Сийрат: Пайғамбаримизга илк ваҳий тушиши (8)

0

Еттинчи: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Хадича розияллоҳу анҳога вафодорликлари

Шак-шубҳасиз, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўта вафодор, вафодорларга вафо кўрсатишда тенгсиз намуна эдилар. У зот мухлиса ва солиҳа хотинлари Хадичага унинг ҳаётлигида ҳам, вафотидан кейин ҳам вафодор бўлдилар. Ҳаётлик чоғида уни жаннат башорати билан хурсанд этдилар. Унга Аллоҳнинг ва Жаброилнинг саломини етказдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга келиб: “Эй Расулуллоҳ, Хадича ҳузурингизга келди. Ўзи билан егулик-ичгулик солинган бир идиш олиб келди. Олдингизга кирганида унга Раббингиздан ва мендан салом етказинг. Унга жаннатда тилло ва марвариддан бино этилган уйнинг башоратини беринг. У уйда на шовқин ва на қийинчилик бор”, дедилар”[1].

Ойша розияллоҳу анҳо Пайғамбар саллалоҳу алайҳи ва салламнинг Хадичага унинг ўлимидан кейин ҳам кўрсатган вафодорликларини эслаб бундай дейди: “Пайғамбар саллалоҳу алайҳи ва салламни хотинларидан биронтасига Хадичага рашк қилганимча рашк қилмаганман. Ҳолбуки мен уни кўрмаганман. Пайғамбар саллалоҳу алайҳи ва саллам уни кўп эслар эдилар. Гоҳида қўй сўйиб, гўштини бир неча қисмга бўлиб, Хадичанинг дугоналарига тарқатар эдилар. Баъзан мен у зотга: “Гўё дунёда Хадичадан бошқа хотин йўқдек гапирасиз”, десам: “У ундай эди, бундай эди, ундан фарзандлар кўрганман”, дер эдилар[2].

Хадичанинг синглиси Пайғамбар саллалоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кириш учун изн сўраганда у зот Хадичани эслаб, уни хурсандлик билан ҳузурларига чорлаган эдилар. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Хадичанинг синглиси Ҳола бинти Хувайлид Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кириш учун рухсат сўради. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг овозидан Хадичани эслаб, хурсанд бўлиб: “Ё Аллоҳ! Ҳола бинти Хувайлид-ку!” дедилар. Мен рашким келиб: “Қачонлардир ўтиб кетган, тиши тўкилган қурайшлик бир кампирни эслайверар экансиз-да, Аллоҳ сизга ундан яхшисини берган-ку!” дедим[3].

Пайғамбар саллалоҳу алайҳи ва саллам Хадича тириклик даврида ҳам тез-тез келиб турадиган бир аёлга илтифот кўрсатиб, вафодорлик иймондан эканини кўрсатиб берган эдилар.

Саккизинчи: Пайғамбарларни ёлғончига чиқариш одати

Варақа: “Кошки қавмингиз сизни чиқариб юбораётган даврда тирик бўлсайдим, кошки ўшанда ёш бўлсайдим”, деганида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салалм: “Улар мени чиқарадиларми?” деган, у: “Ҳа, сиз олиб келгандек нарсани олиб келган ҳар бир кишига адоват қилинган. Агар мен сизнинг даврингизгача яшасам, албатта сизга катта ёрдам кўрсатаман”, деган эди[4]. Бу ҳадис ўтмишдаги барча миллатларнинг Аллоҳга даъват этувчиларга қарши тутган йўлларини баён этади. Улар тутган йўл Пайғамбарни ёлғончига чиқариш ва ватанидан қувғин қилиш эди.

Аллоҳ таоло айтади:

Лут қавмининг унга жавоби бундай бўлди: Лутнинг хонадонини шаҳрингиздан чиқариб юборинглар. Улар ўзларини пок тутадиган инсонлар эмиш!” (Намл, 56).

Шуайбнинг қавмидаги мутакаббир зодагонлар: “Эй Шуайб, агар динимизга қайтмасанглар, биз сени ва сен билан бирга мўмин бўлганларни албатта диёримиздан қувиб чиқарамиз”, дейишди. Шуайб: “Биз уни ёмон кўрсак ҳам-а?!” деди” (Аъроф, 88).

 “Кофир бўлган кимсалар уларга: “Биз сизларни диёрларимиздан қувиб чиқарамиз ё динимизга қайтасизлар”, дедилар. Шундан сўнг Аллоҳ пайғамбарларига ваҳий қилди: “Бизни ва пайғамбарларимизни инкор қилган кофирларни албатта ҳалок қиламиз” (Иброҳим, 13).

Тўққизинчи: “ваҳий тўхташи” деган сўзи

Сийратшунос уламолар қадимда ҳам, ҳозирда ҳам ваҳийнинг бир муддат тўхташи мавзусида баҳс юритганлар. Ҳофиз Ибн Ҳажар айтади: “Ваҳийнинг узилиб қолиши унинг бир муддат кечикиши бўлиб, бу ҳолат Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламда ваҳийга бўлган иштиёқни ошириш учун бўлган эди”[5].

Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий разияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Бир куни йўлда кетаётиб осмондан бир овоз эшитдим. Қарасам, баногоҳ Хиро ғорида олдимга келган фаришта осмон билан ер ўртасида муаллақ курсида ўтирибди. Бу ҳолни кўриб қўрқиб кетдим ва уйга келиб: “Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар”, дедим. Шундан сўнг ушбу оятлар нозил бўлди: “Эй кийимларига ўралиб олган зот! Туринг, огоҳ этинг. Парвардигорингизни улуғланг. Кийимларингизни пок тутинг. Бут-санамлардан узоқ бўлинг. Эвазига кўпроқ нарса берсинлар деган илинжда инфоқ-эҳсон қилманг” (Муддассир, 1-6). Сўнг ваҳий яна нозил бўла бошлади[6].

Сафиюрраҳмон Муборакпурий айтади: “Ваҳийнинг узилиб қолиш муддати ҳақида бир неча хил ривоятлар айтилган. Ибн Саъд Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келтирган ривоятда ваҳийнинг узилиб қолиш муддати бир неча кун деб айтилган[7]. Бу борада энг тўғри сўз шудир. Ваҳийнинг тўхтаб қолиши икки ярим йил ёки уч йилга чўзилган деган гаплар саҳиҳ эмас”[8].

Аммо Пайғамбар алайҳиссалом шу сабабли қаттиқ хафа бўлиб, тоғларнинг чўққисидан ўзларини ерга ташлаб юборгудай бўлар эдилар ва шундай қилмоқчи бўлганларида Жаброил у зотга кўриниб: “Хурсанд бўлинг, сиз Аллоҳнинг расулисиз”, дер эди, деган мазмундаги ривоятлар саҳиҳ эмас. Қолаверса, бундай қилиш Аллоҳнинг ҳифзи ҳимоясида бўлган улуғ зотнинг шаънларига ярашмайди ҳам”.[9] [10]

 

[1] Муслим ривояти, «Китоб фазоил ас-саҳоба», 2423.
[2] Бухорий ривояти, “Китоб маноқиб ал-ансор”, 3818.
[3] Муслим ривояти, “Китоб фазоил ас-саҳоба”, 2437.
[4] Бухорий ривояти, “Китоб бадъ ал-ваҳий”, 3. Муслим “Китоб ал-иймон”да (252, 160) ривоят қилган. Бу ердаги лафз Бухорий ривоятига тегишли.
[5] Фатҳул-Борий, 1/36.
[6] Бухорий ривояти, 4.
[7] Табақоту Ибн Саъд: 1/196.
[8]«Ар-раҳиқ ал-махтум”, 79-80-бетлар.
[9] Суҳайлий, “Ар-равз ал-анф”, 2/433-434-бетлар.
[10] Фатҳул Борий (1/27, 12/352). Муҳаммад Содиқ Аржун, “Муҳаммад Расулуллоҳ” (1/385-458).

Изоҳ қолдиринг