Эй иймон келтирганлар (40): Аллоҳ таоло эҳромдаги бандаларини осон ов билан имтиҳон қилиши ҳақида

0

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ Ундан ғойибона қўрқадиган кишиларни билиши учун сизларни эҳромда эканингизда қўлингиз ва қуролларингиз етгудек овлар билан албатта синайди. Ким мана шундай очиқравшан баёндан кейин ҳаддидан ошса, у қаттиқ азобга лойиқ бўлади” (Моида, 94).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳ таоло Ундан ғойибона қўрқадиган кишиларни синаш учун мўмин бандаларга синовлар юборади. Бу ҳақда Аллоҳ бундай марҳамат қилган: “Албатта Рабларидан ғойибона (кўрмаган ҳолатларида) қўрқадиган кишилар учун Аллоҳ томонидан мағфират ва улкан ажр-мукофот бордир” (Мулк, 12). Аллоҳ уларнинг мартабаларини кўтариб, олий мақомларга эриштиради ва улар шу дунёнинг ўзида ҳам иззатда бўладилар.

Мана бу илоҳий нидода Аллоҳ таоло мўмин бандаларини ов хусусида имтиҳонга тутишини хабар берди.

Ов деб зебра, кийик, қуён каби ҳайвонлар, ҳар хил қушлар ва бошқа овланадиган жониворларга айтилади. Бу ерда “ов” деб масдар (иш-ҳаракат номи) кўринишида қўллангани ҳолда, аслида исм мафъул, яъни овланадиган нарса кўзда тутилган.

Эй иймон келтирганлар”, яъни Аллоҳга, қиёмат куни Унга йўлиқишга, Унинг китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган эй мўминлар!

Аллоҳ сизни овлар билан албатта синайди”,  яъни Раббингиз Аллоҳ сизни кийик, қуён ва булардан бошқа овланадиган ҳайвонлар билан имтиҳон қилади. Дарҳақиқат, Ҳудайбия сулҳи бўлган умра сафарида Аллоҳ таоло мўминларни шундай имтиҳон қилди. Сафар асносида ҳайвонлар ва ҳар хил қушлар илгари мисли кўрилмаган тарзда уларни ўраб олган эди. Шундай ҳолатда мўминлар умра учун эҳромда бўлган ҳолларида Аллоҳ таоло уларни бу ҳайвонларни овлаш ва ўлдиришдан ман қилди.

Аллоҳ таолонинг: “қўлингиз ва қуролларингиз етгудек”, сўзига келсак: овланадиган ҳайвонлар кўп ва сафар давомида ҳар тарафларида тўла бўлганидан қўлларини чўзсалар уларнинг тухуми ва жўжаларини оладиган даражада, каттароқ ҳайвонлар эса овлашни истасалар найзалари билан бемалол овлай оладиган яқинликда эди. Сўнг Аллоҳ таоло нима учун бундай ғаройиб имтиҳон қилгани ҳикматини баён қилиб: “Раббиларидан ғойибона қўрқадиган кишиларни Аллоҳ билиши учун”, деди.

Мўминлар амалда Аллоҳдан ғойибона қўрқишларини кўрсатдилар. Қўллари билан ҳам, найзалари билан ҳам ҳеч бир ҳайвонни овламадилар. Бу саботлари билан муҳим ишлар, буюк вазифалар юклатилишига лойиқ бўлдилар. Кўп ўтмай бутун башариятга ҳидоят йўлини кўрсатувчи раҳбар ва етакчиларга айландилар. Инсонларни ақл билан бошқардилар, шариат билан ҳукм қилдилар, улар билан яхши муомала ва гўзал ахлоқда умргузаронлик қилдилар. Шанба куни балиқ овлашдан ман қилинган Бани Исроил каби бўлмадилар. Аллоҳ таоло Бани Ироилга имтиҳон ўлароқ шанба куни балиқ овлашни ман қилган эди. Қарангки, балиқ ҳам айни шанба куни кўп миқдорда сув юзига чиқиб, соҳилга яқин келар, шанба тугаши билан бирорта ҳам балиқ кўринмасди. Шунда улар ҳийла йўлига ўтишди, шанба оқшомида ёки жума куни балиқ овлаш учун тўрлар ташлаб қўйдилар. Шанба куни келган балиқлар тўрга илингач, якшанба куни балиқ тўла тўрларни олиб, ейишадиган бўлди. Аллоҳ таоло уларни бу қилмишлари учун маймун ва тўнғизларга айлантириб қўйди. Бу ҳақда “Аъроф” сўрасида оят ҳам келган: “Эй Пайғамбар, сиз бу яҳудлардан денгиз яқинида жойлашган қишлоқ аҳли ҳақида сўранг…” (Аъроф, 163).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларидаги саҳобалардан иборат содиқ мўминлар жамоаси эса имтиҳондан ёруғ юз билан ўтдилар, нажот топиб, муваффақиятга эришдилар.

Бироқ, улардан сўнг жоҳил кимсалар келиб, ўзларича ҳаромни ҳалолга чиқариб олдилар. Турли ҳийла-найранглар билан рибони ҳалол дейишгача бордилар.

Нидонинг сўнгида Аллоҳ таоло деди: “Ким мана шундай очиқравшан баёндан кейин ҳаддидан ошса, у қаттиқ азобга лойиқ бўлади”. Яъни эҳромдалик ҳолда ов қилиш ман қилингач, буйруққа итоат этмай ҳаддидан ошган кимсага алам-оғриқли азоб бўлиши ҳақида огоҳ этди. Бу азоб гоҳида дунё ҳаётида бўлса, гоҳо охиратда бўлади, ёки ҳаддидан ошувчининг ҳаддан ошган нарсасига қараб иккала дунёда бўлиши ҳам мумкин, ёхуд Раҳмон таолонинг афвига тушиб, кечирилиши ҳам мумкин.

Ҳурматли ўқувчи, шуни ҳам билиш керакки, Ҳарам ҳудудида ов қилиш эҳромдаги кишига ҳам, эҳромда бўлмаган кишига ҳам ҳаромдир. Иккита ҳарам бор: Маккаи мукаррама ҳарами ва Мадинаи мунаввара ҳарами. Макка ҳарами ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Иброҳим алайҳиссалом Маккани ҳарам қилдилар, энди у қиёмат кунига қадар ҳарамдир. Дарахтлари кесилмайди, ўт-ўланлари юлинмайди, ундаги ҳайвонлар чўчитилмайди ва овланмайди” (Муслим ривояти, 1360).

Макка ҳарамининг ҳудудини Иброҳим алайҳиссалом Жаброил алайҳиссалом билан биргаликда белгилаганлар. Мадина ҳарамининг чегарасини эса Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мадина Оирдан Савргача ҳарамдир”, деган сўзлари билан белгилаб берганлар. Худди Макка ҳарами каби Мадина ҳарами ҳудудидаги дарахтлар ҳам кесилмайди, ўт-ўланлари юлинмайди ва ҳайвонлари овланмайди.

Шуни ҳам билиб қўйиш керак, хоҳ Ҳарам ҳудудида, хоҳ Ҳарамдан ташқарида бўлсин, эҳромдаги кишилар ҳам, эҳромда бўлмаганлар ҳам ўлдирса бўладиган бешта ҳайвон бор. Бу ҳақда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ҳадис келган: “Бешта зараркунанда ҳайвон Ҳарамда ҳам, Ҳарамдан ташқарида ҳам ўлдирилади: илон, олақарға, сичқон, қутурган ит ва калхат” (Муслим ривояти, 2156). Булар одамларга озор берадиган, зарарли ва фойдасиз ҳайвонлар бўлгани учун Ҳарамда ҳам ўлдиришга рухсат берилган. Шунга қиёс қилиб, Ислом фуқаҳолари шер, йўлбарс, қоплон, бўри каби инсонлар ҳаётига хатар соладиган ҳайвонларни ҳам ўлдириш жоиз эканига ижмоъ қилганлар.

Эй мўминлар, сўзимиз сўнгида шуни эслатиб ўтмоқчимиз: Аллоҳ таоло имтиҳон қилади, Ўзига иймон келтирган бандаларини буйруқ ва қайтариқ, бажариш ва четланиш, яхшилик ва ёмонлик билан синайди. Уларни тарбиялаш, шариат юкини ва дин талабларини кўтаришга тайёрлаш учун шундай қилади. Мақсад, мўминлар Аллоҳнинг дўстлиги, муҳаббати ва розилигини топиб, саодатга эришсинлар. Буни доим ёдингизда тутинг ва имтиҳон ва синовларга бардошли бўлинг. Имтиҳон ва синовлар турлича бўлади. Гоҳо очлик бўлса, гоҳида хавф-хатар бўлиши мумкин. Кимдир соғлик-саломатлик билан синалса, айримлар касаллик билан имтиҳон қилиниши мумкин. Обрў-эътибор билан, ёхуд аксинча, беэътибор қолиш билан ҳам синалиш мумкин. Шуларнинг ҳаммасига сабрли бўлайлик. Бу имтиҳонларга розилик ва Аллоҳнинг хоҳишига таслим бўлиш билан сабр қилайлик. Ибодат, ҳамду сано ва шукр билан Аллоҳни доим ёд этайлик. Унинг зикридан ҳеч ажрамайлик. Ҳақиқий ютуқда бўлган инсонлар йўли шудир. Аллоҳ таоло бизларни ҳам шундай бандалар жумласидан қилсин. Амин.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг