Дард ва даво (85): Қалбга етадиган қадарий жазолар (03)

0

(Давоми)

з) Дунёда танг ҳаётга, охиратда эса азобга дучор бўлиш

Гуноҳнинг уқубатларидан яна бири инсон гуноҳи сабабли дунё ва қабрда танг ҳаёт кечиради, охиратда азобга дучор бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз» (Тоҳа, 124).

Оятда айтилган «танг ҳаёт»ни баъзи олимлар қабр азоби деб тафсир қилишган. Шубҳасиз, у танг ҳаёт саналади. Лекин «танг ҳаёт» сўзи мусбат гап ичида «накира» (ноаниқ) ҳолатда келган бўлишига қарамай, оят ундан ҳам умумийроқ маънони ўз ичига олади. Унинг умумийлиги маъно жиҳатидан бўлади. Зеро, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло танг ҳаётни Унинг эслатмасидан юз ўгиришга боғлиқ қилди.

Аллоҳнинг эслатмасидан юз ўгирган кимсага – нечоғлик юз ўгиришига қараб – танг-бахтсиз ҳаёт насиб қилади. Гарчи у дунёда турли ноз-неъматлар ичра бўлса-да, аммо қалбидан сиқилиш, хорлик, қалбни тилка пора этадиган ҳасрат, ботил орзу ҳаваслар, кетмас азоб аримайди. Аммо ундан мазкур азобларни ароқ мастлиги тўсмаган тақдирда ҳам шаҳват, ишқ, дунё ва мансабни яхши кўриш мастлиги тўсиб туради. Мазкур иллатлардан ҳосил бўлган мастлик ароқнинг мастлигидан кучлироқдир. Чунки ароқ ичган одамнинг мастлиги кўп ўтмай тарқайди. Бироқ ҳавои нафсга, дунёга берилиб маст бўлган одам ўлим лагерига тушгандагина ўзига келади.

Хуллас, Аллоҳ таоло Пайғамбарига туширган эслатмадан юз ўгирган ҳар бир кимсага дунёда, қабрда ва қайта тирилиш кунида танг ҳаёт бўлади.

Ҳақиқий илоҳ ва маъбуд билангина кўз қувонади, қалб таскин топади, жон хотиржам бўлади. Аллоҳдан бошқа барча илоҳлар ботилдир. Кимнинг кўзи Аллоҳ билан қувонса, уни кўрган одамларнинг ҳам кўзи қувонади. Кимнинг кўзи Аллоҳ ила қувонмаса, кўзи дунёга тўймай жони ҳасратдан тилка пора бўлади. Аллоҳ азза ва жалла гўзал ҳаётни Унга иймон келтирган ва солиҳ амал қилган бандаларга беради. Аллоҳ таоло айтади: “Эркакми ё аёлми, кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, албатта, Биз унга гўзал ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз” (Наҳл, 97). Ояти каримада иймон келтирган ва солиҳ амал қилган бандаларга дунёда ширин ҳаёт, қиёмат куни жаннат кафолатлангани айтилмоқда. Уларга икки дунёнинг энг ширин ҳаёти берилади, улар икки дунёда ҳам ҳақиқий тирик бандалар саналади. Қуйидаги оятлар ҳам шу маънони билдиради.

 “Чиройли амал қилган зотлар учун бу дунёда ҳам чиройли мукофотлар бўлур. Лекин шак-шубҳа йўқки, охират диёри янада яхшироқдир. Тақводор зотларнинг турар жойлари нақадар яхши!” (Наҳл, 30).

“(Аллоҳ сизларга амр қилурки), Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унинг ўзига тавба қилинглар, шунда У сизларни маълум муддатгача (ажалларингиз етгунича) чиройли ризқ билан баҳраманд қилур ва ҳар бир яхшилик соҳибига яхшилик берур” (Ҳуд, 3).

Тақводор, муҳсин бандалар дунё ва охират неъматини қўлга киритадилар, икки дунёда гўзал ҳаётга эришадилар. Нафснинг пок бўлиши, қалбнинг қувониши, хурсанд бўлиши, лаззатланиши, шодланиши, хотиржамлиги, севиниши, мунавварлиги, кенглиги, ҳаром шаҳватлардан ва ботил шубҳалардан омонда бўлиши, мана шу ҳақиқий неъматдир. Уни моддий неъматлар билан тенглаштириб бўлмайди. Ушбу неъмат лаззатини татиб кўрганларнинг бири бундай деган экан: “Подшоҳлар ва уларнинг фарзандлари биз қандай неъмат ичра эканимизни билишганда, уни тортиб олиш учун бизлар билан жанг қилган бўлар эдилар”[1].

Бошқа бири айтади: “Қалбимдан шундай кечинмалар ўтадиган вақт бўладики, ўша пайт: “Агар жаннат аҳли шундай неъматда бўлса, чиндан ҳам ширин ҳаёт кечиришар экан”, дейман”[2].

Бошқа бири: “Дунёда бир жаннат бор. Охиратда жаннат бўлганидек, у бу дунёнинг жаннати. Ким шу жаннатга кирса, ўша (охиратдаги) жаннатга киради. Ким унга кирмаса, охиратдаги жаннатга ҳам кирмайди”, дейди[3].

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ушбу жаннатга ишора қилиб бундай деганлар: “Агар жаннат боғидан ўтсангиз, у ердан фойдаланиб қолинглар (роҳатланиб олинглар)”. “Жаннат боғи деганда нимани назарда тутмоқдасиз?”, деб саҳобалар сўрашди. “Зикр ҳалқалари”, деб жавоб бердилар[4].

Бошқа ҳадисда: “Уйим билан минбарим ўртаси жаннат боғларидан биридир[5], деганлар.

 

[1] Ушбу сўз Иброҳим ибн Адҳамдан нақл қилинган. Қаранг: Абу Нуайм. «Ал-ҳиля», 7\429; Ибн Асокир. «Ат-тарих» 6/303, 366.
[2] Ибн Жавзий «Сифат ас-сафва» (2\369) китобида шунга ўхшаш сўзни Абу Сулаймон Мағрибийдан нақл қилган.
[3] Муаллиф раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Ал-мадориж» (1\536) ва «Ал-вобил ас-соййиб» (109) китобларида ушбу сўзни Шайхулислом Ибн Таймияга нисбат бериб, ундан эшитганини айтган.
[4] Термизий (3510), Аҳмад (3\150, 12545), Абу Яъло (6\155 (3432) ва бошқалар ривоят қилишган.
[5] Бухорий (1195) ва Муслим (1390) ривояти.

Изоҳ қолдиринг