Тафсири муяссар: “Бақара” сураси, 196-203 оятлар

0

 

وَأَتِمُّوا الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ لِلَّهِ فَإِنْ أُحْصِرْتُمْ فَمَا اسْتَيْسَرَ مِنْ الْهَدْيِ وَلا تَحْلِقُوا رُءُوسَكُمْ حَتَّى يَبْلُغَ الْهَدْيُ مَحِلَّهُ فَمَنْ كَانَ مِنْكُمْ مَرِيضاً أَوْ بِهِ أَذًى مِنْ رَأْسِهِ فَفِدْيَةٌ مِنْ صِيَامٍ أَوْ صَدَقَةٍ أَوْ نُسُكٍ فَإِذَا أَمِنتُمْ فَمَنْ تَمَتَّعَ بِالْعُمْرَةِ إِلَى الْحَجِّ فَمَا اسْتَيْسَرَ مِنْ الْهَدْيِ فَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَصِيَامُ ثَلاثَةِ أَيَّامٍ فِي الْحَجِّ وَسَبْعَةٍ إِذَا رَجَعْتُمْ تِلْكَ عَشَرَةٌ كَامِلَةٌ ذَلِكَ لِمَنْ لَمْ يَكُنْ أَهْلُهُ حَاضِرِي الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَاتَّقُوا اللَّهَ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ ٦٩١

  1. Ҳаж ва умрани холис Аллоҳ учун, комил суратда адо этинглар. Ҳаж ё умрага ният қилиб, эҳромга кирганингиздан кейин уни мукаммал адо этишингизга душман ё касаллик каби бирон моне тўсқинлик қилса, сочларни қириб ёки қисқартириб эҳромдан чиқишларингиз учун, қўлларингиздаги туя ва мол-қўйларни сўйиб, Аллоҳга яқинлик ҳосил қилишингиз вожиб бўлади. Йўлингиз тўсилган бўлса – Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбияда ҳадяларини бўғизлаб, сўнг сочларини олдирганларидек, йўлингиз тўсилган ерда ҳадяни (яъни Ҳарамда сўйиш учун олган жонлиқни) бўғизлаб, эҳромдан чиқмагунча – сочларингизни олдирманглар. Йўли тўсилмаган кишилар ҳадяларини фақат Ҳарам ҳудудида бўғизлайдилар, сўйиш вақти ийд (қурбон ҳайити) куни бўлмиш зул-ҳижжанинг ўнинчи куни ва ундан кейинги ташриқ кунларидир. Сизлардан қай бир киши эҳромдалик ҳолида касал бўлса ёки бошида бирор озор мавжуд бўлиб, соч олдириш зарурати пайдо бўлса, сочини олдираверади ва эвазига фидя бериши лозим бўлади. Фидя уч кун рўза тутиш ёки олтита мискинга ҳар бирига ярим соъдан егулик бериш ёки Ҳарамдаги камбағалларга бир қўй сўйиб беришдир. Тинч-омон ва сиҳат-саломат бўлган ҳолларингизда қай бир киши ҳажгача умрадан фойдаланган бўлса, яъни умра қилиб бўлганидан кейин (то ҳаж амаллари бошланадиган кунгача) эҳром сабабли ҳаром бўлган ишларни ўзига ҳалол қилган (эҳромдан чиққан) бўлса, муяссар бўлган бир ҳадя (жонлиқ)ни сўйиши лозим. Ким бўғизлаш учун ҳадя топа олмаса, ҳаж ойларида уч кун ва ҳаж амалларидан фориғ бўлиб, аҳли-оиласига қайтганидан кейин яна етти кун рўза тутиши лозим. Бу ўн куннинг рўзасини тўла тутиш зарурдир. Ушбу ҳадя (жонлиқ) ва унинг ўрнига тутиладиган рўза аҳли-оиласи Ҳарам ерида яшовчи бўлмаган кишилар учундир. Аллоҳдан қўрқинглар ва Унинг буйруқ ва қайтариқларига риоя қилинглар. Билингларки, Аллоҳ таоло Ўзининг амрига хилоф қиладиган ва қайтарган ишларини қиладиган кимсаларга азоби қаттиқ зотдир.

الْحَجُّ أَشْهُرٌ مَعْلُومَاتٌ فَمَنْ فَرَضَ فِيهِنَّ الْحَجَّ فَلا رَفَثَ وَلا فُسُوقَ وَلا جِدَالَ فِي الْحَجِّ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ يَعْلَمْهُ اللَّهُ وَتَزَوَّدُوا فَإِنَّ خَيْرَ الزَّادِ التَّقْوَى وَاتَّقُونِي يَا أُوْلِي الأَلْبَابِ ٧٩١

  1. Ҳаж вақти маълум ойлар бўлиб, улар шаввол, зул-қаъда, зул-ҳижжанинг ўн кунидир. Мазкур ойларда ким эҳромга кириш билан ўзига ҳажни фарз қилган бўлса, энди унга жимоъ (жинсий алоқа) ва шунга олиб борувчи сўзу ишлар ҳаром бўлади, гуноҳ ишларни қилиш билан Аллоҳнинг тоатидан чиқиш ҳамда ҳаж мобайнида ғазаб ва нафратга олиб келадиган талашиб-тортишишлар ҳам унга ҳаром бўлади. Нимаики яхши амал қилсангизлар, Аллоҳ уни билади ва ҳар кишига амалига яраша жазо-мукофот беради. Ҳаж сафари учун ўзингизга емак-ичмак тадоригини ва охират ҳовлиси учун солиҳ амаллар тадоригини кўрингиз. Шубҳасиз, энг яхши тадорик Аллоҳдан тақво қилишдир. Мендангина қўрқинглар, эй соғлом ақл эгалари!

لَيْسَ عَلَيْكُمْ جُنَاحٌ أَنْ تَبْتَغُوا فَضْلاً مِنْ رَبِّكُمْ فَإِذَا أَفَضْتُمْ مِنْ عَرَفَاتٍ فَاذْكُرُوا اللَّهَ عِنْدَ الْمَشْعَرِ الْحَرَامِ وَاذْكُرُوهُ كَمَا هَدَاكُمْ وَإِنْ كُنتُمْ مِنْ قَبْلِهِ لَمِنْ الضَّالِّينَ ٨٩١

  1. Ҳаж кунлари тижоратдан фойда топиб, Раббингизнинг ризқидан талаб қилишингизда сизлар учун гуноҳ йўқдир. Кун ботганидан сўнг Арафотдан – ҳожилар зул-ҳижжанинг тўққизинчи куни турадиган ўриндан қайтиб келиб, Машъари Ҳаромда – Муздалифада тасбеҳ, талбия ва дуолар билан Аллоҳни зикр қилинглар. Аллоҳни Унинг ўзи сизларни йўллаб қўйган саҳиҳ-тўғри кўринишда зикр қилинглар. У йўллаб қўйишидан олдин сизлар ҳақни билмайдиган, залолатда эдингиз.

ثُمَّ أَفِيضُوا مِنْ حَيْثُ أَفَاضَ النَّاسُ وَاسْتَغْفِرُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ ٩٩١

  1. Кейин сизлар Иброҳим алайҳиссалом қайтган жойдан – Арафотдан ҳаракатланинглар ва бу билан Арафотда вуқуф қилмайдиган (турмайдиган) жоҳилият аҳлига хилоф қилинглар. Ва Аллоҳдан гуноҳларингизни кечиришини сўранглар. Шубҳасиз, Аллоҳ истиғфор айтадиган ва тавба қиладиган бандаларини кечирувчи, уларга раҳмли зотдир.

فَإِذَا قَضَيْتُمْ مَنَاسِكَكُمْ فَاذْكُرُوا اللَّهَ كَذِكْرِكُمْ آبَاءَكُمْ أَوْ أَشَدَّ ذِكْراً فَمِنْ النَّاسِ مَنْ يَقُولُ رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا وَمَا لَهُ فِي الآخِرَةِ مِنْ خَلاقٍ ٠٠٢

  1. Ибодатларингизни тамомлагач ва ҳаж амалларидан фориғ бўлгач, Аллоҳни худди оталарингизнинг мақтовли хислатларини эсга олгандек ёки ундан ҳам зиёда эсга олинглар. Одамлар ичида бир гуруҳи борки, ғам-ташвиши фақат дунё бўлади, «Эй Раббимиз, бизга дунёда сиҳат-саломатлик, мол-дунё ва фарзандлар ато этгин» деб дуо қилади. Охиратга рағбат қилишмагани ва ҳимматларини фақат дунёга чеклашгани учун уларга охиратда ҳеч қандай улуш ва насиба йўқдир.

وَمِنْهُمْ مَنْ يَقُولُ رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا حَسَنَةً وَفِي الآخِرَةِ حَسَنَةً وَقِنَا عَذَابَ النَّارِ ١٠٢

  1. Улар ичида мўмин бўлган бир гуруҳи ҳам борки, дуоларида: «Эй Раббимиз, бизга дунёда офият, ризқ-рўз, фойдали илм, солиҳ амал ва бошқа дину дунё ишларини, охиратда эса жаннатни ато этгин ва бизни дўзах азобидан сақлагин», дейишади.

Бу дуо энг қисқа ва пурмаъно дуолардан бўлиб, икки «Саҳиҳ»да ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг кўп айтадиган дуолари эди.

أُوْلَئِكَ لَهُمْ نَصِيبٌ مِمَّا كَسَبُوا وَاللَّهُ سَرِيعُ الْحِسَابِ ٢٠٢

  1. Шундай дуолар қилувчи кишилар учун қилган солиҳ амаллари сабабли улкан ажру савоб бордир. Аллоҳ ҳисоби тез, бандаларининг амалларини ҳисоб қилувчи ва уларга яраша жазо-мукофотлар берувчи зотдир.

وَاذْكُرُوا اللَّهَ فِي أَيَّامٍ مَعْدُودَاتٍ فَمَنْ تَعَجَّلَ فِي يَوْمَيْنِ فَلا إِثْمَ عَلَيْهِ وَمَنْ تَأَخَّرَ فَلا إِثْمَ عَلَيْهِ لِمَنْ اتَّقَى وَاتَّقُوا اللَّهَ وَاعْلَمُوا أَنَّكُمْ إِلَيْهِ تُحْشَرُونَ ٣٠٢

  1. Саноқли кунларда Аллоҳни тасбеҳ ва такбирлар билан зикр қилинглар. Саноқли кунлардан мурод Ташриқ кунлари бўлиб, зул-ҳижжанинг ўн биринчи, ўн иккинчи ва ўн учинчи кунларидир. Энди ким тезроқ кетишни истаса ва тошларини отгач, ўн иккинчи куннинг қуёши ботмай туриб Минодан чиқиб кетса, унга гуноҳ йўқ. Ким кетишни ортга суртса ва Минода тунаб, ўн учинчи куни ҳам тошларни отгандан кейин кетса, унга ҳам гуноҳ йўқдир. Бу (яна бир кун қолиш) ҳаж ибодатида Аллоҳдан тақво қилган киши учундир. Шундай қилиш афзалроқ, чунки бу ибодатни кўпайтириш ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қилган ишларига эргашишдир. Эй мусулмонлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва барча ишларингизда Унинг кузатиб турганини ёдда тутинглар. Билингларки, ўлганингиздан сўнг ҳисоб бериш ва жазо-мукофот олиш учун фақат Унинг ҳузурида йиғиласизлар.

 

Изоҳ қолдиринг