Жаноза намозини қабристонда ўқишга доир масалалар (1)

0

БЎЛИМ

Жаноза намозини қабристонда ўқишга доир масалалар

98 – Маййит дафн этилишидан аввал унга қабристонда жаноза ўқиш

Маййит дафн этилишидан аввал унга қабристонда жаноза ўқиш жоиздир[1]. Бироқ жаноза намозини қабристонда ўқиш афзал деб эътиқод қилинмаслиги ва бу иш одат қилиб олинмаслиги шарт. Чунки Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтганидек, «Қабрга жаноза ўқиш саҳиҳ ҳадисларга биноан жоиздир. Бундан маййитларга қабристонда жаноза ўқиш ман этилмагани маълум бўлади»[2]. Қолаверса, саҳоба ва тобеинлардан иборат баъзи салафлар ҳам бу ишни қилганлари собит бўлган.

Нофеъдан ривоят қилинади: «Ойша ва Умму Саламага Бақеъ қабристонида қабрлар орасида намоз ўқидик. Ойшага жаноза ўқиганимизда Абу Ҳурайра имом бўлди, у ерда Ибн Умар ҳам бор эди»[3].

«Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, одамлар маййитларига қабристонда жаноза намози ўқишни одат қилиб олишлари тўғри бўлмайди. Балки бу масалани ўрганишдан мурод баъзи одамлар масжидда ўқилган жаноза намозига улгуролмай қолсалар, қабристонга борганда жаноза ўқишлари жоиз эканини баён этишдир»[4].

Эътироз: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлар орасида жаноза намози ўқишдан қайтарганлар. Ибн Аъробий Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитларга қабрлар орасида намоз ўқишдан қайтардилар»[5].

Табаронийда ҳам бундай ривоят бор: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитларга қабрлар орасида намоз ўқишдан қайтардилар»[6].

Эътирозга жавоб: мазкур ҳадис «мурсал» (заиф) бўлиб, Баззор уни шу жиҳатдан яроқсиз ҳисоблаган[7].

Баззор ҳадисни «маййитларга» деган иборасиз саҳиҳ санад билан ривоят қилган. Дорақутний ҳадиснинг «мурсал» кўринишини саҳиҳ деган[8].

Шунингдек, ҳадисни Табароний ва Зиё[9] Ҳусайн ибн Язид ат-Таҳҳон исмли ровий қатнашган санад билан ривоят қилган. Бироқ у заиф ровийдир. Абу Ҳотим у ҳақда «Лаййин ал-ҳадис»[10], деган[11].

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрда ётган маййитга жаноза намози ўқиганлари собит бўлган. Хуллас, дафн этилган маййитга жаноза ўқиш билан дафн этилмаган маййитга жаноза ўқиш орасида фарқ йўқ. Чунки ҳар икки ҳолатнинг иллати – сабаби ягона. Сабаб – жанозаси ўқилиши керак бўлган маййитнинг қабристонда экани. Яна айтиш мумкинки, маййитга ўқиладиган жаноза намози қабристонда адо этишдан қайтарилган намоз турига кирмайди. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ернинг барчаси масжиддир[12], дедилар. Яъни, масжид деганда саждани ўз ичига олган намоз ўқиладиган жой тушунилади. Жаноза намозида эса сажда қилинмайди»[13].

[1] Қаранг: «Ал-муғний», 3/423; «Тасҳиҳ ал-фуруъ», 2/112; ал-Мардовий. «Ал-инсоф», 1/490.

[2] Ибн Ражаб. «Фатҳ ал-Борий», 3/202.

[3] Абдураззоқ ривояти, 3/525, 6570-ҳадис.

[4] Шайх Абдулоҳ ибн Солиҳ ал-Фавзон. «Фиқҳ ад-далил шарҳ ат-тасҳил», 2/326. «Мактабат ар-рушд» нашри, иккинчи нашр, 1429 ҳ.й.

[5] Аҳмад ибн Муҳаммад ибн ал-Аъробий. «Китоб ал-муъжам», 3/1081, 2330-ҳадис. Муҳаққиқ: Абдулмуҳсин ал-Ҳусайний. «Дор Ибн ал-Жавзий» нашриёти.

[6] «Ал-муъжам ал-авсат», 6/6, 5631-ҳадис. Муҳаққиқ: ал-Ҳусайний ва Ториқ Муҳаммад. «Дор ал-ҳарамайн» нашриёти, 1415 ҳ.й.

[7] «Муснад», 13/198, 6660-ҳадис.

[8] Дорақутний. «Ал-илал», 12/72, 2432-ҳадис. Муҳаққиқ: Муҳаммад ад-Дубосий. «Дор ат-тадмурийя» нашриёти, иккинчи нашр, 1428 ҳ.й.

[9] Зиё ал-Мақдисий. «Ал-аҳодийс ал-мухтора», 5/246, 1872-ҳадис. Муҳаққиқ: Абдулмалик ибн Дуҳайш. «Мактабат ал-асадий» нашри, бешинчи нашр, 1429 ҳ.й.

[10] Муҳаддислар терминида «мақбул»дан кўра пастроқ даражадаги ҳадисга «лаййин» дейилади (Тарж.).

[11] Ибн Абу Ҳотим. «Ал-жарҳ ват-таъдил», 3/67, 304-рақам. «Доират ал-маориф ал-усмонийя» нашри, Ҳайдаробод, биринчи нашр, 1371 ҳ.й.

[12] Ибн Можа ривояти, 745-ҳадис. Бу ривоят санадли, саҳиҳ ривоятдир. Қаранг: «Фатово Шайхулислом Ибн Таймия», 21/320.

[13] Шайх Муҳаммад ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ. «Аш-шарҳ ал-мумтеъ ала зод ал-мустақниъ», 2/241. «Дор Ибн ал-Жавзий» нашриёти, биринчи нашр, 1422 ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг