Усмон розияллоҳу анҳу: жоҳилиятдаги мартабаси

0

Усмон розияллоҳу анҳу жоҳилиятда қавмининг ичида энг афзал кишилардан бири, жуда обрўли, бой, уятчан ва ширин сўзли эди. Қавми уни жуда ҳам яхши кўрар ва қаттиқ ҳурмат қиларди. Усмон розияллоҳу анҳу жоҳилиятда бирорта бутга сажда қилмаган, зино, ароқ ичиш каби ишлардан йироқ турган. “Ароқ ақлни олади, ақл эса инсонга берилган энг улуғ неъматдир. Инсон унга қарши курашиши эмас, уни юксалтириши лозим”, – дер эди у. Жоҳилият даврида ҳам бекорчи йиғинларга қўшилмаган. Усмон розияллоҳу анҳу ўта ҳаёли бўлиб, бирор кишининг авратига қарамаган. Аллоҳ таоло уни ўз раҳматига олсин! Усмон розияллоҳу анҳу бизга ўзини танитиб, шундай дейди: “Мен қўшиқ айтмадим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат берганимдан бери ўнг қўлим билан олатимни ушламадим. Жоҳилиятда ҳам, исломга кирганимдан кейин ҳам ароқ ичмадим ва зино ҳам қилмадим”. У жоҳилиятда арабларга хос билимларни жуда пухта билган. Жумладан, қабилаларнинг насл-насаблари, мақол ва масаллар ва тарихни яхши билган. Кўп сафар қилиб, Шом ва Ҳабашистон диёрларига борган. Араб бўлмаган қавмларга аралашиб, уларнинг урф-одатларини ҳаммадан яхши ўрганган. Отасидан қолган тижоратни ривожлантириб, Бани Умайянинг Қурайшдаги энг обрўли кишиларидан бирига айланган. Усмон розияллоҳу анҳу яшаган Маккадаги бу жоҳилий жамиятда инсон мол-мулкига қараб иззат-обрўга эришар, бола-чақа, ака-ука ва қавму қариндошларининг кўплигига қараб одамлар ундан ҳайиқар эдилар. Усмон розияллоҳу анҳу қавмида катта иззат-обрў ва меҳр-муҳаббат қозонган.

Усмон розияллоҳу анҳунинг даврида аёллар болаларига одамларнинг Усмон розияллоҳу анҳуга бўлган муҳаббатини мисол келтириб, “Раҳмонга қасамки, мен сени Қурайш Усмонни севганидек севаман”, деб алла айтишгани улар Усмон розияллоҳу анҳуни қанчалар ҳурмат қилишганига яққол далил бўлади.

Исломга кириши

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳуни исломга даъват қилганида у ўттиз тўрт ёшда эди. Усмон розияллоҳу анҳу сусткашлик қилиб, ҳар хил нарсаларни баҳона қилмади. Аксинча, у Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даъватига қулоқ солиб, биринчилардан бўлиб исломга кирди. Абу Исҳоқ: “Абу Бакр, Али ва Зайд ибн Ҳорисадан кейин энг биринчи бўлиб Усмон розияллоҳу анҳу исломга кирган” – дейди. Шунда у эркаклардан тўртинчи бўлиб исломга кирган шахс бўлади. Шомдан қайтиб келишида содир бўлган воқеа унинг исломга тез киришига сабаб бўлган бўлса, ажабмас. Бу воқеани Усмон розияллоҳу анҳунинг ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берган. У Талҳа ибн Убайдуллоҳ билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга исломни баён қилиб, Қуръон ўқиб, исломдаги ҳақ-ҳуқуқларни айтиб, Аллоҳнинг ҳузурида ҳурматга сазовор бўлишини ваъда қилганларида улар иймон келтирдилар. Шунда Усмон розияллоҳу анҳу шундай деди: “Эй Расулуллоҳ! Мен яқинда Шомдан келдим. Маон ва Зарқо ўртасига келганимизда мудраб турган эдик. Тўсатдан бир жарчи: “Эй уйқучилар, туринглар, Маккада Аҳмад чиқди” – деди. Маккага келганимизда сизни пайғамбар бўлганингизни эшитдик”. Албатта бундай воқеалар кишининг қалбига ижобий таъсир қилади. Ўзининг диёрига етиб келишидан олдин у ердан пайғамбар чиқишини ким ҳам билибди дейсиз?! Усмон розияллоҳу анҳу юртига келиб, воқеалар эшитган гапига мувофиқ эканини кўрганидан кейин ҳам, даъватни қабул қилмасинми?! Инсон ҳар қанча ўзини катта олмасин, ҳақни кўрганида унга бош эгади. Қанчалик қалби қаттиқ бўлмасин, то ҳаққа иймон келтирмагунича виждони уни тинч қўймайди. Бу виждон қийинчилигидан ўлсагина қутилади, холос. Усмон розияллоҳу анҳу бу янги динни қабул қилишдан олдин одатдагидек, шошмасдан ўйлаб кўрди ва бу дин яхшиликка, ёмон ишларни тарк қилишга чақираётганини, тавҳидга чақириб, ширкдан огоҳлантираётганини, ғафлатдан уйғотиб, ибодатга чорлаётганини, ёмон хулқлардан қайтариб, гўзал хулқларга даъват қилаётганини кўрди. Қавмига қараса, улар бутларга ибодат қилиб, ўлимтикларни еб, қўшничилик ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилмай, бошқа ҳаром ишларни ҳам ҳалол санамоқдалар. Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қараса, ростгўй, ишончли, барча яхшиликлар унда муҳайё, бирорта ҳам айбу нуқсони йўқ, ҳеч ҳам ёлғон гапирмаган, асло хиёнат қилмаган ва ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиб, У зотга ҳеч нарсани шерик қилмасликка, силайи раҳмга, қўшничилик ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилишга, намоз ва рўзага, Аллоҳдан бошқага ибодат қилмасликка даъват қилмоқда. Буни кўрган Усмон розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қўлида исломни қабул қилди. Усмон розияллоҳу анҳу иймони кучли, омонатли ва сабрли, кечиримли ва ҳурматли, яхшилиги кўп ва раҳмдил, саховатли, қийналганларга ёрдам берар эди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг