннинг ташқи кўриниши ўша ҳайвон қиёфасига айланиб қолади. Бу тўлиқ ҳайвонга айланиш демакдир. Аллоҳ азза ва жалла яҳуд ва уларга ўхшаган қавмларни ҳайвонларга айлантирганидек, унинг ташқи кўринишини табиати ўхшаш бўлган ҳайвонга айлантириб қўяди. Бу умматдан ҳам баъзи кимсаларни маймун ва чўчқага айлантириб қўйиши ҳақиқат.

Субҳоналлоҳ! Қалби тўнкарилган қанча одамлар бор, қалби тўнкарилганини сезишмайди. Ҳайвонга айлантирилган, ер ютган қанча қалблар бор, эгалари буни билишмайди. Одамлар мақтовига мафтун бўлган, Аллоҳ унинг айбини яширганига алданиб юрган, ато этилган неъматлар ила сездирмай ҳалокатга етакланаётган инсонлар қанча?!

Буларнинг барчаси аслида жазо ва хорликдир. Бироқ жоҳил одам уларни каромат деб ўйлайди.

е) Макр қилганга Аллоҳ ҳам макр қилади

Макр-ҳийла қилувчига Аллоҳ таоло ҳам макр-ҳийла қилади, алдоқчини Аллоҳ таоло алдайди, Аллоҳнинг ва диннинг устидан кулувчилар устидан Аллоҳ ҳам кулади, ҳақдан тойган қалбларни тойдириб юборади.

ё) Қалбнинг тескари қилиниши

Гуноҳларга уқубат ва жазо сифатида Аллоҳ таоло осийнинг қалбини тескари қилиб қўяди. Натижада ботилни ҳақ, ҳақни ботил, яхшиликни ёмонлик, ёмонликни яхшилик деб билади. Бузғунчилик қила туриб, уни ислоҳ деб ўйлайди, Аллоҳнинг йўлидан тўсади-ю, лекин Унинг йўлига чақиряпман деб эътиқод қилади. Ҳидоят эвазига залолатни сотиб олади-да, ўзини ҳидоятдаман деб ҳисоблайди. Ҳавои-нафсига эргашган ҳолида, яратганга бўйсуняпман дея даъво қилади.

Буларнинг барчаси гуноҳнинг қалбда жорий этиладиган жазоларидан саналади.

ж) Қалбнинг дунёда Аллоҳдан тўсилиб қолиши

Қалб Парвардигордан шу дунёда тўсиб қўйилади ва қиёмат куни энг катта тўсиққа мубтало бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ, (ундоқ эмас)! Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилган гуноҳлари қоплаб олгандир! Шак-шубҳа йўққи, улар ўша кунда Парвардигорларидан тўсилувчидирлар” (Мутаффифин, 14-15). Гуноҳлар уларни қалбларига етиб боришдан тўсади. Натижада қалбларига етиб боролмайдилар, уни ўнглайдиган ва поклайдиган, бузадиган ва бахтиқаро қиладиган нарсаларни кўра олмай қоладилар. Шунингдек, гуноҳлар қалбларининг Парвардигорларига етишига тўсқинлик қилади. Натижада Унга яқин банда бўлиш ва кароматига эриш бахтига мушарраф бўлмайди, кўзлари У билан қувончга тўлмайди, жонлари У ила оро топмайди.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг