Охирзамон қирғинлари (17): Охирзамон фитна ва қирғинларига оид далилларни татбиқ этишдаги энг муҳим қонун-қоидалар

0

Қуйида охирзамон фитналари ва қирғинларига оид оят ва ҳадисларни воқеликка татбиқ этишда риоя қилиш лозим бўлган энг муҳим қонун-қоидаларни келтирамиз:

Биринчи қоида: оят-ҳадисларда келган ҳодисаларнинг рўй бериш вақтига оид кетма-кетликка эътибор бериш

Охирзамон ҳодисаларини тўғри тасаввур қилиш учун ҳодисалар содир бўлиш вақтининг оят ва ҳадисларда келган кетма-кетлигини ҳисобга олиш керак.

Бу кетма-кетлик қиёмат аломатлари, охирзамон фитналари ва қирғинлари ҳақида келган саҳиҳ ҳадисларни йиғиш ва уларни ҳадислар кўрсатмаси асосида имкон қадар тартиблаш билан қўлга киритилади[1].

Иккинчи қоида: фойда ва зарарни ҳисобга олиш

Бирон ҳодисанинг саҳиҳ ҳадисга мос келганини билиш бир масала бўлса, уни одамларга билдириш бошқа масаладир.

Баъзан олим кишига оят ва ҳадиснинг воқеликка тўла мувофиқ келгани аён бўлади. Лекин уни одамларга билдирса зарар келиб чиқиши, мазкур зарарнинг олдини олиш уларга билганини баён қилишдан кўра авлороқ эканини ёки одамлар у билган нарсани тушунишга ақллари етмаслиги, натижада уни ёлғончига чиқариш билан аслида ҳақни инкор қилишлари мумкинлигини билгани учун ошкор қилмаслиги мумкин.

“Саҳиҳи Бухорий”да Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу шундай марҳамат қилади: Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан икки идиш (илм ёхуд ҳадис) ёд олдим. Улардан бирини одамларга тарқатдим. Иккинчисига келсак, уни тарқатганимда, бу бўйин кесилган бўлар эди[2].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу одамларга етказган ва тарқатган биринчи идишдаги илм динга оид илмлар эди. Иккинчи идишдаги беркитган илм эса фитналар, қирғинлар ва ҳокиму амирлар ҳақидаги илм эди. Ушбу иккинчи идишдаги илмни оммага ошкор қилиш ортидан кўп зарар келиб чиқар, бу зарар энг камида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу калласининг олинишида ўз аксини кўрсатар эди. Бундан ташқари, одамлар бу илмларни тушуна олмай, Абу Ҳурайрани ва алалоқибат Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ёлғонга чиқаришлари мумкин эди[3].

Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади:

“Абу Ҳурайра оммадан беркитган илм фитналар, қирғинлар, одамлар ўртасида ўша кунгача содир бўлган ва келажакда рўй берадиган уруш ва қирғинбаротлар ҳақидаги илм эди. Агар у бу маълумотларни содир бўлмасдан олдин хабар берганда эди, одамларнинг аксарияти уни ёлғончига чиқарган ва ҳақ хабарларни инкор қилишда ташаббус кўрсатишган бўларди”[4].

Саҳобалар разияллоҳу анҳум ва уламоларнинг таълим бериш йўлларидан бири одамларга ақллари етадиган ва уларни инкор қилган тақдирда ҳам зарар бўлмайдиган хабар ва маълумотларни айтиш бўлган.

Ҳазрат Али[5] разияллоҳу анҳу айтади:

“Одамларга ақллари етадиган нарсаларни гапирингиз. Аллоҳ ва Расулини ёлғонга чиқаришларини хоҳлайсизларми?!”[6]

Имом Ибн Муфлиҳ[7] раҳимаҳуллоҳ айтади:

“Бир инсон билан тушуниш даражасига қараб гаплашиш керак. Авом инсонлар билан гаплашиш қийин ишдир. Негаки, улардан баъзилари уламолар фикрига зид бўлган фикрни ўйлайди ва ўша нотўғри фикрини амалга оширмагунча тўхтамайди”[8].

Учинчи қоида: оят-ҳадисларни воқеликка татбиқ этишда шошилмаслик ва илм аҳлига мурожаат қилиш

Мусулмон киши воқелик билан охирзамон фитналари ва қирғинлари ҳақида келган оят ва ҳадислар орасида ўзаро ўхшаш томонларни кўрганда қуйидаги икки нарсага риоя қилиши лозим:

Биринчи: оят ва ҳадисларни воқеликка туширишда эҳтиёткор бўлиш ва шошилмаслик

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Сайёднинг сифатлари Дажжолнинг сифатларига мос келиш-келмаслигини билиш учун унинг ҳолатини бир неча бор текширганларидан у зот ҳукм чиқаришда босиқлик ва эҳтиёткорлик билан иш тутганлари маълум бўлади. Бу эса, у зотдан кейин биз умматларига дарс ва ибрат бўлиб, охирзамон фитналари ва қирғинлари ҳақидаги ҳадисларни тушуниш ва уларни воқеликка татбиқ қилишда босиқлик ва эҳтиёткорлик билан иш тутиш лозимлигини уқтиради.

Аҳли суннат ва жамоат босиқлик ва эҳтиёткорлик билан иш тутиш борасида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидан юрди.

Ҳафс ибн Ғиёс[9] раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади, у Суфён Саврий[10] раҳимаҳуллоҳга деди: “Эй Абу Абдуллоҳ, одамлар Маҳдий ҳақида кўп гапиришди. Сиз у ҳақида нима дейсиз?” Суфён деди:

“Агар у остонангдан ўтса ҳам, одамлар унинг атрофида тўпланмагунларича, сенга ундан бирон фойда йўқ”[11].

Қиёмат аломатларидан бирининг рўй беришини тахмин қилишда ёки оят ва ҳадисларни воқеликка татбиқ этишда эҳтиёткорлик, шошилмаслик ва босиқлик билан ёндашиш жуда муҳимдир. Чунки бирон ҳодисани қиёмат аломатларидан бири сифатида талқин қилиш асносида кишида ўзига хос руҳий ҳолат пайдо бўлади. Инсон бундай мувозанатсиз руҳий ҳолат таъсирида воқеликдаги ҳар қандай ҳодисани ҳадисларда айтилган қиёмат аломатига боғлайди. Бундай инсон баъзан аломатнинг рўёбга чиқиш арафасида юз берадиган ҳолатлардан ғафлатда қолиши ёки ҳодисанинг оят ва ҳадисларда хабар берилган аломатга ҳар томонлама мос келмаслигини кўра олмаслиги мумкин.

Мазкур руҳий ҳолат ва унга боғлиқ равишда кузатиш ва текшириш жараёнида камчилик ва нуқсонларга йўл қўйишнинг ўзи алоҳида муаммо ҳисобланиб, ҳукм ва тасаввурда кўпинча нотўғри хулосаларга олиб боради.

 Шунинг учун бу борада илмда мустаҳкам олимларга мурожаат қилишнинг аҳамияти яққол намоён бўлади. Зеро, улар, Аллоҳнинг изни ила, юқорида айтилган хато-камчиликлардан сақлангандирлар.

Иккинчи: олимларга мурожаат қилиш ва чигал масалалар ечимини уларга ҳавола этиш

Қуръони карим омма манфаатига тааллуқли бўлган муҳим ишларни Расулуллоҳга ҳамда чуқур ва теран фикр эгалари бўлмиш уламоларга топширишга буюрган. Аллоҳ таоло деди:

“Қачон уларга тинчлик ёки хавф-хатар (яъни ғалаба ёки мағлубият) хабари келса, уни ёйиб юборадилар. Агар улар ўзларига келган хабарни ҳар кимга ёйиб юрмасдан Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган бошлиқларгагина етказганларида эди, уни билмоқчи бўлган кишилар ўшалардан билган бўлар эдилар”[12].

Аллома Абдураҳмон Саъдий[13] раҳимаҳуллоҳ ушбу ояти кариманинг тафсирида шундай дейди:

“Аллоҳ таоло бу оятда мазкур нолойиқ ишга қўл урган бандаларига дашном бермоқда. Мусулмонлар тинчлик ва ғалаба каби уларни хушнуд этадиган ёки уруш ва мағлубият каби хафа қиладиган муҳим ва омма манфаатига тегишли ишнинг хабари келса, сабот билан туришлари ва ўша хабарни ёйишда шошилмасликлари лозим. Бундай хабарларни ёйиб юбориш ўрнига Пайғамбарга ва вазиятни ҳамда фойда-зарарни яхши биладиган фикр, илм, ақл ва фаросат эгалари бўлган мусулмон бошлиқларга мурожаат қилишлари мақсадга мувофиқдир. Агар Пайғамбар ва уламолар бундай хабарни оммага тарқатишда мусулмонларга манфаат, қувонч, хурсандчилик ва душманларидан эҳтиёт бўлиш борлигини билсалар, уни тарқатадилар. Аксинча, уни ёйишда манфаатни кўрмасалар ёки манфаат бор-у, фақат зарари фойдасидан кўпроқ бўлса, тарқатмайдилар”[14].

Аллоҳ таоло бошқа оятда шундай марҳамат қилган:

“Агар билмайдиган бўлсангиз, илм аҳлидан сўранглар”[15].

Шунинг учун, мусулмонлар охирзамон фитналари ва қирғинлари ҳақидаги оят ва ҳадисларни воқеликка мос келиш-келмаслик масаласини илмда мустаҳкам бўлган, охирзамон фитналари ва қирғинлари ҳақидаги ҳадисларни яхши биладиган, воқеликни, ишларнинг оқибатини ақл ва фаросат билан теран кўра оладиган, гап-сўзлар ва хатти-ҳаракатлар натижасида юзага келиши мумкин бўлган фойда ва зарарларни тахмин қила оладиган илм аҳлига топширишлари вожибдир.

 

[1] “Фиқҳу ашрот ас-соаҳ”, 187; “Маолиму ва маноротун фи танзийли аҳодис ал-фитан”, 135-141.
[2] “Саҳиҳи Бухорий”: “Илм китоби”, “Илмни ёд олиш ҳақидаги боб”, 120-ҳадис.
[3] Қаранг: Ибн Баттол Қуртубий. “Шарҳу саҳиҳи Бухорий”, 1/152; “Даръу таоруз ал-ақл ван-нақл”, 1/160; “Мажмуъ фатово Ибн Таймия”, 5/170; “Минҳож ас-сунна ан-набавийя”, 8/138; “Сияру аълом ан-нубало”, 10/603, 604; “Фатҳ ал-Борий”, 1/261.
[4] Қаранг: “Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 11/369; “Даръу таоруз ал-ақл ван-нақл”, 5/67; “Сияру аълом ан-нубало”, 2/597.
[5] У Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу бўлиб, мўминлар амири, хулафои рошидинларнинг тўртинчиси, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қарамоғида катта бўлган жиянлари ва у зотнинг қизлари Фотима разияллоҳу анҳонинг эридир. 586 та ҳадис ривоят қилган. Ҳижрий 40 йилда Абдураҳмон ибн Мулжим Муродий деган кимса томонидан ўлдирилган (Қаранг: “Ал-истийъоб”, 3/197-225; “Сияру ал-хулафо ар-рошидин”, 225-288; “Ал-исоба фи тамйиз ас-саҳоба”, 4/464-470).
[6] “Саҳиҳи Бухорий”: “Илм китоби”, “Тушунишни истамаган қавм ўрнига тушунадиган қавмга илм ўргатиш ҳақидаги боб”, 127-ҳадис.
[7] У Имом Муҳаммад ибн Муфлиҳ Мақдисий бўлиб, ўз замонасида ҳанбалий мазҳаби билимдони бўлган. Ҳижрий 763 йилда вафот этган (Қаранг: “Зуюл ал-ибар фи хабари ман ғабар”, 3/196; “Ал-мўъжам ал-мухтассу бил муҳаддисин”, 265, 266; “Ад-дурар ал-комина”, 5/30, 31).
[8] “Ал-одоб аш-шаръийя”, 2/89, 90, қисқартириб олинди.
[9] У имом, ҳадис ҳофизи, аллома, қози Абу Умар Ҳафс ибн Ғиёс Нахаий Куфий бўлиб, ҳижрий 194 йилда вафот этган. Вафот тарихи ҳақида бундан бошқа фикрни айтган тарихчилар ҳам бор (Қаранг: “Ат-тарих ал-кабир”, 2/370; Ибн Ҳиббон “Ас-сиқот”, 6/200; “Таҳзиб ал-камол”, 7/56-70).
[10] У мужтаҳид имом, ҳадис илмида мўминлар амири, ҳадис ҳофизи Абу Абдуллоҳ Суфён ибн Саид Саврий бўлиб, ҳижрий 161 йилда вафот этган (Қаранг: “Ат-тарих ал-кабир”, 4/92, 93; “Тазкират ал-ҳуффоз”, 1/203-207; “Таҳзиб ат-таҳзиб”, 4/101-104).
[11] “Ҳилят ал-авлиё”, 7/33; “Суолотул ал-Ожуррий”, 3/94; “Сияру аълом ан-нубало”, 7/247.
[12] Нисо сураси, 83-оят.
[13] У Абдураҳмон ибн Носир Саъдий Тамимий бўлиб, муфассир ва Нажд уламоларидандир. Ҳижрий 1307 йилда Унайза шаҳрида таваллуд топган. У Унайза шаҳридаги ҳижрий 1358 йилда очилган кутубхонанинг асосчиси бўлиб, 30 дан ортиқ китоб муаллифидир. У 1376 ҳ. – 1956 м. санада Унайза шаҳрида вафот этган (Қаранг: “ал-Аълом”, 3/340; “Уламоу Нажд хилола самонияти қурун”, 3/218-272).
[14] “Тайсир ал-карим ар-роҳман фи тафсири калом ал-маннон”, 1/330.
[15] Наҳл сураси, 43-оят.

Изоҳ қолдиринг