Эй иймон келтирганлар (41): Эҳромдаги киши ов қилишининг ҳаромлиги ва эҳромда қасддан ов ўлдиришнинг жазоси ҳақида

0

Эй иймон келтирганлар, эҳромда бўлган ҳолингизда овланадиган ҳайвонларни ўлдирманг. Ким ов ҳайвонларидан биронтасини қасддан ўлдирса, бунинг жазосига худди ўша ҳайвонга тенг келадиган чорва ҳайвонни сўйиши лозим бўлади. Унинг ўлчовини икки адолатли киши белгилаб беради. Уни сўйиб, Ҳарамдаги фақирларга ҳадя қилиши ёки унинг қийматича егулик тарқатиши, ё таом ўрнига бир кун рўза тутиши лозим бўлади. Бу қилган қилмишининг оқибатини тотиши учундир. Энди бу иш ҳаром қилинишдан илгари бунга қўл урганларни эса Аллоҳ афв қилди. Кимда ким ҳаром қилингандан сўнг бунга қасддан қайтса, албатта у Аллоҳнинг интиқомига йўлиқади. Аллоҳ қудратли, интиқом олишга қодир Зотдир” (Моида, 95).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, бундан олдинги нидода Аллоҳ таоло мўмин бандаларини, хоссатан Ҳудайбия сулҳи содир бўлган йили умра сафарига чиққан саҳобаларни овдан ман қилиш билан синагани, улар Аллоҳнинг фазли-марҳамати билан синовдан ёруғ юз билан ўтишгани, гарчи сафар асносида уларга турли ҳайвонлар яқин келган, қўллари ё найзаларини чўзса етадиган даражада яқин ва овлаш осон бўлса-да, биронталари ов ҳайвонларини ўлдирмагани ва бу ишларидан Аллоҳ рози бўлгани баён қилинган эди.

Модомики, дунё ҳаёти давом этар экан, Ислом дини ҳам давом этади, унга бирон зиёда қўшилмайди ва ундан бирон нарса олиб ташланмайди.

Аллоҳ таоло Ўзи яратган бандаларининг ҳолини яхши билганидан бир кун келиб мўминлар ўз қадр-қиймати ва ўзлигини унутиши оқибатида, Аллоҳнинг амр-фармонига осийлик қилиб, ман этилганига қарамай эҳромда ов қилиб қўядиган кишилар ҳам учрашини билган. Бунга сабаб улардаги ғафлат, илмсизлик устунлиги, дилларида Ислом ва иймоннинг вазни енгиллашиши бўлади.

Аллоҳ мўмин бандаларига нидо қилиб: “Эй иймон келтирганлар, эҳромда бўлган ҳолингизда овланадиган ҳайвонларни ўлдирманг”, деди.

Ҳаж ё умра учун эҳром боғлаган кишиларга Ҳарам ҳудудида бўладими, ташқарисидами, фарқсиз, ов қилишни ҳаром қилди.

Эҳромда бўлган ҳолингизда…” Айнан ҳаж ёки умра ниятида эҳром боғлаган кишиларга ов қилиш ҳаром қилингани сабаби уларни имтиҳон қилиш, синаш учун эмас, балки ов қилишда кўнгилхушлик ва эрмак борлигидир. Эҳромдаги инсон эса ҳаж ё умра ибодатига киришгани учун ҳеч бир замон кўнгилхушлик, вақтичоғлик қилиш унга дуруст бўлмайди. Эҳромдаги одам бамисоли намоздаги одам кабидир. Намоз ўқиётган киши гапириш, кулиш, еб-ичиш каби намозни бузувчи амаллардан четлангани каби эҳромдаги киши ҳам ҳар хил бекорчи ишлардан тийилиши зарур. Эҳром кийган ҳожи жойнамоз устида турган намозхонга ўхшайди. Биргина: “Аллоҳим, чақириғингга лаббай деб, Сен учун умра ё ҳаж қилишни ният қилдим”, дейиши билан Аллоҳ буюрган энг буюк ибодатнинг бирига кирган бўлади. Шундай бўлгач, уни ғафлат ва ялқовлик билан ўтказиб юбориши муносиб бўлмайди.

Шунинг учун Аллоҳ овни ҳаром қилди ва буни хос зикр қилди, йўқса барча беҳуда, бефойда, ботил ишлар эҳромдаги кишига ҳаром. Овнинг ўзини алоҳида зикр қилиши сабаби шуки, эҳромдаги одам кўп ҳолларда таомга муҳтож бўлади. Ана шунда кийик, қуён ё бошқа бирон ҳайвон олдидан ўтиб қолса, нафси ундаб, ов қилиб қўйиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, Аллоҳ таоло эҳромдаги кишига хоҳ Ҳарам ичида, хоҳ ташқарисида бўлсин, ов қилишни ҳаром қилган. Эркакми, аёлми, эҳромда бўлган ҳар бир инсон қандай услубда ва нима билан бўлса ҳам, найза, қопқон, тўр билан бўладими, ҳатто қўли билан ҳам ов қилиши ҳалол эмас. Аллоҳ таоло деди: “Эй иймон келтирганлар, эҳромда бўлган ҳолингизда овланадиган ҳайвонларни ўлдирманг”.

Сўнг овни ўлдирган кишининг жазоси қандай бўлишини баён қилиб бундай деди: “Ким ов ҳайвонларидан биронтасини қасддан ўлдирса”, яъни овлаб ўлдирса, “бунинг жазосига худди ўша ҳайвонга тенг келадиган чорва ҳайвонни сўйиши лозим бўлади”. Яъни қилмишининг жазоси сифатида чорва ҳайвонлардан катта-кичикликда ўзи ўлдирган ҳайвонга тенг келадиганини сўйиб, садақа қилиши керак бўлади. Туяқуш ўлдирган бўлса битта туя, буғу овласа битта сигир, кийик овлаб қўйса битта эчки сўйиб садақа қилади ва ҳоказо. Овлаган ҳайвонга тенг келадигани чорва ҳайвонлар ичида топилмаса, унда қийматини садақа қилади ва бунинг ўлчовини мусулмонлардан икки адолатли киши белгилаб беради. Бундаги ўлчовни овни ўлдирган кишининг ўзига ҳавола қилинмайди, чунки унинг нафси қийматда ўзи овлаган ҳайвон мислидан озроғини беришга ундаб қўйиши мумкин. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: “Унинг ўлчовини икки адолатли киши белгилаб беради”, деди. Адолатли киши деб катта гуноҳлардан сақланган ва аксарият ҳолларда кичик гуноҳлардан ўзини тийган мусулмон кишига айтилади.

Кўпчилик саҳобалар ва жумҳур уламолар сўзларига кўра, хато қилиб ов ўлдирган кишининг ҳукми унутган кишининг ҳукми каби бўлиб, иккисига ҳам каффорат вожиб бўлади.

Уни сўйиб, Ҳарамдаги фақирларга ҳадя қилиши…” Яъни эҳромдаги киши ўлдирган ов муқобилида унинг ўлчовини икки адолатли киши белгилаб берган чорва ҳайвонни Ҳарамга юбориши, ўша ерда сўйиб, гўштини фақир ва мискинларга тарқатиши лозим. Оятдаги Ҳарамдан мурод мўминлар орасида маъруф бўлган Каъбанинг тўрт тарафидаги Ҳарам ҳудудидир. Ҳарам ҳудудида сўйишга қодир бўла туриб, унинг ташқарисида сўйиш жоиз эмас.

Ёки унинг қийматича егулик тарқатиши…” Бу калималар мўминларга Аллоҳ таоло тарафидан енгиллик ва марҳамат қилинганини кўрсатади. Чунки сўйиши вожиб бўлган туя, сигир ва эчки каби чорва ҳайвони ўрнига унинг қиймати миқдорида егулик сотиб олиб, қачон имкон топса садақа қилишга рухсат берилиши Аллоҳнинг мўмин бандаларига меҳрибонлигидир.

Ё таом ўрнига бир кун рўза тутиши лозим бўлади”. Бу ҳам юқоридаги енгиллатишдан бошқа бир енгиллик ва мўминларга кўрсатилган марҳаматдир. Энди ов ўлдирган киши ҳар ярим соъ таом ўрнига, яъни икки ҳовуч буғдой, хурмо ё арпа ўрнига бир кун рўза тутиб беришига изн берилди. Қанча миқдорда таом бериши вожиб бўлса, камайтирмай шунча кун рўза тутиб беради.

Бу қилган қилмишининг оқибатини тотиши учундир”, яъни шариатга, Аллоҳнинг амр ва қайтариғига хилоф қилганига жазо бўлиши учундир.

Энди бу иш ҳаром қилинишдан илгари бунга қўл урганларни эса Аллоҳ афв қилди”. Аллоҳ таоло ушбу сўзи билан бу ҳукм нозил бўлишидан олдин ким ов қилган, ов ҳайвонларини ўлдирган бўлса, Аллоҳ фазли-марҳамати билан афв этгани, кечиб юборганини баён қилди.

Аллоҳ таолонинг: “Кимда ким ҳаром қилингандан сўнг бунга қасддан қайтса, албатта у Аллоҳнинг интиқомига йўлиқади” деган сўзларида қаттиқ таҳдид бор. Ҳатто баъзи салаф олимлари, ким бунга қасддан қайтса, ундан фидя қабул қилинмайди, деб айтганлар. Аммо жумҳур уламолар фикрига кўра, фидя қабул қилинади, аммо оқибатини Аллоҳга топширилади, У хоҳласа гуноҳидан ўтиб афв этади, хоҳласа азоб беради, Аллоҳ бунга қодир: “Аллоҳ қудратли, интиқом олишга қодир Зотдир”. Аллоҳ бандасига маъсиятига яраша азоб беришга қодир, азоб беришни истаса ҳеч ким тўсиб қола олмайди.

Шунинг учун ҳушёр бўлайлик, Аллоҳнинг амрларига хилоф қилишдан сақланайлик. Эҳромдалик ҳолимизда ов овлаш бўладими ё бошқами, гуноҳу маъсиятлардан тийилайлик. Аллоҳим, нафсларимиз ёмонлигидан бизларни Ўзинг сақла. Гуноҳ-маъсиятлардан узоқ, пок бандаларинг қаторида бўлишимизга муваффақ эт. Амин.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг