Жаноза намозини қабристонда ўқишга доир масалалар (2)

0

99 – Қабристонда жаноза намози учун махсус жой ажратиш

Жаноза ёки бошқа бирон намоз учун қабристон ичида махсус жой барпо этиш жоиз эмас.

Қатодадан нақл қилинган ушбу ривоят сўзимизга далил бўлади: «Анас разияллоҳу анҳу масжид қурилаётган қабристондан ўтиб қолди ва: “Илгари қабрлар ўртасида масжид қуриш макруҳ саналар эди”, деди[1]. Ашъас айтади: “Ибн Сириндан «Аввалгилар қабрлар орасида намоз ўқишни макруҳ кўришар эди», дегани ривоят қилинган. Буларнинг барчасини Абу Бакр ал-Асрам нақл қилган”»[2].

Заркаший айтади: «Қабрлар орасида масжид қуриш макруҳдир. Чунки қабристонда намоз ўқишдан қайтарилган. Саҳиҳ ҳадисда: “Қабримни масжид қилиб олманглар[3], дейилган.

«Ал-муғний» китоби муаллифи айтади: “Қатода ривоят қилишича, Анас разияллоҳу анҳу масжид қурилаётган қабристондан ўтиб қолди ва: «Илгари қабрлар ўртасида масжид қурилиши макруҳ кўрилар эди», деди”[4]»[5].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Қабристон ичида жаноза ёки бошқа намозлар учун махсус намозхона қилиб олиш жоиз эмас»[6].

Яна бундай дейди: «Қабристонда маййитларга жаноза ўқиш учун меҳроб ясаш, гилам солиш ёки шунга ўхшаш нарса билан алоҳида жой ажратиш жоиз эмас. Чунки бундай иш суннатда келмаган. Қолаверса, одамлар у жойда фарз ё нафл намоз ўқиб қўйиши хавфи ҳам бор. Бу эса қатъий ҳаромдир. Зеро, қабристонда намоз ўқишдан қайтарадиган талай мутавотир ҳадислар собит бўлган. Бундан мақсад фитнадан четланиш, тавҳидни ҳимоя қилиш ва ширкка олиб борадиган эшикларни беркитишдир.

Шунга биноан, қабристонда шу каби жойлар пайдо қилинишининг олдини олиш, борларини эса йўқотиш вожибдир»[7].

100 – Қабристонда жаноза намозида сафларни тартиблаш учун чизиқлар тортиш

«Доимий фатво қўмитаси» фатвосида айтилади: «Жаноза намозида сафларни текислаш учун қабристонга оҳак, майда оқ тошлар ёки бошқа нарса билан чизиқ тортиш жоиз эмас. Сафларни текислаш, намозхонлар ораларини жипслашиши тўғрисида имом тарафидан эслатма берилиши етарлидир»[8].

101 – Қабристон ерига таяммум қилиш

Қабристон ери нажосатдан холи бўлса, унга таяммум қилиш жоиздир.

Чунки қабристон ҳам Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ер мен учун масжид ва поклик қилинди»[9], деган сўзлари жумласига киради.

Бу борада қабристон мусулмонлар қабристони бўладими ёки мушриклар қабристоними, аҳамиятсиз.

Ибн Абдулбар айтади: «Мушриклар қабристони ери тоза ва покиза бўлса, унга таяммум қилиш жоиз эканига уламолар ижмо қилишди»[10].

Валлоҳу аълам.

[1] Ҳадисни Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да (5/190, 7662-ҳадис): «Қабрлар орасида масжид қурилиши макруҳ кўрилар эди» лафзи билан ривоят қилган.

[2] Ибн Ражаб. «Фатҳ ал-Борий», 3/194.

[3] Ҳадисни бу лафз билан учратмадим.

Бироқ Имом Муслим Жундуб разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан беш кун аввал бундай деганларини эшитдим: “Мен Аллоҳ ҳузурида сизлардан ўзим учун халил қилиб олишдан ўзимни поклайман. Чунки Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни Ўзига халил қилиб олгани каби, мени ҳам халил қилиб олди. Мен умматимдан халил қилиб олганимда Абу Бакрни халил қилиб олган бўлардим. Огоҳ бўлинглар, сизлардан илгари ўтган қавмлар ўз пайғамбарлари ва солиҳ кишиларининг қабрларини масжид қилиб олдилар. Сизлар қабрларни масжид қилиб олманглар. Мен бундан сизларни қайтараман”» («Саҳиҳи Муслим», 532).

Имом Молик Ато ибн Ясордан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳ, қабримни сиғиниладиган бут қилиб қўймагин! Пайғамбарларининг қабрларини масжидга айлантириб олган қавмга Аллоҳ қаттиқ ғазаб қилади», дедилар («Муватто», 1/243, 475-ҳадис).

[4] Ҳадис тахрижи масала аввалида ўтди.

[5] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ аз-Заркаший. «Иълом ас-сожид би-аҳком ал-масожид», 356-бет. Муҳаққиқ: Мустафо ал-Мароғий. Ношир: Миср вақф вазирлиги. Бешинчи нашр, 1420 ҳ.й.

[6] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/256, 16727-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[7] Аввалги манба, 7/271, 21419-фатво, иккинчи тўплам.

[8] Аввалги манба, 7/278, 20844-фатво, иккинчи тўплам.

[9] Бухорий ривояти, 438.

[10] «Ат-тамҳид», 5/229.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг